Жаҳон | 12:28 / 20.03.2022
8718
2 дақиқада ўқилади

Украина ҳукумати: Чорнобайивкада яна бир генерал ҳалок бўлди

Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида Россия Жанубий ҳарбий округининг 8-армияси қўмондони, генерал-лейтенант Андрей Мордвичев ҳалок бўлган. Бу ҳақда Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович, шунингдек Украина қуролли кучлари Бош штаби ҳамда мамлакат ИИВ хабар берди.

Украина ҳукумати маълумотларига кўра, Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган қисм қўмондони бўлган Мордвичев Херсон области Чорнобайивка райони ҳудудида Украина қуролли кучлари томонидан берилган зарба оқибатида ҳалок бўлган. Тахминларга кўра, гап аэродром учун жанглар ҳақида кетмоқда.

Украина қуролли кучлари Бош штабининг 19 март кунги маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Россиянинг шахсий таркибдаги йўқотишлари сони 14,4 минг кишидан ошган. Аммо бу рақам яраланганлар ва асирга тушганларни ҳам ўз ичига олиш-олмаслигига аниқлик киритилмаган.

Россия томони Мордвичевнинг ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқламаган. РФ мудофаа вазирлиги фақат бир марта ўзининг урушдаги йўқотишлари тўғрисида хабар берган. 2 март куни вазирлик Украинада 498 нафар россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани, яна 1597 киши яралангани ҳақида маълум қилганди.

Украина ҳукумати маълумотларига кўра Андрей Мордвичев Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида ҳалок бўлган бешинчи генералга айланди.

Бунгача украинлар  Шарқий ҳарбий округнинг 29-қўшма қуролли кучлари қўмондони генерал-майор Андрей Колесников ҳамда Марказий ҳарбий округнинг 41-қўшма қуролли кучларининг икки генерал-майори — Андрей Суховецкий ва Виталий Герасимов ҳалок бўлгани ҳақида хабар қилганди.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш ва ахборот хавфсизлиги марказининг Россия қуролли кучлари қўмондонлик штаби Росгвардия генерал-майори Магомед Тушаевнинг ўлими ҳақида хабар берган. Чеченистон ҳукумати унинг ўлимини тасдиқламаган. Қурбонлар қаторида 150-мотоўқчилар дивизияси командири генерал-майор Олег Митяевнинг номи ҳам келтирилган.

Ҳарбий ҳаракатлар чоғида томонларнинг маълумотларини мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид