Жаҳон | 17:16 / 15.02.2022
28097
11 дақиқада ўқилади

Немисларга хос бўлмаган қатъиятсизлик. Германия канцлери нега Украина муҳокамасига кеч қўшилди?

Германия канцлери Олаф Шольц душанба куни Киевга борди ва Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашди. Бугун канцлер Москвада Путин билан ҳам учрашув ўтказмоқда.

Фото: AFP

Шольцнинг Москвага ташрифи НАТО давлатларининг унга нисбатан танқиди фонида амалга ошмоқда. Кўпчилик минтақанинг кучли давлати бўлмиш Германия Украина инқирозига жуда кеч қўшилганидан норози бўлди. Шольц бу масалада ҳаракатсизлиги сабаб Германиянинг ўзида ҳам танқидга учради. Россия Украинага бостириб кирган тақдирда «Шимолий оқим-2» тўхтатиб қўйилиши ҳақида ҳам очиқчасига гапира олмаган Шольц Германия рус газига боғланиб қолгани ҳақидаги гап-сўзлар болалашига сабабчи бўлди.

BBC рус хизмати бу вазиятни «стратегик ноаниқлик» деб баҳолади.

Россия ва НАТО давлатлари ўтган йил ноябридан буён алянс кенгайиш-кенгаймаслиги борасида фикрлар хилма-хиллигини бир-бирига билдириб келмоқда. Декабр ойида Меркелнинг ўрнини эгаллаган бўлса-да, Шольц бу можарога аралашишга шошилмади. Февралга келиб мамлакат ичида ҳам кескин танқидларга учрагач, Шольц вазиятга аралашишга мажбур бўлди: Вашингтонда Байден билан кўришди, Франция, Польша ва Болтиқбўйи давлат раҳбарларини Берлинда қабул қилди, Киевга борди, бугун эса Путин билан учрашди.

Германия канцлери Россияни Украинага босқин қимматга тушишидан огоҳлантириш учун боришини айтган, аммо айнан қандай санкциялар назарда тутилганига аниқлик киритмаган. Унинг фикрича, бу борада «стратегик ноаниқлик»ни сақлаб турган маъқул, ҳамма карталарни столга ёйиб ташлаш ярамайди.

Шольц босқин ўрнига дипломатияни таклиф этиб, бу борада ёрдамга тайёрлигини билдирмоқчи. Норманд тўртлиги, ЕХҲТ, НАТО – Россия ва ҳатто АҚШ – Россия форматидаги мулоқотларда ҳам.

«Олаф қани?»

Германиядаги танқидчилар Шольц Россия ва Ғарбнинг Украина борасидаги баҳсларида йўқолиб қолганини қоралашди. Таққослаш учун, олдинги канцлер Ангела Меркел 2014-15 йилги музокараларда норасман Европа етакчиси сифатида иштирок этиб, Украина шарқида тинчлик келишувига эришилишига катта ҳисса қўшганди. Ҳозир эса Германия сояда қолиб кетди, Европа номидан Макрон фаоллашган, барча асосий масалалар эса АҚШ ва Россия ўртасида ҳал қилинмоқда.

Макрон Меркел кетгач, Европанинг янги етакчиси бўлиши тахмин қилинганди ва у ўз имкониятидан тўғри фойдаланяпти. Бу борада Германиянинг ўзида ҳам гапиришяпти. «Ҳозирги инқироз ҳолатида Макрон рулда, Шольц эса оддий йўловчидек кўринмоқда», деб ёзди бу борада Handelsblatt газетаси.

Ижтимоий тармоқларнинг немис сегментида #ОлафҚаерда? ҳэштеги оммалашди, ижтимоий сўровларда канцлернинг рейтинги тушиб кетаётгани кўринди.

Германиялик сиёсатшунос Марсел Дирсус Олаф Шольцга ундан олдинги канцлер билан таққослаб баҳо бериб бўлмаслигини таъкидлади. «Ангела Меркел аксар демократик раҳбарлардан кўра кўпроқ вақт ҳукуматда бўлди. Меркелнинг йилдан йилга ҳурмати ошиб, обрўси эгаллаб турган лавозимидан ҳам ошиб кетди. Бу Олаф Шольцнинг айби эмас, у эндигина лавозимига киришди», дейди сиёсатшунос.

Бундан ташқари, Шольц ва Меркелнинг сиёсий қарашларида ҳам фарқ бор. Янги канцлер социал-демократлар вакили. Бу партия аввалдан Россия билан мослашувчан муносабатларда бўлган. Меркел эса бу борада кескинроқ позициядаги христиан-демократлар вакили эди.

«Ҳар сафар гап Россия ҳақида кетганда социал-демократлар немис-рус муносабатлари асоси бўлган совуқ уруш давридаги ўзига хос шарқий сиёсатни қўллашга мойил бўлиб қолаверади. Чунки бу сиёсат социал-демократларнинг миясига қаттиқ ўрнашиб қолган», дейди сиёсатчи.

Шольцга доим социал-демократлар вакили бўлган собиқ канцлер Герхард Шредерни эслатишади. У айни дамда «Роснефт» ва «Шимолий оқим» газ қувури директорлар кенгаши раиси лавозимини эгаллаб турибди. Россиядан маош оладиган Шредер Украина борасида Кремлнинг позициясини «тўтидай такрорлайди», Киевни Донбассга нисбатан агрессияда айблайди.

Шредер билан таққослашлари жонига теккан Шольц CNN мухбири билан суҳбатда асабийлашиб шундай деди: «У (Шредер) ҳукуматда ишламайди, унинг гаплари ҳам ҳукуматнинг позициясини билдирмайди. Ҳозир Германия канцлери менман ва мамлакат сиёсий позициясини мендан эшитасиз».

Марсел Дирсуснинг фикрича, иттифоқчилари томонидан босим сабаб Шольц Украина инқирозида фаолроқ ҳаракат қила бошлади. Масалан, Берлин Литвага 350 нафар ҳарбий юборди. «Германия шунчалик ёмон ҳолатга тушдики, нимадир қилмаса бўлмасди», дейди сиёсатчи.

Рус гази

АҚШ президенти Жо Байден Вашингтондаги Шольц билан учрашувда агар Россия Украинага бостириб кирса, «Шимолий оқим-2» ҳақида унутиш мумкинлигини айтди. Аммо Шольц америкалик журналистларнинг газ ўтказгич борасидаги саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочди. Айнан немис томонининг «Шимолий оқим-2» борасидаги қатъиятсизлиги сабаб Украина президенти Германия ТИВ раҳбари Анналена Бербок билан учрашувни бекор қилди. Ваҳоланки Бербок хоним бир неча марта «Шимолий оқим-2»га қарши санкциялар ҳақида гапирган. У «Яшиллар» партияси вакили ва сайловдан аввал ғалаба қозонса, ушбу лойиҳа фойдаланишга топширилишига қаршилик қилишини айтганди.

Шольцнинг партиядошлари бўлган социал-демократлар орасида ҳам «Шимолий оқим-2» борасида фикрлар турлича. Масалан, Германия мудофаа вазири Кристин Ламберт очиқчасига бу муаммога алоқаси йўқлигини айтади. «Шимолий оқим-2»нинг охирги манзили бўлмиш Германиядаги Мекланбург шаҳри раҳбари Мануэл Швезиг газ қувурини қўллаб-қувватлайди. Бу сиёсатчи ҳам социал-демократлар вакили ҳисобланади.

Сиёсатчи Марсел Дирсуснинг айтишича, «Шимолий оқим-2»нинг Германия учун аҳамияти бўрттириб юборилган: «Менимча, «Шимолий оқим-2»нинг аҳамияти ошириб юборилмоқда. Украина бу борада Берлиннинг аниқ позициясини билишга ҳақли. Шахсан мен нега шундай позиция билдирилмаётганини тушунмаяпман».

Экспертнинг фикрича, Россия Украинага кирса, «Шимолий оқим-2» лойиҳаси барбод бўлади, чунки АҚШ бу борада қўлидан келганини қилади. Германияда рус гази Россияга боғлиқлик белгиси сифатида эмас, муносабатлар яхшилигининг исботи сифатида сотиб олиниши, аммо бундай эмаслигига ишонадиган германияликлар ҳам кўплиги қайд этилган.

Беш мингта каска

Берлин Украинага қурол юборишни тақиқламоқда. Масалан, мерганлар учун милтиқларни. Шунингдек, учинчи давлатларга Германияда ишлаб чиқарилган қуролларни Киевга юборишни тақиқламоқда. Эстония Германияда ишлаб чиқарилган замбаракларни Украинага айнан Германиянинг талаби билан юбора олмади. Ҳозирча Берлин Украинадаги ҳарбий дала ҳоспиталларини жиҳозлашга рози бўлган. Шунингдек, Украина армияси учун 5 мингта каска юборган.

«Немис сиёсатчилари Украинага нима юбормоқчи? Шлем? Бу бутун дунёга шарманда бўлиш-ку!» деди бу борада германиялик Нобель мукофоти лауреати Герта Мюллер.

Олаф Шольц эса Германия Украина учун ҳаммадан кўп иш қилганини айтади. Канцлерга кўра Германия охирги 8 йилда Украинага 1,8 миллиард еврога яқин маблағ ажратган. Шлем юбориш ҳақида эса, Шольцнинг айтишича, Украина томонининг ўзи сўраган.

«Германия ҳукумати бир неча йилдан буён бир хил позицияда собит турибди: биз можароли ҳудудларга қурол юбормаймиз. Шу жумладан, Украинага қирғин қуролларини юбормаймиз», деди Шольц немис телеканалида чиқиш қилар экан. Аммо экспертларнинг фикрича, канцлер ҳақиқатни гапирмаган. Чунки Германия охирги йилларда Миср, БАА ҳамда Саудияга қурол етказиб берган. Бу давлатлар эса Яманга қарши урушда иштирок этиши маълум.

Шольц коалиция бўйича ҳамкорларининг позициясини ҳам ҳисобга олишга мажбур / GETTY IMAGES

Эксперт Марсел Дирсуснинг фикрича, Германия Россияга нисбатан бошқа муносабатда бўлишига Иккинчи жаҳон уруши сабаб. «Нацистлар Германияси миллионлаб русларнинг ўлимига сабаб бўлган ва буни шунчаки унутиб юбориш имконсиз. Немислар ҳар сафар Россия билан муносабатлар ҳақида гапирганда, ўша етказилган зарарларни ўйлайверади. Бу эса охир-оқибат муносабатларда Россия фойдасига хизмат қилади», дейди эксперт.

Чиндан Германияда немис қуроли яна россиялик аскарга қаратилишига йўл қўйиб бўлмайди деган тушунча мавжуд. «Аммо ўша вақтда немислар нафақат русларга, балки украинларга ҳам зарар етказганини унутмаслик керак», дейди эксперт.

Экспертнинг тусмолича, 1990 йилда Берлин девори қулаши ва Германия бирлашиши воқеаси учун ҳам Германияда Россия олдида қарздорлик ҳисси бордек: «Америкаликлардан фарқли ўлароқ, немисларда совуқ урушда ғалаба қозондик, деган тушунча йўқ. Берлин девори дипломатия ва Москванинг бирлашишга розилиги сабаб бузилди. Шу сабаб Германия Россия олдида қарздорлик ҳис қилади, менимча».

Жаноб Дирсуснинг фикрича, Германия мамлакат ичидаги жамоатчилик фикри сабаб ҳам Украинага қурол юбормаяпти. Ижтимоий сўровларга кўра, немисларнинг 70 фоизи Украинага қурол юборишни қўлламайди. «Қайта сайланмоқчи бўлсанг, жамоатчилик фикрини инобатга олишга мажбурсан. Сиёсатчилар эса қайта сайланишни истайди, ҳар ҳолда демократик давлатларда шунақа», дейди эксперт.

«Германия Украина учун ҳаммадан кўп иш қилди»

Шольц ва Зеленский учрашувдан кейинги матбуот анжуманида. Фото: IRINA YAKOVLEVA/TASS

Олаф Шольц 14 феврал куни Украинага ташрифи чоғида мамлакат Украина учун мисли кўрилмаган катта ёрдам бераётганини, ҳеч ким бу борада Германиянинг олдига туша олмаслигини айтди. Шольц Германия охирги йилларда 1,8 миллиард евро миқдорида ёрдам ажратганини эслатди. Шунингдек, 150 миллион евро миқдоридаги келишилган кредит тезлаштириб берилиши, қўшимчасига эса яна 150 миллион евро кредит ажратилишини таъкидлади.

«Охирги етти йил давомида ҳеч бир давлат Украинани Германия каби молиявий қўллаб-қувватлагани йўқ. Сизни ишонтириб айтаманки, биз бу кўмакни ҳозирги қатъий руҳда давом эттирамиз», деди Шольц.

Канцлер Украина ҳудудий яхлитлиги муҳокама мавзусига айланмаслиги кераклигини ҳам алоҳида таъкидлади: «Ураинанинг ҳудудий яхлитлиги Германия учун муҳокама мавзуси эмас».

Шольц Россия Украина чегарасида қўшин тўплашидан мантиқ йўқлиги ва вазиятни тезда юмшатиш шартлигини таъкидлади.

Германия етакчиси Зеленскийнинг кинояларига қарамай, Укрананинг НАТОга кириши кун тартибида турган мавзу эмаслигини таъкидлади. «Россия томони ҳатто кун тартибида турмаган мавзуни катта сиёсий муҳокамалар мавзусига айлантиргани жуда ғалати», деди Шольц.

Путинни огоҳлантирадими?

Кеча Киевда бўлиб қайтган Шольц бугун Кремлда Путин билан музокарага киришди. Ҳозирча учрашув ҳақида фақат Шольц коронавирусга тестни рус шифокори олишга қаршилик қилгани (тестни Германия элчихонасидан келган махсус шифокор олди) ва Макрон каби узун столда ўтириб гаплашгани аниқ. Хўш, Германия канцлери ўзи айтгани каби Путинни Украинага бостириб кириш оқибатидан огоҳлантира оладими?

Мавзуга оид