Жаҳон | 14:01 / 28.02.2022
91537
11 дақиқада ўқилади

Украинадаги урушнинг тўртинчи куни. Якунлар

Москва ва Киев узоқ давом этган музокаралардан кейин барибир тинч музокаралар ўтказишга келишди - айни вақтда Беларусь ҳудудида икки делегация учрашуви бошланиш арафасида. Россия мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳаракатлари бошидан буён илк бор йўқотишлари ҳақида тан олди.

Музокаралар барибир бўлмоқда

Якшанба кунининг асосий мавзуси Беларуснинг Гомель шаҳрида музокаралар ташкиллаштириш бўлди, собиқ маданият вазири, ҳозирда РФ президенти маслаҳатчиси бўлган Владимир Мединский бошчилигидаги рус делегацияси у ерда украинларни кун бўйи кутишди. Делегация таркибига РФ ТИВ ва РФ Мудофаа вазирлиги вакиллари, Россиянинг Беларусдаги элчиси Борис Гризлов ҳамда Давлат думасининг халқаро муносабатлар қўмитаси раҳбари Леонид Слуцкий кирган.

Беларусь раҳбари Александр Лукашенко Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказилган телефон мулоқотидан кейин, ҳеч қандай бирламчи шартларсиз, украиналиклар делегацияси хавфсизлиги таъминланиши кафолати билан музокараларни ўтказишга кўндирди.

Айни вақтда Украина делегацияси ҳам Гомель ҳудудидаги Прияпть дарёси бўйига етиб келган ва соат 14:00да музокаралар бошланиши белгиланган. Украина делегациясига «Слуга народа» партиясининг Олий рададаги фракцияси раҳбари Давид Арахамия раҳбарлик қилмоқда, шунингдек, унинг таркибидан Украина мудофаа вазири Алексей Резников ва президент офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк ўрин олган. 

Украинлар учун музокараларда қўйиладиган асосий шартлар - зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва қўшинларни Украина ҳудудидан олиб кетиш бўлади.

«Нотўғри тактика»

Фото: SWNS / Scanpix / LETA

Урушнинг тўртинчи кунида, 27 февраль куни ҳам россияликлар армияси Украина ҳудудида катта йўқотишларга учрашда давом этди, аммо энди бу йўқотишлар эвазига бирор ҳудуд қўлга киритилмаяпти. Логистика ва коммуникациядаги инқироз ёмонлашмоқда, рақиб қуршовида ва фронтда янада кўп рус колонналари пистирмаларга дуч келмоқда. Украин ҳарбийлари ва маҳаллий аҳоли ташлаб кетилган ва яксон қилинган рус техникалари видеолари ва суратларини янада кўпроқ тасвирга олиб тарқатмоқда.

Россиянинг «ҳарбий амалиёти» ғалати кечмоқда — ҳар бир аҳоли пунктидан ўтиш россияликлар учун катта йўқотишлар билан таҳдид қилмоқда. Бу нима билан изоҳланиши — ноаниқ. 

«Нотўғри тактика»дан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам шикоят қилди, унинг жангчилари (расман — Росгвардия полки) айни вақтда Киевдан шимолдаги ҳудудга ҳаракатланмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, чечен армияси катта йўқотишларга учраган.

«Мен учун биз нега бандерачиларнинг кўнглига қарашда давом этаётганимиз тушунарсиз. Ахир биринчи кунданоқ миллатчилар кучдан бошқа тилни тушунишни истамаслиги аён эди. Харьков ва Киевни бандерачилардан «Тигр», «Урал» ва уазикларда тозалаб бўлмайди. Улар тиш-тирноғигача замонавий қуроллар, ўқ-дори, сўнгги авлоддаги оғир техникалар билан қуролланган, биз эса ҳамон Украина ҳукумати ва қуролли кучлари раҳбарияти ақлни ишлатишига умид қилмоқдамиз.

Агар майданчилар ўзини ҳам, ўз халқини ҳам эҳтиёт қилмоқчи эмас экан, нега биз ўз йигитларимизни ҳимоясиз қолдиришимиз керак? Аниқ қарор қабул қилиш ҳамда барча йўналишларда ва Украина ҳудудида кенг кўламли операцияни бошлаш вақти келди. Мен шахсан бир неча бор террорчиларга қарши тактика ва стратегиялар ишлаб чиққанман, жангларда қатнашганман. Менинг тушунишимча, Украинада танланган тактикалар жуда секин. Бу узоқ давом этади, ва фикримча, самара бермайди. 

Шаҳар ва аҳоли пунктларини бандерачилар, «Азов» ва бошқа нацистларда озод этиш керак. Ҳарбий кучлар ҳаракатларини тўлиқ мувофиқлаштириш, кучларни тўғри жойлаштириш ва ҳал қилувчи ҳужум. Бўлди! Бошқа нарса керак эмас. Бизга йўқотишлар керак эмас», — дея ёзган Қодиров телеграмдаги саҳифасида (унинг инстаграм саҳифаси блокланган).

Америкадаги CNA (Central for Naval Analyses) ҳарбий тадқиқотлар институтининг Россия йўналиши бўйича бўлими директори Майкл Кофман ҳам Қодировнинг РФ мудофаа вазирлиги томонидан танланган тактикаси ғалатилиги борасидаги фикрларига қўшилади: «Россия қисмлари умумий ҳарбий амалиёт қилишмаяпти. Улар олдинга разведка қисмлари ва ҳарбий-ҳаво десантчиларини чиқариб, йўллар бўйлаб катта бўлмаган отрядларга бўлиниб ҳаракатланмоқда. Пиёдаларсиз танклар. Уларда барчаси ёмон, чунки улар бундай уруш олиб боришга одатланмаган».

Ҳужжатлаштирилган маълумотларга кўра, россияликлар томонидан ташлаб кетилган ёки яксон бўлган ҳарбий техникалар сони юздан ошган. Украина мудофаа вазирлигининг 28 февраль куни берган маълумотига кўра, Россия армияси шахсий таркибидаги йўқотишлар сони 5300 нафар атрофида. 

Фронтдаги сўнгги ҳаракатлар

«Медуза» жойлардаги гувоҳлар тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаётган видео ва фотолар орқали фронтдаги вазиятни таҳлил қилди.

  • Киевдан шимолда турган украин ҳарбийлари пойтахтни ғарбдан қамал қилган рус қўшинларига қарши ҳужум бошлади. Шаҳар ташқарисида — Бучи ва Ирпендаги жанглар вақтида яксон қилинган рус техникалари тасвирлари тарқалди. Шу билан бирга, бошқа бир видеода россияликлар армияси Киевни Украина ғарбидан узиш учун жануб сари янада илгарилаганини кўриш мумкин.
  • Чернигов ва Полтава яқинида русларнинг икки бўлинмаси Киев томон ҳаракатланган ва катта йўқотишларга учраб, секинлашган. Шунингдек, Киев яқинида жойлашган гуруҳлар ҳам катта талафотлар кўрмоқда - уларга Киев назоратидаги ҳудудлар орқали таъминот ва қўшимча куч юборишнинг имкони йўқ.
  • Икки кунлик жанглардан кейин россиялик ҳарбийлар Херсон яқинида Днепр дарёсидан ўтиш хавфсизлигини таъминлашган. Иккинчи йўлни ҳам очиш учун ҳаракат қилинмоқда — Новая Каховка яқинида оғир жанглар кетмоқда.
  • Мариуполни ўраб олиш ҳозирча амалга ошмади: ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ДХР орқали келаётган рус ҳарбийлари олдинга силжишда давом этаётган бўлса, Қримдан кириб, Мелитополь ва Бердянск орқали ўтган ва деярли қаршиликсиз узоқ масофага илдамлаган қўшинлар эса 26 февралдан кейин деярли олдинга юрмаган (катта эҳтимол билан, таъминот келишини кутмоқда).
  • Украина осмони, Америка разведкасига кўра, ҳамон «россияликларники» бўлгани йўқ. 27 февраль куни Украина армияси турклар томонидан ишлаб чиқарилган «Байрактар» орқали россияликлар колоннасига зарба берди (Херсон атрофида) ва бир нечта «Бук» русумли ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмаларини йўқ қилди. Аммо «Байрактар»ларни ҳам уриб туширишмоқда, Украина авиацияси эса ҳавода ҳам, ҳар тунда русларнинг баллистик ракеталари билан ўққа тутилаётган аэродромларда ҳам йўқотишларга учрамоқда.

Йўқотишлар ва ташкиллаштиришдаги муаммоларга қарамай, Россия армияси ҳамон куч ва воситалар бобида катта устунликни сақлаб қолмоқда, шу билан бирга уруш бошланишидан олдин Украина чегарасида тўпланган қўшинларнинг барчаси ишга туширилмаган.

Ўхшамаётган ҳужум режаси

Сиёсатшунос Сарвар Жалолов, «Ташқарида» канали муаллифи:

— Уруш эҳтимоли ҳақида мунозаралар авж олган охирги 2-3 ой давомида кўпчилик бўлган сиёсий экспертлар Украина чегаралари атрофида рус қўшинлари тўпланиши фақат қўрқитиш учун бўлаётгани ва уруш бўлмаслигини таъкидлаётган эди. Камчилик бўлган ҳарбий экспертлар эса қўшинларнинг бу даражада тартиблантирилишининг якуни уруш бўлиши аниқлигини айтаётганди (Байден айнан ҳарбий экспертларга таяниб бир неча марта ҳужум бошланишини маълум қилганди).

Амалда рус қўшинлари урушдан олдин ҳарбий экспертлар чизиб берган йўналишлар билан деярли бир хил йўсинда юриш қиляпти - Россия ҳудудидан Харьковга, ДХР/ЛХР ҳудудидан Луганск ва Донецк вилоятларига, Қримдан Херсон ва Одессага ҳамда Беларусь ҳудудидан Киевга. Режадагидай бўлмаган нарса - Украина қаршилик кўрсатаётгани.

Ҳозирча Украина Киев, Харьков ва Донецк/Луганск йўналишларидаги ҳужумларни қайтара оляпти, ягона очиқ йўналиш Қримдан Херсон ва Донецк вилоятларига юриш. Ушбу жанубий йўналишдан ҳозирча Одессага ҳужум қилинмади. Умуман, Путин қўшинлари бирорта йирик шаҳарни эгаллагани йўқ, табиий равишда жангсиз қўйиб берилган кичик аҳоли пунктларигина эгалланган. Энг муҳим эгалланган объект - Чернобиль АЭС.

Шу пайтгача Украина мудофаасига берилган энг кўп зарар - ракеталар орқали ҳарбий инфратузилма объектлари йўқ қилиниши бўляпти. 27 февралга ўтар кечаси Киев яқинидаги нефть базаси ва Харьков яқинида газ қувури портлатилган, радиоактив чиқиндилар омборига ҳам ракета борган, фақат ташқи девордан ўтмаган. 

Авиациядан ҳозирча фаол фойдаланилмаяпти. Ҳарбий экспертлар фикрича, бунга Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими ишлаши ва Россия ҳарбий авиациясининг бундай тизимларга қарши тажрибаси йўқлиги сабаб. Бундан ташқари, русларнинг дронлари ҳам йўқ. Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими йўқ қилингачгина Россия авиациядан кенг фойдаланиши мумкин. Ҳозирча тизим 20дан ортиқ рус самолёт/вертолётларини уриб туширган.

Россия армиясининг энг кучли тарафи - танклар ва артиллериядан фаол фойдалана олмаётгани бир томондан уларнинг ҳаракати учун шароит йўқлиги бўлса, бошқа томондан мавжуд техника жуда эскирган ва ишдан чиқиш арафасида бўлиб, узоқ масофа ўртасида бузилиб, ўчиб қолаётган ҳолатларнинг гувоҳликлари кўп тарқалмоқда.

Шу сабабли ҳозирча ракеталар билан бирга асосан махсус кучлар ҳаракатланмоқда. Табиийки, яхши тайёрланган ва ватанини ҳимоя қилиш учун кучли мотивацияга эга украин аскарлари билан урушда катта талафотларга учраяпти. Украина томонидан берилган охирги маълумотларга кўра 3500 дан ортиқ (26 февраль маълумоти) рус аскари ўлдирилган, жумладан Чеченистондан юборилган махсус кучларнинг қўмондонларидан бири ҳам йўқ қилинган.

Украина ушбу уруш давомида ўзининг миллат сифатида шаклланганини кўрсата олди ва жипслашуви билан босқинчини шокка туширди. Тирик чиқмаслиги мумкинлигини билса ҳам президент Зеленский ҳеч қаерга кетмасдан мудофаага бошчилик қиляпти. Собиқ президент, миллиардер Порошенко, Киев мэри Виталий Кличко пойтахт ҳимоясида қатнашяпти. Аслида улар сиёсатга киришдан олдин етарлича бойлик орттирган ва ҳозир дунёнинг исталган нуқтасида бўлиши мумкин бўлган одамлар. Сайланган етакчилар масъулиятни қандай ҳис қилишини эталон бўлиб кўрсатишмоқда. Оптимистик келажакда бундай инсон ресурслари билан тезда оёққа туришига умид бор.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид