Ўзбекистон | 18:37 / 14.02.2022
56972
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автомобиль учун олдиндан тўлов миқдори 85 фоиздан 50 фоизгача пасаяди

UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдори 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтирилади, 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатлар тўлиқ бартараф этилади. Бу ҳақда президент томонидан машинасозлик саноатига доир йиғилишда «Ўзавтосаноат» раиси Шавкат Умурзоқовга топшириқ берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев ҳузурида 14 февраль куни машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бошланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Қайд этилишича, сўнгги тўрт йилда тармоқни трансформация қилиш бошланиб, «Ўзавтосаноат»га хорижий мутахассислар олиб келинган. Хорижий компаниялар иштирокида янги корхоналар ташкил этиш ва акциз солиғини бекор қилиш орқали соҳада рақобат муҳити яратилган.

Натижада ўтган тўрт йилда автомобиль ишлаб чиқариш ҳажми 1,8 баробарга, тармоқ экспорти эса 2,7 баробарга ошган. Шунингдек, 2,6 минг турдаги бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилган.

UzAuto Motors Fitch Ratings ва Standard and Poor’s халқаро агентликларидан «барқарор» кредит рейтингларини олиб, халқаро молия бозорида 300 миллион долларлик евробонд жойлаштирган.

«Ўзавтосаноат» раҳбарига муҳим топшириқлар

Президент соҳага масъул «Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқовга ишлаб чиқаришни ошириш ва аҳоли талабини тўлиқ қондириш бўйича тинимсиз ишлаши шартлигини кўрсатиб ўтди.

Шунингдек, жаҳонда микрочиплар ишлаб чиқариш ва халқаро логистика билан боғлиқ муаммолардан келиб чиқиб янги ёндашув ва ечимлар топиш зарурлиги қайд этилган.

Умуман, машинасозлик тармоғи саноатнинг «драйвер» соҳаларидан бири бўлиши кераклиги таъкидланди.

Бу борада, беш йиллик Тараққиёт стратегиясида автомобиль ишлаб чиқаришни 1,4 баробарга, экспортини эса 2 баробарга ошириш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан 1 майга қадар автомобиль харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш, UzAuto Motors автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтириш вазифаси қўйилди.

Шунингдек, Шавкат Умурзоқов зиммасига бир ҳафта муддатда автомобиль савдосида очиқ-ошкора ва инсон омилидан холи тизимни йўлга қўйиб, сунъий навбатлар ва коррупцион ҳолатларни таг-томири билан йўқ қилиш учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Мавзуга оид