Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғиждувондаги можароли қурилиш: Ҳоким бировларнинг ерини бошқа тадбиркорга бериб юборган
Бухоро вилояти Ғиждувон шаҳрида икки тадбиркорнинг харид қилган ер майдонини туман ҳокимлиги қонунга зид тарзда захирага қайтариб олиб, бошқа тадбиркорга ажратиб берган. Энди улар судлашишмоқда. Ҳудудда эса аллақачон янги қурилиш қад ростлаган.
Kun.uz’га мурожаат қилган тадбиркорлар бир пайтлар сотиб олганмиз, дея даъво қилаётган қурилиш ости майдонида ўзга тадбиркор Давлат хизматлари маркази ва Халқ қабулхонаси қураётганини қалқон қилиб, аслида 7 қаватли турар жой биносини бунёд этаётганини иддао қилишмоқда. Тадбиркорлар бу жойни қайтариб олиш бўйича жиноий, иқтисодий ва маъмурий судларга мурожаат қилиб, ютишган бўлса-да, қурилиш ишлари бир зум тўхтамасдан давом эттирилаётганини айтишди.

Энди воқеаларни хронологик тарзда ҳикоя қиламиз. Вазиятга ўзингиз холисона баҳо беринг.
2007 йилда «HAZORBOG‘» фермер хўжалиги раҳбари Исмоил Солиев Абдулла Қаҳҳор кўчасида жойлашган, юзаси 1700 кв.м. бўлган турар жой биносининг пойдевор қисмини, 2008 йилда «FIRDAVS BAFOEV» хусусий фирмаси шу жойдан умумий юзаси 1500 кв.м бўлган уй-жой қуриш учун мўлжалланган қурилиши тугалланмаган котлованни олди-сотди шартномасига асосан «Бухоротекс» ОАЖдан сотиб олишади.



Бироқ бу икки тадбиркорга тегишли ер майдони билан қўшиб ҳисобланганда жами 4800 кв.м. жой Ғиждувон туманининг аввалги ҳокими Мурод Умаровнинг аввал 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли қарори билан давлат захирасига қайтариб олинган, кейинроқ 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарори билан «HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонасига бериб юборилади: Халқ қабулхонаси биноси ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида қўшимча бинолар қуриши учун.


Аризачиларга кўра, улар ҳоким қарорларини бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилиб, ютган бўлишса ҳам, бинонинг қурилиши бир зум тўхтаган эмас. Яъни суд ажрими ва қарорлари ижроси амалда бажарилмаяпти.
Қайд этиб ўтиш керак, Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судининг 2021 йил 12 ноябрдаги ҳукмига кўра, «HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонаси раҳбари Ҳаким Баракаевнинг ҳаракатларида мансаб сохтакорлиги жиноятига иштироки ва ўзбошимчалиги учун унга ЖКнинг 28-, 209 ва 229-моддалари билан 1 йил-у 8 ойга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Тадбиркорларга «Нега 2007-2008-йилларда қўлга киритилган майдонда тайинли қурилиш ишлари олиб борилмади?» дея савол берганимизда, тадбиркорлар шунча йил ичида туман ҳокимлиги қурилиш бўлими уларнинг лойиҳаларини тасдиқламасдан келгани, алалоқибат уларга тегишли ерни тортиб олиб, бошқа тадбиркорга тортиқ қилиб юборишганини билдиришди.
Биз мазкур ҳолат юзасидан «HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонаси вакилларига ҳам микрофон тутдик. Корхона юристи вазиятни шундай изоҳлади: корхона ер майдонини мутлақо қонуний асосларда қўлга киритган. Хусусан, 6 млрд сўм сарфлаб, Давлат хизматлари маркази ва Халқ қабулхонаси туман аҳолисига беминнат топширилади.
Юристга кўра, турар жойнинг котловани ва пойдевори аризачи тадбиркорлар томонидан 2007 ва 2008-йилларда харид қилинган бўлса-да, ўтган 12-13 йил ичида ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаган. Тегишли тарзда давлат рўйхатига олинмаган, солиқлар тўланмаган. Аммо уларнинг бу важлари судда инобатга олинмаган.

«HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонасига ер майдони 2020 йил октябрь ойида ажратиб берилган. Жойнинг сунъий йўлдош архив тасвирларидан кўринадики, 2017 йилдаёқ ҳудуддаги чала қурилишлар бузиб ташланган, майдон текисланган, 2020 йилгача ҳеч нарса қурилмаган. Яъни корхонага ер ажратиб берилганида бу ерда улар ҳеч нарса бузишмаганини даъво қилмоқда.





Шу маҳаллада яшовчи маҳалла раиси ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари раисларига микрофон тутганимизда қурилиш ишлари олиб бораётган «HAFIZBEK MIRZO» корхонасини алқашди. Чунки бу ҳудудда аввалги 12-15 йилда ҳеч қандай ободончилик ишлари олиб борилмаган. Тадбиркорлар автомобилларни ювиш шохобчаси очиб, маҳалла аҳлига кўп ноқулайликлар келтиришганини айтиб беришди. Чала қурилишдан эса икки марта инсон жасади топилган экан.

Бироқ қурилишни олиб бораётган «HAFIZBEK MIRZO» корхонасига туман ҳокими ерни дастлаб 2020 йил 22 августда ажратиб берган бўлса-да, 2020 йил март ойида коинот туширилган фотодан кўриниб турибдики, ер майдони контури бўлажак қурилиш қилиш учун аллақачон ўраб олинган бўлган. Яъни ерни аввалроқ ҳоким Ҳаким Баракаевга оғзаки равишда бериб бўлган. Ҳужжатлар бўлмаса-да, бу ерда қурилиш ишлари олиб бориш режа қилинган.

Юрист Яндаш Азимовнинг айтишича, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 19 майдаги ҳал қилув қарори Навоий вилоят маъмурий судининг апелляция инстанцияси томонидан 2021 йил 5 август куни бекор қилиниб, янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига жўнатилган. Бироқ иш шу вақтгача қайтадан кўрилмаган.

Ниҳоят, 2022 йил 4 февраль куни Бухоро туманлараро маъмурий суди Ғиждувон туман ҳокимининг 2020 йил 22 август кунидаги 616-сонли ва 2020 йил 31 октябрдаги 766-сонли қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарорини чиқарган.

Айни пайтда «HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонасининг ерга эгалик қилиш ҳуқуқини берувчи ҳоким қарори кучга эга бўлмай қолди. Юқорида таъкидланганидек, корхона раҳбари Ҳаким Баракаев шу иш юзасидан судланишга ҳам улгурган.
«HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонаси раҳбари Олий суднинг жиноят ишлари ва иқтисодий ишлар бўйича кассация судлов ҳайъатларига кассация шикоят аризаси киритган.
Мурожаатчи тадбиркорлар турар жой қурилиши тўхтатилиб, зудлик билан бузилишини, уларнинг ер майдонлари қайтариб берилишини исташмоқда. Чунки уларнинг ҳуқуқлари поймол этилиб, қонуний тарзда қўлга киритган ер майдонлари туман ҳокимияти томонидан тортиб олинган. Тадбиркорларга кўра, судлар бу ҳолатни адолатли баҳолаб, уларнинг топталган ҳуқуқларини тиклаган ва ҳоким қарорлари бекор қилинган.
Ҳозир бу манзилда қурилиш ишлари давом эттирилмоқда, чунки «HAFIZBEK MIRZO» хусусий корхонаси 2020 йил 29 йил октябрда Бухоро вилоят ҳокимлиги билан шартнома имзолаган. Шартноманинг 1.1 бандида вилоят ҳокимлиги ер ажратиш, архитектура ҳужжатларини расмийлаштириш, коммуникация ишларни ўтказиб бериш, кадастр қилиш каби мажбуриятларни ўз зиммасига олган. Суд мазкур шартномани бекор қилмаган. Иккинчи томон шу важдан ишлар тўхтамасдан давом эттирилаётганини билдирди. Яъни вилоят ҳокимлигига ишонилмоқда.

Хуллас, Ғиждувонда туманнинг собиқ ҳокими Мурод Умаровнинг ғалати қарорлари асосида юзага келган чигал воқеалардан яна бири билан таништиришга ҳаракат қилдик. Ҳар икки томондан сўраганимизда ҳам улар муросага эриша олмаган. Тўғрироғи, мурожаатчи тадбиркорлар нима қилиб бўлса ҳам ўз ерини қайтариб олмоқчи.
Сиз нима фикрдасиз?! Мазкур вазиятда ким ҳақ-у, ким ноҳақ?
Фикримизча, бу машмашаларга фақат Олий суд ўзининг якуний хулосасини бериб, нуқта қўя олади. Биз эса воқеалар ривожи нима билан тугашини биргаликда кузатишда давом этамиз.
Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов
Мавзуга оид
13:48 / 18.04.2025
Ҳудудларда ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди
16:12 / 31.03.2025
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш тартиби ўзгартирилди
11:13 / 31.03.2025
Томорқадан самарасиз фойдаланганларга кўриладиган чоралар ишлаб чиқилди
11:33 / 28.03.2025