Жаҳон | 19:11 / 21.02.2022
33932
3 дақиқада ўқилади

Россия чегарада украиналик разведкачилар ўлдирилганини хабар қилди

Россиялик ҳарбийлар мамлакат чегарасини бузиб ўтишга уринган беш нафар украиналик разведкачини ўлдиргани айтилмоқда. Украина барчасини рад этмоқда.

Фото: Manu Brabo / Getty Images

Чегара бузиб ўтилгани ҳақида Жанубий ҳарбий округ ҳамда Россия Федерал хавфсизлик хизмати бир-биридан фарқ қилувчи хабарлар тарқатди.

«21 феврал куни соат 09:00 лар атрофида Россия Федерал хавфсизлик хизмати чегарачилари Жанубий ҳарбий округ махсус кучлари билан ҳамкорликда Ростов областида Россия давлат чегарасини Украина томондан кесиб ўтишга уринган иккита ҳарбий машинадаги гуруҳни аниқлади. Қуролли қаршилик кўрсатган гуруҳ тўхтатилиб, йўқ қилинди», дейилади ФХХ хабарида.

Жанубий ҳарбий округ хабарига кўра, чегарани бузиб ўтмоқчи бўлган гуруҳ разведкачи диверсантлар бўлган. Округ хабарида ФХХ берган хабардагидан фарқли равишда, соат 06:00 да диверсант разведкачилар гуруҳи чегарани бузиб ўтишга урингани аниқлангани айтилган. ЖҲО хабарида эса иккита ҳарбий машина диверсантчиларни тезкор эвакуация қилиш учун Россия чегарасини бузиб ўтганини маълум қилган.

Икки хабарда ҳам отишма натижасида ҳарбий машина ва Россия чегарасини босиб ўтишга уринган 5 нафар украиналик йўқ қилингани таъкидланади. Россия томонида йўқотиш қайд этилмаган.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Украина ҳеч кимни разведка учун БТР билан Россия томонга юбормаганини маълум қилиб, чегара ҳудудида украиналик ҳарбийлар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Украина миллий хавфсизлик кенгаши бош котиби Алексей Данилов украиналик ҳарбийлар Донбассдаги отишмаларга алоқадор эмаслигини маълум қилган.

«Биз ўт очаётганимиз йўқ, бизнинг бу отишмаларга умуман алоқамиз йўқ. Биз улар истаганча фантазияга берилиши мумкинлиги, улар истаганини қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганмиз ва биз бунга тайёрмиз», деган Данилов.

21 февраль тонгида Россия ФХХ Украина ҳудудидан учирилган снаряд Ростов областининг чегара яқинида жойлашган чегара пунктини яксон этгани ҳақида хабар тарқатди. Россия Тергов қўмитаси хабар қилишича, идора раҳбари Александр Бастрикин ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатишга кўрсатма берган.

Reuters ўз манбаларига таяниб Россия ФХХ тарқатган хабарни фейк деб атади.

Ушбу воқеалар ортидан ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР раҳбарлари Денис Пушилин ва Леонид Пасечник Россия президенти Владимир Путиндан уларнинг мустақиллигини тан олишни сўраб мурожаат қилди. Айни дамда Путин раислигида Россия Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши ўтказилмоқда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид