“Очиқ бюджет” ижроси Янгийўл ва Гулистон туманларида муаммога учради
Kun.uz таҳририятига очиқ бюджет порталида ташаббус ғолиби бўлган фуқаролардан мурожаатлар кела бошлади. Уларда порталда ғолиб бўлганига қарамай, тегишли лойиҳалар амалга ошмаётгани ҳақида сўз боради.
Тошкент вилояти Янгийўл тумани, Чангтепа маҳалласи фуқароларидан йўлланган мурожаатга кўра, маҳалладаги Жўн каналидан 5-умумтаълим мактабига ўтувчи кўприкни қайта қуриш ташаббуси Очиқ бюджет порталига киритилган. 2021 йил 13 августдан 2 сентябргача давом этган овоз бериш жараёнида мазкур ташаббус туман миқёсида ғолиб деб топилган.
“Кўприк ҳеч қандай стандартларга тўғри келмайди. Ундан ўтувчилар учун хавф туғдиради. Юзлаб маҳалла болалари кўприкдан ўтиб мактабга бориб-келади. Кўприкни қайта қурдириш учун “Очиқ бюджет” дастурида ташаббус билан чиқдик.
Лекин танловда ғолиб бўлган бизнинг ташаббус ҳали бошлангани йўқ. Бу масалада Янгийўл тумани ҳокимига, Тошкент вилояти ҳокимига ва Молия вазирлигига мурожаат қилганимизга қарамасдан, амалий натижа йўқ”, – дейди маҳаллада яшовчи фуқаро Икром Рихсибоев.
Лойиҳага 100 млн сўм ажратилиши керак бўлган.
Маҳалла аҳлининг вилоят ҳокимига йўллаган мурожаатига жавобан вилоят молия бошқармасининг маълум қилишича, кўприк қуриш учун сўралган 100 млн маблағ ажратилиб, махсус ҳисоб рақамига ўтказилган. 2021 йил 9 декабрда Ободонлаштириш бошқармаси томонидан кўприк қуриш учун танлов эълон қилинган. Бироқ белгиланган муддат давомида бирорта ҳам таклиф келиб тушмаган. Қўшимча қилинишича, айни вақтда қайта танловга эълон берилмоқда ва мурожаат ижроси таъминланади.
Икром Рихсибоевнинг қўшимча қилишича, Очиқ бюджет-2021 овоз бериш натижаларига кўра Янгийўл туманида 2-ўринни эгаллаган Мономарказни таъмирлаш ташаббуси учун 900 млн сўм ажратилиб, 2021 йил охирида барча ишлар тамомланиб, бино фойдаланишга топширилган.
Шунга ўхшаш яна бир муаммо Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, Зарбдор ҚФЙ аҳолисини қийнамоқда.
Мурожаатда айтилишича, 2021 йил августида Зарбдор қишлоғи фуқаролари қишлоқнинг газ тизимини янгилаш ташаббусини openbudget.uz сайтига жойлаштирган. 308 киши овоз бериб, 2021 йил сентябрида ташаббус ғолиб деб топилган.
Ташаббусни молиялаштириш учун Молия вазирлигидан Гулистон тумани молия бўлимига 500 млн сўм маблағ ажратилган. Аммо шу кунгача ташаббус амалга оширилмай келмоқда.
“Ташаббус ғолиб деб топилиб, 500 млн маблағ ажратилган бўлса-да, қишлоғимизни газ билан таъминлаш ишларига панжа ортидан қаралмоқда. Туман ҳокимлиги мансабдорлари турли баҳоналар билан лойиҳа ижросига тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, улар маблағнинг сарфланишини назорат қилиш учун қишлоқ фуқароларидан вакиллар ажратилишига ҳам қаршилик қилмоқда. Бундан мақсадлари нима, билмаймиз. Лойиҳани чўнтак фирмаларга топшириб, маблағларни талон-торож қилишмоқчи шекилли. Мурожаат қилмаган ташкилотимиз қолмади”, – дейди Зарбдор қишлоғида яшовчи Ўсарқул Абдусаидов.
Унинг айтишича, 500 млн сўм маблағ тушунарсиз равишда Гулистон тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига ўтказиб берилган ва ҳозирда маблағ ушбу ташкилот ҳисоб рақамида сақланмоқда.
Маълумот учун, “Очиқ бюджет” портали (openbudget.uz) 2018 йил 22 августдаги ПҚ-3917-сонли президент қарори билан ташкил этилган. Портал бевосита фуқаролар ташаббус ва талабларини инобатга олган ҳолда ҳудудлардаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида ташкил этилган.
Портал 2021 йил июл ойида ишга туширилиб, лойиҳанинг биринчи босқичи сентябрь ойигача давом этганди.
2021 йил 13 апрелдаги ПҚ-5072-сонли президент қарорига асосан республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини “Очиқ бюджет” портали орқали жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтириш бўйича янги тартибни жорий этиш белгиланди.
“Очиқ бюджет” порталидаги ташаббус маъқулланиши учун 2та мезонга тўғри келиши керак:
1. Таклиф суммаси 1 млрд сўмдан ошмаслиги;
2. Шахсий манфаатга қаратилган бўлмаслиги.
“Openbudget.uz” аxборот портали орқали таклиф қолдириш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:
Биринчи навбатда, порталда рўйхатдан ўтилади. Рўйхатдан ўтиш ва овоз бериш жараёнларида Ўзбекистон Республикасининг вояга етган барча фуқаролари иштирок этиши мумкин.
Таклиф қолдириш жараёнлари 20 кун давом этади.
Фуқаролар томонидан билдирилган таклифлар туман/шаҳарда ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан 10 кун давомида модерациядан ўтказилади.
Модерациядан ўтказилган таклифларга аxборот портали орқали 20 кун давомида овоз бериш жараёни ўтказилади.
Овоз бериш жараёни якунларига кўра, ҳар бир ҳудудда энг кўп овоз тўплаган таклифлар ғолиб деб топилади ва таклифларга берилган овозлар сонидан келиб чиқиб юқоридан пастга қараб саралаб олинади ва молиялаштирилади.
Айни дамда 2022 йил учун ташаббусли бюджет жараёнининг дастлабки босқичи бошланган бўлиб, таклиф қолдириш 20 кун (жорий йилнинг 21 февралигача) давом этади.
P.S.: мазкур мақола эълон қилингач, унга Молия вазирлиги томонидан тезкор реакция билдирилди. Айни дамда Янгийўл ва Гулистондаги лойиҳалар масъуллар томонидан қайта кўриб чиқилаётгани ҳақида маълумотлар олинди.
Мавзуга оид
20:35 / 07.11.2024
2 туп чинорни кесган шахс табиатга 199 миллион сўм зарар етказди
16:12 / 05.11.2024
Янгийўлда “дом” қурилиши ишлар сифатсиз бажарилгани учун тўхтатилди
22:34 / 03.10.2024
Янгийўлда хонадондан қочиб кетган илонлар тутилди – ИИББ
15:11 / 03.10.2024