Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Расмий Киев: «Зеленский кетса, ҳаммадан кейин кетади»
Украина президенти керакли эвакуация маршрути тайёрлаб қўйилган бўлса-да, мамлакатни тарк этишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда расмий Киев вакили, Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.
Расмий Киев позициясини эълон қилиб борувчи Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк 24 феврал куни россиялик журналистларни йиғиб, содир бўлаётган воқеалар хронологияси бўйича Киевнинг версиясини тақдим этди.
Унинг айтишича, мамлакатда аёвсиз жанг кетмоқда, Киев йирик шаҳарлардан бирини қамал қилишга уринишни кутмоқда. Россия Мудофаа вазирлигига кўра, Россия Украина шаҳарларига, ижтимоий объектларга ҳужум қилмаяпти. Киев эса бошқача маълумот беряпти. Қуйида Михаил Подолякнинг брифингдаги асосий гаплари келтирилади.
– Киев вақти билан соат 03:40 да ҳарбий объектларига зарба берилди. Киевга, Харьковга, ҳарбий тузилмаларга зарбалар берилди. Львов, Ивано-Франков, Луцк каби Украинадаги вилоят марказларига ҳам зарбалар берилди. Бу аниқ зарбалар аслида кутилганидек аниқ бўлмади.
– Киев вақти билан 05:30 да қуруқликдан операция бошланди. Суми ва Харьков чегараларига биринчи зарбалар берилди. Айниқса жанубий йўналишда қийин жанглар кетмоқда. Яъни Одесса, Херсон ва Сумида. У ерда нафақат ҳарбий тузилмалар, балки кўприклар, темирйўл, ижтимоий объектлар йўқ қилинмоқда.
– Россия ҳарбийларининг кейинги вазифаси манзилли десантчилар ёрдамида ҳаракатланиш бўлди. Киевга ҳам десантчи туширишга ҳаракат қилишди, Гостомел аэропорти учун жиддий жанглар кетмоқда. Россия армиясининг асосий мақсади Украина ҳукумати раҳбарларини, хусусан, президентни йўқ қилиш.
– Доимий равишда реактив снарядлар ва артиллерия ишлатилмоқда. Уларни ишлатишдан мақсад нафақат зарба бериш, балки одамлар орасида саросима уйғотиш.
– Бизда умуммиллий армияга чақирув эълон қилинган, ҳудудий мудофаа кучлари кўнгиллиларга қурол тарқатмоқда.
– Уруш музокара орқали тугайди деб ўйламайман, чунки Россия ҳеч қандай музокарага кўнадиганга ўхшамайди.
– Россия ҳарбийлари кўплаб йўналишларда ҳаракатланмоқда. Колонна ва армия резервистлари фақат Донецк ва Луганск вилоятларига йўналтирилган. Бу ҳудудларда тўлақонли армия жанглари кетмоқда.
– Қолган ҳудудларда асосан десантчилар ва вертолёт ёрдамида ҳаракатланишмоқда. Херсон ва Одессада денгиздан ҳужум қилинган ҳолатларда кичик локал гуруҳлар ҳаракатланяпти.
– Харьков, Черниговск, Житомир каби аввал уруш бўлмаган ерларда танк колонналари ҳаракатланмоқда. Улар бир неча км юришади-да, кейин жангга киришади. Масалан, 50-100 км юргач. Улар қуруқликда йўқотишга учрамоқда, ўнлаб танклар ёқиб юборилди, 6-7 самолёт, яна вертолётлар уриб туширилди.
– Сумига қараб энг йирик танк колоннаси юборилган. Улар 300 та танк ёрдамида Сумини ўраб олмоқчи.
– Кечқурун бирор йирик шаҳарни эгаллашга уринишни кутяпмиз.
– Беларусь Россиянинг ҳаракатларини фаол қўлламоқда. Ваҳоланки уларнинг Украинага бостириб киришга ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай асоси йўқ. Буни европалик ҳамкасбларимиз билан муҳокама қиляпмиз.
– Украина томонидан Донецк ёки Луганскнинг босиб олинган қисмларида ҳеч қандай ўқ отилмади. Бу борада берилаётган барча хабарлар рус пропагандачиларининг уйдирмаси. Айнан шу ёлғон сафсаталар бугун бутун Украина бўйлаб ҳарбий ҳаракатлар олиб боришаётганига сабаб қилиб кўрсатилди. Россия билан чегара бўлмаган Украина шаҳарларида ҳам.
– Россия ҳукумати ОАВни фейк хабарлар билан тўлдирди. Сиз тарқатаётган хабарларнинг 90 фоизи ёлғон.
– Украинада талончилик бўлмаяпти ва бу ёлғонларингиздан бири. Ёлланма диверсантлар ёрдамида алоҳида ҳолатлар қайд этилгандир, лекин умуман олганда бундай ҳолатлар урчигани ёлғон.
– Россия армияси Луганскда гуманитар коридор беришдан бош тортмоқда, ваҳоланки аёллар ва болалар отишмалар орасида қолиб кетган.
– Эвакуация маршрутлари тайёрлаб қўйилганига қарамай, президент Зеленский кетса, мамлакатни ҳаммадан кейин тарк этади. Ҳукумат, Рада ва ватан ҳимоясига отланганлар Киевда қолади. Биз умуммиллий мобилизация эълон қилдик, одамларга қурол тарқатяпмиз. Улар керак бўлса, Киев кўчаларида ўлишга тайёр.
– Украина Ғарбдан ўқ-дорилар, максимал молиявий кўмак ва Россияга оптимал санкция кўринишидаги босим қилинишини кутади, деб сўзини якунлади Зеленскийнинг вакили.
Мавзуга оид
14:52 / 21.05.2025
Зеленский: Россия урушни давом эттириш учун вақтни чўзмоқчи
08:24 / 20.05.2025
Зеленский қуролли кучларни Украина ҳудудларидан олиб чиқиш имкониятини рад этди
22:39 / 18.05.2025
Зеленский Ватиканда Вэнс, Рубио ва янги Рим папаси билан учрашди
22:32 / 18.05.2025