Жаҳон | 10:48 / 21.02.2022
57236
6 дақиқада ўқилади

Россия ядро қуролларини «кўз-кўз қилди»: машғулотларда «душманни кафолатли йўқ қилиш»га эътибор берилди (видео)

Украина атрофида воқеалар кескинлашаётган бир вақтда Россия ўз ҳарбий қудратини кўрсатиб қўйишга қарор қилди. 19 феврал куни мамлакатда замонавий қуроллар иштирокида машғулотлар ўтказилди. Ядро қуроллари ҳам синалди.

Нега ядро қуролига эътибор берилмоқда?

Россия ҳарбий доктринасига кўра, мамлакат ўзига ва иттифоқчиларига қарши ҳарбий куч ишлатилса, ядро ёки бошқа кўринишдаги қурол орқали хавф туғдирилса, ўз ядро қуролидан фойдаланиши мумкин деб ҳисоблайди. Россия Стратегик ядро кучлари мудофаа вазирлиги қошида алоҳида бўлинма кўринишида фаолият юритади ва ядро триадаси деб ҳам юритилади.

2018 йил тақдим этилган маълумотга кўра, дунёда расман ядро қуролига эга 5 давлатдан бири бўлган Россияда 517та ядро қуроли мавжуд. Хусусан, минтақалараро баллистик ракеталар, сувости кемасидан учирилувчи баллистик ракеталар, қирувчи самолётдан ташланувчи 1420 ядро қувватига эга бомбалар. Бир сўз билан айтганда, булар оммавий қирғин қуроли ҳисобланади.

Россия ихтиёрида «Сатан», «Топол», «Ярс» ва бошқа турдаги ядро қуроллари мавжуд. Россия мудофаа вазирлиги томонидан ўтказилган машғулотларнинг айнан ядро ракеталари иштирокидаги қисмини Путиннинг ўзи шахсан кузатиб борди. Чунки тартиб шунақа: ядро қуролининг ҳар қандай кўринишда ишлатилиши бош қўмондон иштирокида амалга оширилиши керак. Путин Кремлда ташкил этилган махсус штабдан Александр Лукашенко билан бирга жараённи кузатди.

© Sputnik / Алексей Никольский

Ҳарбий машғулотларда Россия ҳарбий космик кучлари, Жанубий ҳарбий округ, Стратегик ракета кучлари, Шимолий ва Қора денгиз флоти иштирок этган. Машғулотларда гипертовушли аэробаллистик «Кинжал» ракеталари парвози амалга оширилган, ҳарбий флотлар эса кемалар ва сувости кемалардан «Калибр» қанотли ракетаси, «Циркон» гипертовушли ракетаси орқали белгиланган нишонни йўқ қилган.

Астрахандаги Капустик Яр полигонида «Искандер» ердан учирилувчи ракета комплексидан ҳам қанотли ракеталар учирилган. «Плесецк» космодромидан учирилган «Ярс» минтақалараро баллистик ракетаси Камчаткадаги «Кура» полигонига ўрнатилган шартли нишонни йўқ қилган. «Карелия» атом сувости кемасидан «Синева» ракетаси «Кура» полигони томон учирилган.

Кремлнинг маълумот беришича, барча ракеталар парвози муваффақиятли амалга оширилган, уларнинг барчаси белгиланган нишонларни йўқ қилган. Россия мудофаа вазирлиги онлайн форматда ўтган йиғилишда Владимир Путинга ўтказилган ҳарбий машғулотлар юзасидан ҳисобот берди. Россия бош штаби бошлиғи Герасимовнинг айтишича, машғулотларда эътибор «душманни кафолатланган аниқликда йўқ қилиш»га қаратилган.

«Қора чемодан», «қизил тугма»

Мудофаа вазирлиги ядро қуроллари иштирокидаги машғулотлар бўлиб ўтиши ҳақида бир кун аввал хабар берганди. Кремлда ҳам бу ҳақда анонс бериб, жараёнда Владимир Путин албатта иштирок этишини маълум қилинганди. «Шубҳасиз, бундай қуролларнинг синов парвози ҳам давлат раҳбарининг иштирокисиз амалга оширилмайди. «Қора чемодан», «қизил тугма» ва шунга ўхшаган нарсалар ҳақида биласиз-ку», деган Песков Путиннинг жараёнда иштирок этиши ҳақида гапирар экан.

Бир қадам орқага, кейин яна олдинга

Россия ядро қуроли Донецк ва Луганскда вазият кескинлашган, ўн минглаб одамлар Россия томонидан мамлакатга эвакуация қилинаётган вақтда амалга оширилди. Қизиғи, бироз аввал Россия мудофаа вазирлиги Украина чегарасида тўпланган ҳарбийлар ортга қайта бошлагани ҳақида хабар берган, бу эса гўёки чегарада вазият юмшаётганидан нишона эди. Қрим, Курск ва Брянскда машғулот ўтказган ҳарбийлар ортга қайтгани, Беларусда ҳам машғулотлар якунлангани айтилган. НАТО эса Россия деэскалациясига ишора берадиган ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини билдирганди.

Айнан қўшинлар қайта бошлагани ҳақида хабарлар фонида бирданига Луганск ва Донецкда яшаётганлар Украина томонидан хавф бўлаётганидан огоҳлантиришди, ўзини мустақил деб тан олган, Украина эса ўз вилояти деб ҳисоблайдиган ҳудуд раҳбарлари Киев ҳужум қилишга тайёрланаётгани ҳақида ваҳимали чиқишлар қилишди. Россия икки вилоятдан жами 700 минг кишини эвакуация қилиши, ҳар бир қочқинга 10 минг рублдан беришини маълум қилди.

Россия ядро қуроли синовларидан кейин эса Ғарб Украинага босқин тобора яқинлашаётганидан огоҳлантира бошлади. Байден Путин Украинага бостириб киришга қарор қилиб бўлганини айтди. Франция президенти Эммануэль Макрон эса «Европа етакчиси сифатида» яна Путинга алоқага чиқиб, Донбассдаги тинчлик борасида таклифларини берди.

Россия ядро қуролларини «кўз-кўз қилишидан» олдинроқ АҚШнинг хавфсизлик кафолати бўйича хатига жавоб берганди. Хатда анчадан буён тилга олинмаган стратегик ракета комплексларидан биргаликда воз кечиш келишуви ҳақида сўз боради. Шунингдек, АҚШ Европадан ядро қуролларини олиб кетиши кераклиги алоҳида таъкидланганди. Балки шунинг учундир Россия ядро қудрати қандайлигини бутун дунёга кўрсатиб қўйди. Зеро, АҚШга йўлланган хатда Россия ўзининг талаблари бефарқ қолдирилаётган бир вақтда «бошқача ҳаракат қилиш ва ҳатто ҳарбий-техник чоралар кўришга мажбур бўлиши» ҳақида ёзилганди.

Ўткир Жалолхонов
Муаллиф Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид