Муҳиддин Жўраев Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди
Ички ишлар вазирининг шахсий таркиб бўйича буйруғи билан лавозим тайинлови амалга оширилди. Бу ҳақда ИИВ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти хабар берди.
Полковник Муҳиддин Жўраев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар М.Жўраев Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилган.
Полковник Муҳиддин Жўраев 2014-2016 йилларда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ИИБ бошлиғи, 2016-2018 йилларда Сирдарё вилоят ИИБ бошлиғи, 2018-2019 йилларда ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимларида ишлаган. Шунингдек, 2019 йил июлида Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти лавозимини эгаллаган.
У 2019 йилнинг ноябрь ойи охирларида президент қарори билан ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидан озод қилинганди. 2020 йилнинг февралида эса Қўқон шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган, 2020 йил сентябр ойида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.
Маълумот учун, 2019-2020 йилларда Тергов департаменти бошлиғи бўлган Дониёр Тошхўжаев 2020 йил январида Фарғона вилояти ИИБга бошлиқ бўлиб кетганди.
Муқаддам Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган Тошхўжаев 2019 йил январидан 2019 йил ёзига қадар Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаганди.
Дониёр Тошхўжаев 2019 йилнинг июнида Акром Бобохонов ўрнига Ички ишлар вазир ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди. 2020 йил январ ойида эса Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи сифатида иш бошлаганди.
Кеча, 11 феврал куни президент раислигидаги видеоселектор йиғилишида Наманган вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Одил Отахўжаев лавозимидан озод этилганди.
Шунингдек, Қашқадарё вилояти ИИБ бошлиғи Шуҳратжон Сотволдиевга қатъий огоҳлантириш берилган, Андижон ва Самарқанд вилоятлари ЙҲХБ бошлиқлари ишдан олинган.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024
Фарғонада содир бўлган ЙТҲда вояга етмаган қиз ҳалок бўлди
10:16 / 12.11.2024