Ўзбекистон | 12:23 / 11.03.2022
17991
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдаги хонадонда эшак сўйилаётгани аниқланди. Унинг гўшти сотиш учун тайёрланган бўлиши ҳам мумкин

Хонадон кўздан кечирилганда бир бош эшак сўйилиб суякдан ажратиб қўйилгани, ҳовлида яна 24 бош эшак борлиги маълум бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятида эшак сўйилаётган хонадон тасвирланган видео тарқалди. Вилоят ИИБ ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, 2022 йил 10 март куни Косон туман ИИБ ходимлари томонидан тумандаги “Пахтазор” МФЙда яшовчи фуқаро Б.С. хонадонининг хўжалик хоналари кўздан кечирилганида бир бош эшакни сўйиб, гўштини суякларидан ажратиб қўйгани, ҳовлисида эса яна 24 бош эшак борлиги аниқланган.

Фуқаро Б.С.нинг яшаш хонадонидан олинган лаҳм гўштлар тегишли тартибда вилоят ИИБ ЖТСБ Карантин тадбирларини таъминлаш бўлинмаси, туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан холислар иштирокида ҳужжатлаштириб олинган.

Косон туман Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан ашёвий далил сифатида олинган гўшт маҳсулотлари лабораторияда текширилганда истеъмолга яроқсиз экани маълум бўлган. Гўшт маҳсулотлари холислар иштирокида йўқ қилинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Косон туман ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қарши шаҳридаги хонадонлардан бирида эшак сўйиш билан шуғулланган шахс ушланган ва унинг хонадонида сўйилган ва тирик ҳолдаги эшаклар борлиги аниқланган эди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид