Жаҳон | 15:33 / 25.02.2022
18381
6 дақиқада ўқилади

Ҳаракатчан, тозаликка ўч ва ўзини севувчи халқ – японларнинг узоқ яшаш сири нимада?

Японияда аҳолининг ўртача ҳаёт давомийлиги – 84,4 ёш. Японлар денгиз маҳсулотлари ва шакарсиз егуликларни кўп истеъмол қилади. Ишга пиёда ёки велосипедда боришни яхши кўришади, соғлигига жуда эътиборли. Бироқ бу халқнинг туғилиш ва никоҳ кўрсаткичи пасайиб бораётгани учун қариб бораётган жамият сифатидаги хавотирлари ҳам бор.

Фотоколлаж: Kun.uz

Японлар дунё бўйича энг узоқ умр кўрадиган халқлардан бири ҳисобланади. 2020 йилги статистикага кўра, Японияда ўртача ҳаёт давомийлиги – 84,4 ёш. Бу мамлакатда 100 ёшдан ошганлар ҳам кўп.

Японияда 1960 йилларда ўртача умр кўриш ёши анча қисқа – 66,4 ёш бўлган. Айни мана шу йиллардан бошлаб мамлакатда ўртача умр кўриш ёши узая бошлаган. “Европа клиник овқатланиш журнали” илмий нашри бунинг сабаблари ҳақида мақола эълон қилди.

Касалликлар камайиши

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўлим базаси маълумотларига кўра, ўтган асрнинг иккинчи ярмидан ёшга боғлиқ бўлган юрак-ишемик касалликлари, мия фаолияти билан боғлиқ касалликлар сабаб ўлимлар ҳамма мамлакатларда ҳам йилдан йилга камайиб борган ва бу ўртача умр кўрсаткичининг ҳам узайишига асосий сабаб бўлган.

Японияда саратон ва юрак-ишемик касалликларидан ўлим кўрсаткичи доимий равишда паст бўлган, бироқ ғарб давлатларига қараганда мия фаолияти билан боғлиқ касалликлардан ўлим кўпроқ кузатилган. Мия фаолияти билан боғлиқ касалликлар ҳам Японияда камая бошлагач, 1980 йилларда мамлакат ўртача умр кўриш ёши бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олди.

Японларнинг овқат рациони

БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотларига кўра, G7 давлатлари (Канада, Франция, Германия, Италия, Япония, Буюк Британия, АҚШ) ичида японияликлар гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, шакар ва ширинликлар, меваларни камроқ истеъмол қилади. Бироқ балиқ, денгиз маҳсулотлари, гуруч, соя ва чой истеъмоли Японияда юқорироқ.

Фото: Getty Images

Японияда шакар, картошка истеъмолининг камлиги ва кўк чой истеъмолининг юқорилиги семизлик ва семизликка алоқадор касалликларнинг камроқ кузатилишига ҳам ёрдам бераётган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, тадқиқотга кўра, японлар овқат рационига турли-туман маҳсулотларни киритишган: дон маҳсулотлари, сабзавотлар, мева, балиқ, сут ва шунга ўхшаш. Айни шу тарзда овқатланиш ҳам бу халқнинг узоқ умр кўришига сабаб бўлаётган асосий омиллардан бўлиши мумкин.

Қолаверса, халқаро нашрлар японларнинг узоқ умр кўриши сабабларига оид бошқа фактларни ҳам санаб ўтади.

“Икигаи” фалсафаси

"Икигаи" қадимги япон фалсафаси бўлиб, унга кўра одам фақат яшаши эмас, балки ҳаётдан мақсадини топишга ҳаракат қилиши ва ундан завқ ола билиши керак.

Бу фалсафа одамни ўз имкониятларини тўла намоён қила олишга ва потенциалидан тўла фойдаланишга рағбатлантиради. Психологларнинг фикрича, бунинг билан инсонда ўзига бўлган ишонч ва ўзини севиш кўрсаткичи ошади.

Яхши генетик келиб чиқиш

Японлар генетик келиб чиқиши жиҳатдан ёшга боғлиқ бўлган диабет, инсулт, юрак касалликларига камроқ чалинишга мойилдирлар.

Фото: japonalternativo.com

Жисмоний фаоллик

Японияда одамлар жуда фаол тарзда жисмоний ҳаракат қилади. Бу мамлакатда ҳатто кексаларнинг ҳам велосипедда ҳаракатланаётганини кўриш мумкин. Йўллар велосипедлар учун қулай: мактаб ўқувчиларининг 98 фоизи ўқишга ё пиёда ёки велосипедларда боради.

Фото: Getty Images

Масалан, Токио дунё бўйича велосипедлар учун энг қулай шаҳар ҳисобланади. Бу ерда кунлик ҳаракатланиш улушининг 16 фоизи велосипедларга тўғри келади.

Қолаверса, япон маданиятида ерда чўккалаб ўтириб овқатланиш, ишга бориш учун поездларгача пиёда етиб олиш одатлари ҳам сингиб кетган.

“Ҳара Хачи Бун Ме”

Бу ибора “80 фоиз тўйгунингча овқатлан” деган маънони билдиради. Бу қоидага амал қиладиган японлар ҳеч қачон то тўйиб қолгунларича овқатланишмайди. Сабаби, мияга қорин тўйгани ҳақидаги сигнал ҳам кечроқ боради.

Самарали тиббиёт тизими

Японияда тиббиёт тизими жуда яхши ишлайди. Давлат фуқаролар тиббий муолажаларининг 70 фоизгачасини, кам таъминланганларнинг эса 90 фоизгача бўлган харажатларини қоплаб беради. Қолаверса, таълим муассасалари ва ишхоналарда доимий тиббий кўрикдан ўтиб туриш одатга айланган.

Соғлигига эътиборли бўлиш – япон халқи маданиятининг бир бўлагига ҳам айланган. Одамлар бир йилда 13 мартагача тиббий кўрикдан ўтиш учун шифохоналарга бориб туришади. Бу эса касалликларни эрта аниқлаш имконини беради.

Кўк чой

Японлар бошқа ичимликларга қараганда одатий равишда кўк чойни кўпроқ қадрлашади. Кўк чой қон босимини нормаллаштиришда, иммун тизимини кучайтириш ва саратон касалликлари ҳимоясида яхши қўл келади.

Фото: Shutterstock

Оилавий бирдамлик

Японияда қарияларни ғамхўрлик уйларига топшириш ҳолатлари кам учрайди. Кексалар, одатда, оиласи билан бирга яшайди. Уларнинг оилавий хотиржамлиги ҳам ёшлари ўтгач бемалол умргузаронлик қилишларига ёрдам беради.

Узоқ умр кўриш яхши, лекин туғилиш камайяпти

Аҳолиси узоқ умр кўришига қарамасдан японлар жамиятининг ҳам жиддий муаммоси бор. Япония дунё бўйича аҳолиси энг кекса давлат ҳисобланади. 2050 йилга бориб аҳолисининг 35 фоизи 65 ёшдан ошиши кутилмоқда. Бу тренд иқтисодий ўсишни қийинлаштиради.

Пандемия шароитида фарзандли бўлишга қарор қилаётган оилалар сони кескин камайган. Пандемия авж нуқтада бўлган 2020 йилда Японияда туғилиш ва никоҳлар сони анча камайганди. Собиқ бош вазир Шинзо Абе бу ҳолатни “миллий инқироз” деб ҳам атаган.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид