Ўзбекистон | 11:51 / 14.02.2022
2230
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган автоҳалокатни содир этган уқувсиз ҳайдовчи узоқ муддатга қамалди

У “Зарафшон-Навоий” йўналишида акасига тегишли Lacetti машинасини бошқариб келаётиб, қувиб ўтиш қоидаларини қўпол равишда бузган. Оқибатда Lacetti қарама-қарши йўналишда келаётган Nexia билан тўқнашган ҳамда 3 киши вафот этган.

Навбаҳор туманида яшовчи 27 ёшли Рамза Ҳамдамов 2021 йилнинг 12 август куни “Зарафшон-Навоий” йўналишида Lacetti машинасини бошқариб келаётиб, Конимех тумани ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А-379 автомобиль йўлининг 81-82 километри оралиғида қарама-қарши йўналишда келаётган Nexia машинаси билан тўқнашиб кетган. Автоҳалокат оқибатида Nexia машинаси ҳайдовчиси ва 1 нафар йўловчи шифохонада, яна бир нафар йўловчи эса воқеа жойида вафот этган.

2022 йил 9 февраль куни жиноят ишлари бўйича Конимех туман судида мазкур автоҳалокатга доир иш кўриб чиқилган ҳамда Lacetti ҳайдовчиси Рамза Ҳамдамов Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Судда Lacetti машинасида йўловчи сифатида келаётган жабрланган фуқароларнинг барчаси Рамза Ҳамдамов машинани уқувсиз бошқарганини таъкидлашган.   

Жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди раиси Мақсуд Райимовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, суд ҳукми билан Рамза Ҳамдамов 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Шунингдек, унга 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, автоҳалокат оқибатида Nexia машинасига етказилган 42 млн 140 минг сўм зарар ундириладиган бўлди. 

Мавзуга оид