Ўзбекистон | 19:43 / 21.02.2022
2166
2 дақиқада ўқилади

Навоийда 2021 йилда 38 та ташкилотда 9 млрд сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган

Навоий вилоятида 2021 йилда 38 та муассасада 9 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Фото: KUN.UZ

Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоят прокурори Бахтиёр Аҳмедовнинг 2021 йил ҳудудда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан ахбороти тингланган.

Бахтиёр Аҳмедовга кўра, ўтган йилда вилоятда 385 нафар фуқарога кечиктирилган 830 млн сўм иш ҳақи, 11 нафарига 6 млн сўм пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилган. Шунингдек, давлат идораларининг мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бюджет маблағларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирларида 38 та ташкилотда 9 млрд сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Прокурор ўз ахборотида 2-сектор ҳудудида эҳтиёжманд оилаларга 781 млн сўмлик озиқ-овқат, 14 млн сўмлик дори-дармон, 923 млн сўм маблағ тарқатилганини ҳам таъкидлаб ўтган.

Олдинроқ вилоят прокурори Навоийда коррупция ва мансаб мавқейини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этгани учун икки йилда 120 нафар мансабдор шахс ва давлат хизматчиси жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилганди.

Мавзуга оид