Ўзбекистон | 15:36 / 08.02.2022
33578
4 дақиқада ўқилади

Қўшфуқаролик учун жавобгарлик: Қонунчилик палатаси нега қонун лойиҳасини яширмоқда?

Халқ вакиллари қабул қилган қонунда Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлат фуқаролигини олган тақдирда давлат органларини хабардор қилмаса, жавобгарликка тортилиши мумкинлиги айтилганди.

Олий мажлис Қонунчилик палатасининг 2021 йил 24 август куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар қўшфуқаролик учун жавобгарлик назарда тутилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилганди. Бу ҳақда қуйи палата депутати Фарҳод Ашматовга асосланиб Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган, шунингдек ушбу ўзгариш ҳақида ИИВнинг «Постда» нашрида ҳам мақола чоп этилган.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Халқ вакиллари қабул қилган қонунда Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлат фуқаролигини олган тақдирда давлат органларини хабардор қилмаса, жавобгарликка тортилиши мумкинлиги айтилганди.

«Айрим давлатларда қўшфуқаролик қонун билан тақиқланмагани сабабли амалиётда Ўзбекистон фуқаролари хорижда ўзлари бўлиб турган мамлакат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатлари учрамоқда. Шунингдек, ваколатли давлат органларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилган, лекин амалдаги қонунларга асосан, фуқароларда ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд эмас», - деган депутат Фарҳод Ашматов.

Фуқароларнинг масъулиятини ошириш учун қабул қилинаётгани айтилган қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинади;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилади;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади;
  • давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини олгани ҳақида белгиланган муддатда хабар бермагани учун жавобгарлик белгиланади.

Парламент қуйи палатаси деярли ярим йил аввал қабул қилиб бўлган ушбу қонун лойиҳаси ҳозир қаердалиги номаълум бўлиб қолмоқда. Хусусан, Сенат матбуот хизмати Kun.uz’га «мазкур қонун лойиҳаси Сенатга келиб тушмагани»ни маълум қилди.

Ваҳоланки, қуйи палатада учинчи ўқишда қабул қилинган қонунлар – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда Қонунчилик палатасининг регламентига мувофиқ, ўн кун ичида Сенатга юборилиши керак эди.

Шунингдек, ушбу ўзгартиришлар бўйича бирор марта расмий хабар бермаган қуйи палата матбуот хизмати Kun.uz сайтининг ушбу қонун лойиҳасини сўраб қилган мурожаатига ҳам 4 ойдан буён жавоб бермаяпти.

Ушбу ҳолатда қонун ишлаб чиқувчилар томонидан Конституциядан ташқари камида яна иккита қонун талаблари бажарилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 84-моддасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Сенатга юборилиши белгиланган. 

Худди шу тартиб «Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг регламенти тўғрисида»ги қонуннинг 15-моддасида ҳам мустаҳкамланган.

Бундан ташқари, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 35-1-моддасига мувофиқ, оммавий ахборот воситаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот олишга доир сўрови кўпи билан етти кун муддатда кўриб чиқилиши керак.

Сўров рад этилган тақдирда, оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилади, дейилади қонунда.

Мавзуга оид