Жаҳон | 11:35 / 22.02.2022
48236
8 дақиқада ўқилади

Россия ҳарбийлари Донбассга юборилади

Ҳарбийлар бу функцияларни дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам шартномалари тузилгунга қадар бажаради.

Украина чегарасидаги машғулотлардан кадр / RUSSIAN DEFENCE MINISTRY

Владимир Путин Россия мудофаа вазирлигига россиялик ҳарбийлар ДХР ва ЛХРда «тинчлик сақланиши»ни таъминлаши бўйича кўрсатма берди, бу президентнинг тегишли фармонларида кўрсатилган. 

Путиннинг Донбассдаги республикалар мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонлари 22 февралга ўтар кечаси имзоланиб, ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинган.

«Донецк халқ республикаси раҳбарининг мурожаатидан келиб чиққан ҳолда Россия Федерацияси мудофаа вазирлиги ушбу фармоннинг 3-бандида кўрсатилган шартнома тузилгунга қадар Россия Федерацияси Қуролли кучлари Донецк Халқ Республикаси ҳудудида тинчликпарварлик функцияларини бажаришини таъминласин», дейилган ДХРни тан олиш тўғрисидаги фармон матнида.

Худди шу каби жумла ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикасининг тан олиниши тўғрисидаги фармонда ҳам келтирилган.

«Интерфакс» гувоҳларга асосланиб хабар қилишича, ДХР ҳудудига кўп миқдорда зирҳли техникалар киритилган. Зирҳли техникаларнинг иккита колоннаси ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республика шимолида ва ғарбида ҳаракатланган.

21 февраль куни кечқурун Путин телемурожаат қилиб, Россия ДХР ва ЛХРни мустақил давлатлар сифатида тан олишини маълум қилди. 2014 йилдан буён Москва Украина ҳудудий яхлитлигини бу қадар шубҳа остига қўймаганди.

Путин мурожаатининг асосий қисми тарихий тафсилотлардан иборат бўлиб, Путин Донбассдаги вазиятни қандай баҳолаши борасида маълумотлар жуда кам келтирилган. Бу ҳудудда ўтган ҳафтада вазият кескинлашган ва отишмалар бошланганди. Киев буни Украина чегаралари яқинида 100 мингдан ошиқ рус ҳарбийлари тўпланиши фонидаги провокация деб атади.

Киевга мурожаат қилар экан, Путин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилди ва «қон тўкилиши давом этиши учун жавобгарлик» ҳақида огоҳлантирди, аммо нимани назарда тутаётганига аниқлик киритмади.

Путиннинг давлат телевидениеси орқали чиқишидан кейин ДХР ва ЛХРни тан олиш тўғрисидаги фармонларни имзолаш маросими намойиш этилди. Энди ушбу фармондаги тафсилотлар маълум бўлмоқда.

«ДХР халқи иродасини инобатга олган ҳолда» ва «Украина Минск келишувларига зид ўлароқ зиддиятни тинч йўл билан ҳал қилишдан бош тортиши» туфайли Путин ўз фармони билан Украина шарқидаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикани тан олишга қарор қилган. Худди шу формулировка билан у ЛХРни ҳам тан олган.

Путин Россия ТИВга Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси билан дипломатик муносабатларни ўрнатиш учун музокаралар ўтказиш вазифасини юклаган.

«Тинчлик» сўзи Россиянинг 2008 йилда Грузия ҳудудида амалга оширилган операциясини номлашда ҳам қўлланганди, ўшанда гап «тинчлик ўрнатиш» ҳақида кетганди. Энди эса «тинчликни сақлаш бўйича функциялар» ҳақида айтилмоқда.

Киев сўнгги кунлар давомида Донбассга ҳужум амалиёти ўтказиш нияти йўқлиги ҳақида бот-бот такрорлаб келаётганди.

Ўтган йил октябридан буён АҚШ ва Европа мамлакатларининг Россия босқини ҳақидаги огоҳлантиришларини Украина ҳукумати жиддий олмай келаётган, Москва ҳам Украина ҳудудига ўз қўшинларини киритиш режаси йўқлигини қатъий айтаётганди.

Жума куни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР аёллар ва болалар Россияга эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилди, Россия қочқинларга молиявий ёрдам ва бошпана беришга тайёрлигини билдирган (Россиянинг 40га яқин региони қочқинларни қабул қилишга тайёрлигини билдирди). Кейинги куни ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикалар Украина армиясига қарши туриш учун ҳарбий хизмат ёшидаги эркаклар учун умумий сафарбарлик эълон қилди, ҳолбуки Украина томони Донбассга бостириб кириш режаси йўқлигини айтиб келаётганди.

Душанба куни ДХР ва ЛХР ҳукуматлари навбатдаги артиллерия зарбалари ҳақида маълум қилиб, Путинга ўз давлатларини тан олишни сўраб мурожаат қилишди. Бу мурожаат Россия Хавфсизлик кенгашининг шошилинч йиғилиши бошланиши арафасида янгради, навбатдан ташқари йиғилиш чоғида кенгаш аъзолари ДХР ва ЛХРни тан олиш ғоясини қўллаб-қувватлашди. Кечқурун Путин ўз қарори ҳақида телеэфирда эълон қилди ва бу Ғарбда кескин қарши олинди. У ердагилар бу қарор халқаро ҳуқуқ ва Донбасс бўйича Минск келишувларининг қўпол равишда бузилиши эканини айтишмоқда.

Путиннинг фармони имзоланган кундан кучга кирди.

ДХР ва ЛХРни тан олиш оқибатсиз қолмайди - Германия ҳукумати вакили Штеффен Хеберштрайтнинг маълум қилишича, Германия канцлери Олаф Шольц, АҚШ президенти Жо Байден ва Франция президенти Эммануэль Макрон иштирокидаги учтомонлама музокаралар якунида шундай хулосага келинган.

Украина президенти Владимир Зеленский душанба куни кечқурун Россия Хавфсизлик кенгашидаги йиғилишда айтилган гаплар юзасидан Франция ва Германия раҳбарлари билан шошилинч маслаҳатлашув ўтказган. Путиннинг республикаларни тан олгани ҳақидаги мурожаатидан кейин Зеленский твиттерда бу масалада Байден билан гаплашгани ҳақида ёзди.

Оқ уй хабарига кўра, Байден Зеленский билан суҳбатлашган ва унга Россиянинг ДХР ва ЛХРни тан олишига жавобан санкциялар қўллаш режалари ҳақида гапирган. Аввалроқ Оқ уй матбуот хизмати АҚШ президенти тез орада америкаликлар ДХР ва ЛХРга инвестиция киритиши, улар билан савдо қилиши ва уларни молиялаштиришини тақиқлаш кўзда тутилган фармонни имзолаши ҳақида хабар берганди. Бу санкциялар Россиянинг Украинага киришига қарши тайёрланган чора-тадбирлар пакетидан ташқарида  ҳисобланади. Кейинроқ Байден ДХР ва ЛХРга қарши алоҳида санкциялар тўғрисидаги фармонни имзолагани маълум бўлди.

Байден Макрон ва Шольц билан ҳам гаплашган, Оқ уй хабарига кўра, улар Путиннинг ДХР ва ЛХРни «мустақил» регионлар сифатида тан олишини «қатъий қоралашган».

Шольц ва Макрон ўтган ҳафтада Москвада Путин билан учрашишганди. Шу кунларда Путин Макрон билан телефон орқали икки бор гаплашди, мулоқотларнинг бири ярим тунда ўтказилган. Елисей саройи АҚШ ва Россия президентлари Украина атрофидаги инқироздан чиқишнинг янги дипломатик йўлини топиш учун саммит ўтказишга рози бўлганини хабар қилганди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг маълум қилишича, Украина Россиянинг Донбассда халқаро ҳуқуққа зид иш қилгани юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилган.

Бу вақтда Путин Россия, ДХР ва ЛХР ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам бўйича шартномаларни ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини Давлат думасига киритган.

«Интерфакс» ва «РИА Новости»нинг ёзишича, Россиянинг Донбассдаги республикалар билан дўстлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги икки томонлама келишувлари матнида чегараларни биргаликда қўриқлаш ва ҳарбий база ҳамда ҳарбий инфратузилмалардан биргаликда фойдаланиш имконияти кўзда тутилган. Яъни ЛХР ва ДХР чегаралари эндиликда Россия билан  биргаликда қўриқланади. Томонлар кейин яна автоматик янгилаш шарти билан 10 йилга шартнома тузади.

Мавзуга оид