Ўзбекистон | 19:12 / 04.03.2022
55703
13 дақиқада ўқилади

«Очиқлик сиёсати барчамизни ўзгартирди» — Зоир Мирзаев билан кеча ва бугунги фаолияти ҳақида суҳбат

Зоир Мирзаев раҳбар сифатида ўзгариши, қалампир етиштириш лойиҳасидаги муваффақиятсизлик ва Ислом Каримов давридаги хатолар ҳақида.

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев 12-13 феврал кунлари Бўстонлиқ туманининг тоғли Пском қишлоғида бўлиб, аҳоли муаммоларини ўрганишга қаратилган мулоқотлар ўтказди.

Шунингдек, мулоқот давомида аҳоли учун турли кўнгилочар тадбирлар, спорт, интеллектуал ўйинлари ва баҳорий таомлар фестиваллари ташкил қилинди.

Тадбирга таклиф қилинган Kun.uz мухбири вилоят ҳокими билан унинг кўп йиллик раҳбарлик фаолияти бўйича интервью уюштирди.

— Сиз кўп йиллардан буён турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келяпсиз. Бу йиллар давомида жамоатчилик Зоир Мирзаевни қаттиққўл раҳбар сифатида билган. Аммо Қашқадарё вилоятидаги фаолиятингиз давомида жамоатчиликка, ОАВга яқин, танқидларга очиқ ҳокимга айлангандексиз...

Хўш, қандай ўзгардингиз ва умуман, инсон қандай ўзгаради?

— Ҳаммаси вақтнинг таъсири. Инсоннинг ўтказган ҳар бир куни – бу мактаб. Яшар экансиз, кимдандир ўрганасиз, хулоса қиласиз.

Албатта, иш юриши учун раҳбарга қаттиққўллик ҳам керак, лекин айрим ҳолларда рағбат, муомала иш беришига гувоҳ бўлдик.

Ўзи умуман, раҳбарлик қаттиққўлликсиз бўлмайди. Чунки бу кенг кўламли фаолият ва уни озгина бўш қўйсангиз, кейин  жойига қайтариш вақт талаб қилади. Агар атрофда ҳамма жон куйдириб ишласа, раҳбарга енгил бўлади.

Умуман, очиқлик сиёсати барчамизни ўзгартирди. Давр талаби биздан бу сиёсатга мослашишни талаб қилди.

Ҳозир шунингдек, раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулияти ҳам умуман ўзгарган.

— Интервьюга тайёргарлик кўриш давомида сиз билан аввалроқ бирга ишлаган турли инсонлар билан ҳам гаплашдим. Улар сиз ҳақингизда «жуда қаттиққўл эди» деган таърифни беришди.

Хўш, Зоир Мирзаев чиндан ўзгардими ўзи? Умуман инсон сифатида.

— Инсон характери ўзгармас. Фақат унинг айрим чизиқлари – темпераментлар ўзгариши мумкин. Мен ҳамма нарсамни ўзгартириб, бутунлай бошқа инсон бўлиб қололмайман. Лекин шароитга мослашиб, шунга қараб талабни қўйяпмиз. Олдинда турган вазифалардан қай бири бирламчи-ю, қайси бири иккиламчи эканини аниқлаб олиш ва шунга қараб ишлаш, бу замон талаби.

Шу маънода 22 йиллик тажриба босқичма-босқич бўлаётган ўзгаришларга мослашиб боришимизни талаб қилади. Шароит ўзгартиряпти, лекин бутунлай бошқа одам бўлиб қолиш мумкин эмас.

— Сизни Самарқанддаги ҳокимлик фаолиятингиздан биламан. Эсимда, ўша пайтда мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев ўтказган селекторларда ҳокимлар ичида фақат сиз унга «Шавкат ака» дея мурожаат қилардингиз.

Кейинчалик Мирзиёев президентликка келаркан, сизни ўз жамоасидан узоқлаштирмади. Турли лавозимлар берди. Айтинг-чи, ўрталарингиздаги бу яқинлик қандай бошланган ва у қандай кишиларни ёнида, жамоасида олиб юради?

— Бу бир ёки икки кунда шаклланиб қолган ҳолат эмас. Мен шу пайтга келгунга қадар ҳурматли президентимизнинг кўп тарбиясини олганман.

Иккинчидан, Шавкат Мирзиёев инсонни эшита олади. Масалан, аввалги фаолиятимизда ҳам кўп йиғилишлар бўлган, лекин улар 1 соат 10 дақиқа ёки 1 соат 50 дақиқада тугар эди. Лекин ҳозирги йиғилишлар 5-6 соатлаб давом этади. Мамлакат президенти кеч соат 9гача селектор ўтказади. У кишининг бу йиғилишларни ўтказишдан мақсади нима? Мақсад – жойлардаги муаммоларни эшитиш. Президент ҳозир жойлардаги ҳисоботларни эмас муаммоларни эшитади.

Биз ҳозир муаммоларимиз ҳақида президентга қўрқмасдан айта оламиз. Селекторларга ҳисобот эмас, муаммо билан тайёрланамиз.

Президентда қўл остидагиларни яқин олиб, унинг фикрини эшитиб ишлатиш қобилияти жуда кучли. Мирзиёев ҳар қандай инсоннинг кўзига қараб, у нимага лойиқ ёки лойиқ эмас, деган масалани қўяди.

Лекин у кишининг арқонни узун ташлаб қўяман, деган гапи ҳам бор. Мана шундан қўрқиш керак. Чунки ҳар қандай киши бирор лавозимга қўйилар экан, ўтган вақт давомида нима қилдим деган саволни ўзига бериши керак.    

Шавкат Мирзиёев мана шундай инсонларни ёнига тўплашни яхши кўради.

Шунингдек, ёш кадрларга ишонч билдириляпти. Бу жуда тўғри йўл, чунки бутун дунёда шундай бўляпти. Сабаби ёшларда шижоат кўп.

Тасаввур қилинг, ўтган беш йилликда мамлакат раҳбари бошчилигида қандай катта ўзгаришлар бўлди. Буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Содда қилиб айтсак, президент ҳаммасини қўлда бошқарди. Қўл бошқаруви бўлди. «Обод маҳалла», «Обод қишлоқ», Халқ қабулхоналари ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмади.

Аввал шунингдек, ҳокимларда молиявий мустақиллик ҳам йўқ эди. Ҳозир эса ҳатто туман ҳокимларининг қўлида энг камида 4,5 млрд, бўлмаса, 8 млрд пули бор. Илгари бунча пул вилоятнинг ўзида бўлмасди.

Лекин пулни сарфлаш ҳам санъат, буни энди эплаш керак. Тўғри ҳисоблаш керак. Коррупция бўлмасин.

— Сиз меҳнат фаолиятингиз давомида 2-2,5 йил бош вазир ўринбосари сифатида ҳам ишладингиз. Мана шу фаолиятингиз давомида муваффақиятсизликка учраган қалампир етиштириш ташаббуси ҳам бор. Хўш, бу ташаббусга ва унинг муваффақиятсиз тугашига сабаб нима бўлди?

— Биринчидан, агар бу лойиҳа сидқидилдан қилинганда, албатта самара берадиган лойиҳа эди. Бунинг учун Индонезиядан тўрт нафар мутахассис чақиргандик. Кўчатларнинг сарасини олиб келдик. Аммо хатомиз шунда бўлдики, биз бу кўчатларни биринчи йилданоқ жуда катта майдонларга ва яна унинг агротехникасини яхши билмаган кишиларга бердик. Улар ўқитилмади. Яъни уни номутахассисларга топшириб қўйдик. Бу эса кейинчалик ўз сўзини айтди.

Иккинчидан, биз ҳали янги соҳага биринчи йилданоқ жуда катта кредитлар ажратдик. Имтиёзли кредит ёки субсидия деган нарсалар энди-энди келяпти. У пайтда бу нарсалар йўқ эди.

Мен ҳозир айнан Индонезия технологиясини қўллаб, қалампир етиштираётган ўнлаб тадбиркорларни биламан.

Айрим вилоятларда йўқ, менга қалампир керакмас, пахтангни эк, деганлар ҳам бўлди. 50 тонна қалампирни йиғиб олган деҳқон уни қандай техника билан қуритишни билмай қолган пайти ҳам бўлди. Пировардида бу муваффақиятсиз бўлди.

— Асосий муаммо экспортда бўлмадими?

— Биз қалампиримизни оладиган давлатлар билан ҳосилнинг аччиқлик даражасини 5 бўлиши керак дея келишгандик, лекин биз етиштирган қалампирнинг аччиқлик даражаси 3,5 бўлиб қолди.

Бизнинг агротехникада қалампирнинг аччиқлик даражаси тушиб кетди.

Лекин яна айтаман, қалампир етиштириш агротехникасини тўғри бажарган деҳқонлар аччиқлик даражаси 7 балли қалампир ҳам етиштиряпти.

Бунинг турлича сабаблари бор. Улардан бири ўша пайтларда бизда пахта ва ғалладан бошқа экинга минерал ўғит берадиган фонднинг ўзи йўқ эди.

Бу муваффақиятсизликнинг сабаби – тажрибасизлик. Шунингдек, давлат томонидан лойиҳани қўллаб-қувватлашга кўпроқ маблағ ажратилганида, натижа яхшироқ бўларди.

— Сиз аввал Самарқанд кейин Қашқадарё ва мана энди Тошкент вилоятида ҳокимсиз. Айтинг-чи, бу вилоятларда ҳокимлик қилиш нимаси билан бир-биридан фарқ қилади?

— Биз бу саволни глобал миқёсда муҳокама қилганда, Қашқадарёда ривожланиш секинроқ, Самарқандда ўртача ва Тошкент вилоятида юқори, деймиз. Лекин мен бу вилоятларда ишлаш давомида уларнинг барчасини ўзимча таҳлил қилиб кўрдим.

Хўш, Қашқадарёда нега тадбиркорлик кўрсаткичи паст? Ўзингиз ўйланг, газ қазиб олинадиган йирик бир вилоятда аҳвол бундай бўлмаслиги керак эди-ку. Асл ҳолатда эса вилоятнинг 5та туманида табиий газ умуман йўқ. Бундай шароитда тадбиркорлик қилиб бўлмайди. Электр энергиясидан энг кўп азият чекадиган ҳам ҳалигача Қашқадарё вилояти. Яқинда бутун республикада рўй берган электр узилишларида ҳам энг сўнгги бўлиб электрни олган вилоят Қашқадарё бўлди.

Бошқа соҳалар. Масалан, қишлоқ хўжалиги техникалари 40 фоизга ҳам етмайди. Қашқадарё йиллар давомида фақат пахтага монопол бўлиб қолди. Фермерларда даромад орттириб, иккита техника сотиб олишга ҳам пул бўлмаган. Ғалла ҳам шундай.

Бир йил ғалла яхши бўлади, аммо ёмғир бўлмаган йилда ҳамма нарса тўхтайди. Чунки лалми ғалла вилоятнинг жуда катта майдонларида етиштирилади.

Лекин яна бир нарсани айтишим керак, халқнинг интилиши, ҳаракати бор. Одамлари мард. Танти, борини борича қабул қилади. Камчиликми, ютуқми ҳаммасини одамнинг юзига айтади.

Самарқандда инсонлар зиёлироқ. Одамлардан маслаҳат сўрасангиз, ҳамма соҳага жавоб топа оласиз. Иккинчидан, вилоят «Ипак йўли»да, унинг марказида жойлашган. Шу сабабли одамларда тадбиркорлик қобилияти табиий шаклланган. Тадбиркорлик одамларнинг қонида бор. Улар тинчимайди.

Тошкент вилоятидаги фаолиятим энди, секин-секин бошланяпти. Албатта, Тошкент вилоятидаги ҳолатдан бутунлай йироқ эмасман. Лекин ичига кириб, муаммоларни танангиздан ўтказиб кўрганингиз бошқа. Вилоятдаги ҳолатни тўла ўрганиш учун бироз вақт керак. Ана шундан кейингина қандайдир картиналар пайдо бўлади.

— Зоир Мирзаев янги жойда ишлар экан, жамоасини қандай тузади. Таркибни тўла янгилаб, ўз одамларини олиб келадими ёки бор жамоа билан ишни давом эттирадими?

— Мен ўзим янги бўлсам, яна у ерга янги одам олиб келсам, у жамоа ишламайди. Тошкент вилоятида ҳам бор салоҳиятдан фойдаланиб ишлаяпмиз. Ҳокимликда яхши кадрлар кўп.

Агар мен шу ернинг кадрларидан қўпол қилиб айтганда, маҳаллий жамоа тузмасам, худдики футбол клубга легионер олиб келгандай бўлиб қоламан. Бу тизимнинг харажати кўп, самараси кам бўлади. Мен Тошкентда легионер билан ишламоқчи эмасман. Тошкент вилоятининг маҳаллий кадрлари билан ишламоқчиман, уларнинг салоҳияти жуда юқори. Буни бошқа бирорта вилоят билан солиштириб бўлмайди. Уларни ишга солишда эса гап кўп.

Одамлар ҳозир кўп муаммоларини ҳокимликка эмас вазирлик ёки бошқа ташкилотларга бориб айтадиган бўлиб қолган. Биз уларни ҳокимликка яқинлаштиришимиз керак.

Ҳокимлик аҳолининг нажот сўраб келадиган даргоҳи бўлиши керак.

— Экспертлар фикрича, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ва унинг раҳбарлик фаолияти ҳақида тугал бир хулоса айтиш қийин. Бу борада айримлар Каримовнинг сиёсат юритишдаги муваффақиятлари ҳақида гапирса, яна айрим мутахассислар унинг иқтисодни юритишдаги камчиликлари ҳақида гапиради. Чиндан ҳам, Ислом Каримов жуда зиддиятли ва мураккаб шахс.

Хўш, сиз Каримов бошқарув даври кадрларидан бири сифатида уни мамлакат иқтисодиётини юритишда қандай хатоларга йўл қўйди деб ҳисоблайсиз?

 — Келинг, буни иқтисод ривожланмай қолиши дейлик. Ўйлашимча, бунга сабаб рақамларга қараб хулоса беришга боғланиб қолинганида. Пастда вазият бошқача эди-ю, рақамларда бошқача эди.

Иккинчидан, у пайтларда Ўзбекистонда хусусий секторга йўл йўқ эди. У пайтда бир ташкилот очилса, 27та бошқа орган уни назорат қилиб турарди. Ҳеч ким айтмасдики, қўй, тегма унга, оёққа туриб олсин, беради ўша солиғини. Бугун очилган корхона эртага текширилаверарди. Унга ҳеч ким мадад қўлини чўзмаган. Субсидия, мадад деган нарсалар йўқ эди.

Тасаввур қилинг, ўша пайтда тадбиркорлар тўлайдиган 21 турдаги солиқ бор эди. Ҳозир 11 тур. Яъни пастдан фақат олавериш иқтисодни таназзулга олиб келди.

Мен ўша пайтларда ҳатто икки йиллик солиқларини аввалдан тўлаб қўйган корхоналарни билардим. Лекин масалан, пенсияни вақтида беролмасдик. Пенсиялар 3, 6 ойлаб кечиккан вақтлари ҳам бўларди. Нақд пул деган нарсага боғланиб қолдик.

Бу қайсидир маънода тизимни ўзгартиришни хоҳламаслик. Ислоҳотлар замондан келиб чиқиб қилинмади, чегараланиб қолди.

— Ислом Каримовда хусусий мулкка қаршилик, ҳамма нарса давлат қўлида, давлат бошқаруви остида бўлиши керак деган қараш бормиди?

— Шундай. Умуман бу қараш ҳаммамизда бор эди. Ўша даврнинг сиёсати шундай эди. Давлат бошқариши керак, тамом.

Бугун бундай эмас. Солиқ сиёсати ҳам ўзгарди. Кичик тадбиркорликдан тушадиган солиқ ҳозирги кунда давлат корхоналаридан тушадиган солиқдан кўра кўпроқ.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозир бекорга айтмайди, агар шу ишларни 20 йил аввал қилганимизда эди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид