Жаҳон | 14:17 / 01.03.2022
62233
9 дақиқада ўқилади

Путин тийиб турувчи ядровий кучларини шай ҳолатга келтирди. Бу нимани англатади?

Якшанба куни кундузи Россия Федерацияси президенти Владимир Путин мамлакат тийиб турувчи ядровий кучлари «алоҳида муҳим жанговар навбатчилик режими»га ўтказилишини маълум қилди.

«Ярс» қитъалараро баллистик ракетаси Москвадаги ғалаба парадида. 2018 йил
ФОТО: Сергей Бобилёв / TASS

«Ғарб давлатлари мамлакатимизга нисбатан барчага маълум нолегитим санкцияларни – нодўстона ҳаракатларни нафақат иқтисодий соҳада амалга оширмоқда. НАТО етакчи давлатларининг олий даражадаги мансабдор шахслари мамлакатимиз шаънига тажовузкор сўзларни ҳам ўзларига эп кўришмоқда, — деди Путин. — Шунинг учун мудофаа вазири ва бош штаб бошлиғига Россия армиясининг тийиб турувчи кучларини жанговар навбатчилик ўташнинг алоҳида режимига ўтказишни буюраман».

РИА Новости агентлиги хабар беришича, РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу буйруққа биноан Шимолий ва Тинч океанлари флотлари стратегик мақсаддаги ракета қўшинлари бошқариш пунктлари, узоқ масофага учувчи авиация қўмондонлиги кучайтирилган таркибда жанговар навбатчиликни ўташни бошлагани ҳақида Путинга ҳисобот берган.

Душанба куни РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков президентнинг тийиб турувчи кучларнинг жанговар навбатчиликнинг алоҳида режимига ўтказиш ҳақидаги қарори, жумладан Буюк Британия ТИВ раҳбарининг баёнотидан сўнг қабул қилинганини билдирди.

«Турли даражадаги турли вакилларнинг НАТО ва РФ ўртасидаги эҳтимолли зиддиятлар ва тўқнашувлар борасидаги фикрлари янгради. Бундай фикрларга мутлақо ўрин йўқ деб ҳисоблаймиз. Мен бу баёнотларнинг муаллифларини санаб ўтирмайман, гарчи бу Буюк Британия ташқи ишлар вазири бўлса ҳам», — деган Песков журналистларга (Интерфакс иқтибоси).

Песков инглизлар ташқи ишлар вазири Лиз Трасс хонимнинг айнан қайси сўзларини назарда тутгани номаълум, бироқ шу кунлари BBC’га берган интервьюсида вазир британияликлар Украина президенти Зеленскийнинг чақирувига кўра кўнгилли равишда жангларда иштирок этиш истагини билдирса, улар бунга ҳақли эканини айтиб ўтганди. Бироқ шу ҳолатда ҳам Британиянинг Украинага ўз аскарларини жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун жўнатиш нияти йўқлигини қайд этган.

Кўпчилик Владимир Путиннинг сўзларини ядро қуролидан фойдаланиш таҳдиди ўлароқ қабул қилди. BBC Россия президентининг баёноти ортидан пайдо бўлувчи саволларга жавоб излади.

Тийиб турувчи кучлар нима?

Тийиб турувчи кучлар – жуда кенг қамровли тушунча. Бу – шундай кучга эга бўлган давлатга нисбатан геосиёсий вазият ва бошқа мамлакатларнинг сиёсатига таъсир қилиш мумкин бўлган барча воситалар жамланмаси.

Стратегик тийиб турувчи кучлар асосини стратегик ядровий кучлар ташкил этади. Улар стратегик ядровий тийиб туришга – ядровий қуролга эга бўлган икки мамлакат ҳар қандай ҳолатда бир-бирига тиклаб бўлмас зиён етказиши мумкин бўлган вазиятга олиб боради.

Энг аввало Россия Федерацияси ва АҚШ ўртасидаги стратегик ядровий тийиб туриш – стратегик барқарорликни таъминлайди. Бу ҳолатда жаҳонда глобал можаро, жаҳон уруши рўй бермайди.

Стратегик тийиб туриш кучлари таркибида ядровий кучлардан ташқари ядровий бўлмаган қуроллар ҳам бор – узоқ масофага уча олувчи юқори аниқликдаги ракета комплекслари. Эҳтимол, уларга кибернетик кучлар ҳам кирар, лекин бу Россия ҳарбий доктринаси билан тасдиқланмаган.

«Алоҳида жанговар навбатчилик режими» нима?

«Алоҳида жанговар навбатчилик режими» термини очиқ манбаларда ҳеч қандай тушунтирилмайди.

Стратегик ядровий кучларнинг ўзига хослиги шундаки, у шундоқ ҳам доимо жанговар тайёргарлик ҳолатида бўлади ва бу режим ҳеч қачон ўзгармайди.

2021 йилнинг декабрида РФ бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов «ерусти стратегик ядровий кучларига қарашли ўт очувчи қурилмаларнинг 95 фоизи доимий жанговар фойдаланиш ҳолатида» эканини қайд этганди.

Стратегик ядровий тийиб туриш кучлари «триада» деб аталади, чунки улар ерусти ядровий кучлари – шахталар ёки мобил қурилмаларда жойлашган қитъалараро баллистик ракеталарни учириш қурилмаларидан, шунингдек денгизда жойлашган ракеталар ва бомбардимончи самолётларда ташиладиган ҳаво ядровий ракеталаридан иборат.

Герасимов ўшанда денгиз ва ҳаво ядровий кучлар тайёргарлиги ҳақида гапирмаган эди.

Қандай ҳолатларда Россия ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин?

2020 йилнинг июнида Владимир Путин «Ядровий тийиб туриш соҳасида давлат сиёсати асослари» деган ҳужжатни тасдиқлаган. Бу ноформал мудофаа доктринаси, тўғрироғи, унинг стратегик ядровий кучлардан фойдаланиш соҳасидаги кенгайтирилган тавсифи деса ҳам бўлади.

Ҳужжат икки саволга жавоб беради: Россия ядровий тийиб туриш билан нималарга эришмоқчи ва қандай ҳолатда у ядровий қуролдан фойдаланиши мумкин. Формал жиҳатдан доктрина бўлмаса-да, бу ҳужжат ядровий кучларни яратиш мантиғини, уларнинг тузилмаси ва олдига қўйиладиган вазифаларни тушунтиради, яъни у ўзгартириб бўлмас қонун бўлмаса-да, бу тизим қандай ташкил топганини кўрсатади.

Ҳужжатда Россия тўрт ҳолатда ядровий қуролдан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида сўз боради:

  • Россияга ҳужум қилаётган баллистик ракеталар старт олгани ҳақида ишончли ахборот олинганда;
  • Россияга қарши ядровий ва бошқа оммавий қирғин қуроли қўлланганда;
  • Объектларга қандайдир таъсир ўтказиш орқали ядровий кучларнинг жавоб ҳаракатларини олдини олишга уриниш;
  • Россияга қарши оддий қуроллар билан тажовуз қилиш ва давлатнинг мавжудлигига таҳдид солиш.
Бошқарув пульти анъанага кўра ҳарбий-денгиз кучлари формасида юрувчи алоқа зобити олиб юрадиган жомадонда бўлади. «Ядровий жомадон»ни Путинга топшириш маросими. 1999 йил 31 декабр. ФОТО: STRINGER

Лекин бу шартларнинг бирортаси Путиннинг оғзидан янграган «иқтисодий соҳадаги нодўстона ҳаракатлар», «нолегитим санкциялар» ва «тажовузкор сўзлар» учун тўғри келмайди.

Ҳужжатнинг «умумий қоидалар» деб аталувчи биринчи қисмида «ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати […] ҳарбий зиддият пайдо бўлган вазиятда — ҳарбий ҳаракатлар эскалацияларга йўл қўймаслик ва уларни Россия Федерацияси ва/ёки унинг иттифоқчиларига мақбул шартларда якунлашни […] кафолатлайди, деб ёзилган.

Бироқ бу ерда гап айнан «ядровий тийиб туриш соҳасидаги давлат сиёсати» ҳақида бормоқда, бу мақсадларга эришиш йўлида ядровий қуролдан чиндан ҳам фойдаланиш мумкинлиги ёки шартлиги ҳақида эмас.

Россия кутилмаганда ядровий зарба бериши мумкинми?

Украинада фаол жанговар ҳаракатлар бошланишидан бир неча кун аввал, 19 февралда Россияда стратегик кучларнинг ракета учириши билан боғлиқ ҳарбий машқлари ўтказилди. Уларга Владимир Путиннинг ўзи раҳбарлик қилди. Шу куннинг ўзида Россия армияси бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов ҳисоботида Россия президентига машқлар қандай ўтиши ҳақида ахборот берди.

«Машқлар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда потенциал хавфлилиги юқори бўлган қуролдан фойдаланиб ҳарбий ҳаракатлар олиб бориш масаласи ишлаб чиқилади. Иккинчи босқичда эса келаётган зарбага жавобан Россия Федерациясининг стратегик ҳужум қилувчи кучларидан фойдаланишга санкция бериш ва улардан оммавий фойдаланиш масаласи.

Бошқача қилиб айтганда, Россия навбатдаги марта ядровий қуролдан фойдаланишни репетиция қилди ва унинг ҳужуми ядровий қуролдан бошланмайди.

Шахси сир бўлиб қолишни истаган экспертнинг BBC’га айтишича, ядровий можаронинг авж олиши биринчи босқичда ядро қуроллари позицияларга намойишкорона олиб чиқилиши ва учирувчи қурилмалар тарқатиб юборилишини ўз ичига олиши мумкин.

Бундан ташқари, ядровий қуролларни қўллашдан аввал узоқ масофаларга учувчи ядровий бўлмаган тизимлардан ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик (масалан, ГЭСлар) стратегик объектларини йўқ қилиш учун фойдаланилиши мумкин.

Ядровий зарбани ким ва қандай бошқаради?

Россияда ядровий зарба бериш ҳақидаги қарорни фақат бир киши чиқаради – олий бош қўмондон – мамлакат президенти. Яъни Владимир Путин.

Унинг ёнида доимо «Казбек» стратегик ядровий кучларини бошқариш автоматлаштирилган тизими мобил пункти  – «ядровий жомадон» олиб юрилади. Ундан ракеталарни учириш тўғрисида Стратегик мақсадлардаги ракета қўшинларига буйруқ берилади.

Очиқ манбаларда айтилишича, бундай жомадонлар учта. Яна иккитаси мудофаа вазири ва бош штаб бошлиғида. Бироқ турли манбаларда буйруқни тасдиқлаш зарурияти турлича тасвирланган – у жомадонларнинг камида иккитасидан ё барчасидан келиши шартлиги борасида.

Махфий кодлар киритилгач ва тасдиқлангач, Стратегик мақсадлардаги ракета қўшинлари ўт очишга зудлик билан тайёргарлик кўради ва ракеталарни учиради. 

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид