Ўзбекистон | 16:32 / 19.03.2022
35109
4 дақиқада ўқилади

“Сохта хизмат гувоҳномасини асосан ЙПХ ходимларига кўрсатардим” — Тошкентда Бош прокуратуранинг сохта ходими қўлга олинди

Сохта прокурор пойтахтнинг Бектемир туманида йўл ҳаракати қоидаларини менсимай ҳаракатланаётган вақтида қўлга олинган.

1982 йилда Андижон вилоятида туғилган фуқаро Бош прокуратуранинг сохта хизмат гувоҳномаси билан турли жойларда фирибгарлик ҳолатларини содир этиб келаётгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот келиб тушган. Тошкент шаҳар ИИББ ва ДХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган махсус тадбирда сохта ходим қўлга олинган.

Сохта прокурор пойтахтнинг Бектемир тумани Ҳусайн Бойқаро ва Бектемир кўчалари кесишмасида светофорнинг қизил чироғига бўйсунмасдан, йўлида давом этади. Ушбу қоидабузарлик сабабли сохта ходим бошқарувидаги қора рангли Мalibu автомобили ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилади.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

“Қизил чироқда ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчини тўхтатганимда, у менга нисбатан қўпол муомалада бўлди. Автоуловнинг олди ён ойналари қорайтирилгани учун электрон планшет орқали текшириб кўрдим ва бунинг учун рухсатнома чиқмади. Автоулов ишончномаси бошқарилаётгани аниқланди. Ҳайдовчи ўзини Бош прокуратура ходимиман, деб таништирди. Хизмат гувоҳномасини кўрсатди, “полковник”лигини ва хизматга шошаётганини айтди. Тегишли меъёрий ҳужжатлар мавжуд бўлмагани учун машина вақтинчалик жарима майдонига қўйилди”, дейди қоидабузарлик ҳолати бўйича маъмурий баённома расмийлаштирган ЙПХ ходими.

Тезкор тадбир давомида қўлган олинган шахснинг ёнидан у Бош прокуратуранинг Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, адлия катта маслаҳатчиси экани қайд этилган сохта хизмат гувоҳномаси топилган. Қонунбузар ушбу гувоҳномани 2021 йилнинг июнь ойида Умар исмли таниши Ўзбекистон бош прокурори имзоси ва муҳрини сохталаштириб, ясаб берганини маълум қилган.

Фото: Sevimli Tv 

“Умар исмли шахс билан танишиб қолдим. У Россия Федерациясининг Москва шаҳрида ҳужжатлар билан шуғулланишини айтиб қолди. Мен ундан орган ходимларига тегишли бўлган ҳужжатни тайёрлаш қўлидан келиш-келмаслигини сўрадим. Унга телефон рақамимни қолдиргандим, менга қўнғироқ қилиб, прокуратуранинг ҳужжатини ясаб бериш имконияти борлигини айтди. Мен суратга тушиб, унга бердим. Уч кундан кейин менга “Бош прокуратура ходими” деган сохта ҳужжат тайёрлаб берди. У ҳужжатни асосан ЙПХ ходимларига кўрсатиб келдим. Қилган ишимдан қаттиқ пушаймонман”, дейди қонунбузар.

Тошкент шаҳар ИИББ Эксперт-криминалистика марказининг техник-криминалистик экспертиза хулосасига кўра, ушбу хизмат гувоҳномаси пурковчи принтер – репрографик усулда тайёрлангани, мазкур усул ҳимояланган полиграфик маҳсулотлар тайёрлаш усулига тўғри келмаслиги аниқланган.

Фото: Sevimli Tv 

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан сохта ходимга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 3-қисми билан, яъни сохталаштирувчининг ўзи ёки бошқа шахс фойдаланиши мақсадида муайян ҳуқуқ берадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаш ва қалбакилаштириш жинояти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят кодексининг ушбу моддасига кўра, беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланиши кўзда тутилган.

Аввалроқ Сирдарёда ҳам сохта прокурор қўлга олинганди. У қатор фирибгарлик жиноятлари учун суд томонидан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Андижонда сохта ИИБ ходими, Сирдарёда прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг сохта ходими, Бухоро Миллий гвардиянинг сохта ходими, Самарқандда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг сохта ходими, сохта ўт ўчирувчилар ва ИИБ ходими, Тошкент вилоятида сохта «ГАИ» ходими, Сирдарёда сохта прокурор, Тошкентда сохта Миллий гвардия майори, Қашқадарёда Миллий гвардиянинг сохта ходими, Сурхондарёда ўзини «Ички ишлар органи майори» деб таништириб юрган сохта ходим қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид