Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин жавоб санкциялари тўғрисидаги фармонни имзолади - Россиядан хорижга валюта чиқариш чекланади
Россия президенти Владимир Путин «АҚШ ва унга қўшилган хориж давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг нодўстона хатти-ҳаракатлари муносабати билан махсус иқтисодий чоралар қўллаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат имзоланиши билан кучга кирди, деб хабар берди «Медуза».
Жумладан, 1 мартдан бошлаб Россия резидентлари:
- хориж валютасини хориждаги банклар ва молия ташкилотларида очилган ҳисобрақам ва омонатларига ўтказа олмайди;
- хориждаги тўлов хизмати кўрсатувчилар (банк ҳисобрақамини очмасдан) электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда пул ўтказмаларини амалга ошира олмайди;
- қарз шартномалари бўйича норезидентларга хориж валютасини ўтказа олмайди.
Бундан ташқари, Россия резидентлари — ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари — норезидентларга товар сотиш ва хизмат кўрсатишдан ўз ҳисобларига тушган валюта айланмасининг 80 фоизини сотишлари шарт. Буни фармон кучга кирганидан сўнг уч кун муддат ичида амалга ошириш лозим.
Эслатиб ўтамиз, Россия Украинада махсус амалиёт бошлаганидан сўнг Россиянинг қатор банкларига нисбатан санкциялар жорий этилди. Бундан ташқари, Ғарб давлатлари Россия банкларини SWIFT халқаро тўлов тизимидан узишга қарор қилди.