Жаҳон | 17:46 / 27.02.2022
36253
2 дақиқада ўқилади

Украина делегацияси Гомелдаги музокараларга борадиган бўлди

Беларусь Миллий матбуот маркази беларуслик сиёсатчи Юрий Воскресенскийга таяниб, Украина делегацияси Гомелдаги музокаралар учун йўл олгани ҳақида хабар берди.

Фото: Илья Галахов / Global Look Press

Украина делегацияси Беларуснинг Гомель шаҳрида ўтадиган музокараларда иштирок этадиган бўлди. Бу ҳақда Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский маълум қилди.

«Украина делегацияси Гомелдаги музокараларга келишини тасдиқлади», деди Путиннинг ёрдамчиси Мединский. Унинг айтишича, Россия делегацияси энди кетишга тайёрланаётганида, Киев музокарага боришини билдирган. Мединский Киев делегацияси хавфсизлиги тўлиқ таъминланишини маълум қилди.

Олдинроқ Украина президенти Владимир Зеленский Украина Гомелдаги музокараларга бормаслигини маълум қилган, у Беларусь бетараф ҳудуд эмаслигини айтиб, Варшава, Истанбул, Вена ёки Боку шаҳарларидан бирида учрашиш таклифини билдирганди. 

Кейинроқ Зеленский Беларусь президенти Александр Лукашенко билан телефон орқали суҳбатлашди. Ушбу суҳбатдан кейин Лукашенко Путинга музокараларни кечроқ муддатга суриш таклифи билан чиққан. Россия президенти Беларусь раҳбарига розилик билдирган. Яъни Лукашенко Украина делегацияси бироз кечикиши туфайли, рус делегациясини яна бироз Беларусда қолишга кўндирган.

Исроил бош вазири Нафтали Беннет ҳам Путин билан телефон орқали гаплашиб, Украина масаласида воситачилик таклиф қилган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид