Ўзбекистон | 14:56 / 29.03.2022
27123
6 дақиқада ўқилади

“Ўзбеккосмос” раҳбари — интернет тезлигини ошириш учун сунъий йўлдош учириш ҳақида

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учириши билан “ҳаёт бирданига кескин ўзгариб”, интернет тезлиги ошишини айтганди. “Ўзбеккосмос” директори эса бошқа фикрда, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон шароитида сунъий йўлдош орқали олинган интернет тезлиги пастроқ бўлади.

28 март куни Миллий матбуот марказида “Ўзбеккосмос” агентлиги матбуот анжумани ўтказди. Тадбирда Kun.uz мухбири агентлик директори Шуҳрат Қодировдан Ўзбекистон қачон ўз сунъий йўлдошини учириши ҳақида сўради.

Мухбир бу борада инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 2018 йилда айтган фикрларни эслатган. Ўшанда вазир Ўзбекистоннинг яқин келажакда ўз сунъий йўлдошини учиришини муҳим стратегик йўналишлардан бири сифатида қайд этганди.

“Сабаби бизда аэрокосмик тадқиқотлар йўқолиб кетган эди. Давлат раҳбари ўз мурожаатномасида ҳам бу ҳақда жуда тўғри айтди. 25 йил давомида бу соҳада фаолият олиб бормадик ва аэрокосмик ҳудудимизда бизда эгалик йўқ. Шундан келиб чиқиб, бу соҳада ҳозир стратегик режалар ишлаб чиқиляпти, қўйиладиган энг катта қадамлардан бири – яқин вақтлар ичида ўзимизнинг сунъий йўлдошларимизни учирамиз. Ўзбекистоннинг аэрокосмик ҳудудида сунъий йўлдошларимиз бўлади.

Бунинг натижасида ҳаёт бирданига кескин ўзгаради. Сабаби оддий телевидениедаги узатишлар, интернет тезлиги ошади. Бу соҳада қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Албатта, қилинадиган ишлардан энг каттаси – аэрокосмик тадқиқотлар ўтказиладиган алоҳида институтлар шакллантирилади”, – деганди вазир тўрт йил олдин Халқаро пресс-клуб сессиясида.

“Ўзбеккосмос” агентлиги раҳбари Шуҳрат Қодиров эса сунъий йўлдош орқали олинадиган интернет анча секин ва катта маблағ талаб қилгани учун уни учириш унчалик фойдали эмас, деб ҳисоблайди.

“Саволингиз жуда ўринли. Ким билан мулоқотда бўлмайлик, бу масалани тез-тез кўтаришади. 2018 йилда [“Ўзбеккосмос”] агентлик очилиши бўйича ташаббуслар бўлган, 2019 йилда президент фармони имзоланган. Биз 2020 йил охирида шу фармон ва Вазирлар Маҳкамаси қарорини таҳлил қилиб, уларга бу масала бўйича яна бошқатдан олиб кирдик. У ерда ёзилган нарсаларни ҳаммасини бажаришга биз ҳаракат қилдик, чунки бу бизга юклатилган вазифа, лекин ўша пайтда ёзилган кўп нарсалар... Ким буни ёзиб, ташаббус қилган бўлса, унга аниқ жавоблар ва молиялаштириш бўлиши керак.

Бугунги кунда НАСА агентлигининг бир йиллик бюджети 20 млрд долларни ташкил қилади. Буни агентликка давлат ажратади. Биз бу каби ташаббусларни давлатга беришдан аввал яхшилаб таҳлил қилдик ва ён атрофдаги агентликлар фаолиятини ҳам ўргандик.

Қачон Ўзбекистон ўз сунъий йўлдошини учиради?

Ўзи умуман икки хил сунъий йўлдош бор. Биринчиси алоқа (интернет) учун. Бу бўйича бизда вилоят ва туманларга оптик толали интернет борган. Бизнинг ҳудуд, масалан, сунъий йўлдош ишлатадиган қўшни Қозоғистонга нисбатан жуда кичкина. Шунингдек, бизда аҳоли ҳам зич жойлашган.

Биз ҳозир Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан бу борада ишлаяпмиз. Лекин битта стационар (сунъий йўлдош) 36 минг километр баландликка кўтарилади. Унинг биттасини учириш эса 200 дан 300 млн долларгача туради.

Бизда, шунингдек, уни ким ишлатади ва утилизациясини ким қилади, деган савол ҳам бор. Ўзбекистоннинг ички эҳтиёжига битта сунъий йўлдошнинг 10 фоиз иши тўғри келадими ёки 5 фоизи, биз бунга ҳам жавоб тополмадик.

Иккинчидан, масофа 36 минг километр бўлганидан кейин унинг сигнали яна шунча масофага қайтиб келса, интернет тезлиги бу 600 миллисекунднинг икки баравари, яъни 1 секундга тўғри келади, бу “задержка” беради, [...] яъни сунъий йўлдош орқали олинганда интернет секинроқ келади. Ҳозир Ўзбекистонга интернет оптик тола орқали келади”, – деди у.

Шуҳрат Қодировнинг жавобидан кейин сайт мухбири ундан сунъий йўлдош учириш билан “ҳаёт бутунлай ўзгариб” кетмас экан, нега жамоатчиликка бу ҳақда ваъда берилгани ва хорижий давлатлар нега ундан фойдаланиши ҳақида сўради.

“Мен ҳозир бу масала бўйича жавоб беришга қийналаман. Бизнинг фаолиятимизни ташкил этиш бўйича президент фармони ва Вазирлар Маҳкамаси қарорида сунъий йўлдош учириш вазифаси қўйилмаган.

Ҳаракатлар стратегиясидаги сиз келтирган фикрлар шунчаки ташаббус бўлиши мумкин. Ташаббусни қилишдан аввал унинг ҳисоб-китоби ва режаси бўлиши керак”, – деди “Ўзбеккосмос” раҳбари.

Шуҳрат Қодировнинг жавобига агентлик бошқарма бошлиғи Муҳиддин Иброҳимов қўшимча қилди.

“Охирги 5 йилда космос жуда катта қадамлар билан ривожланиб боряпти. Ҳозир сунъий йўлдош Қозоғистон, Туркманистон ва Озарбойжонда ҳам бор. Бу давлатлар 2014 йилгача космосга ўз сунъий йўлдошларини чиқарган. Бу сунъий йўлдошлар геостационар дейилади ва 36 минг километр баландликка учирилади. Бу йўлдош интернет учун эмас, мустақил алоқани таъминлаб бериш учун қилинади.

Уни Ҳаракатлар стратегиямизда акс этиши бўйича гапирадиган бўлсак, дунё бир жойда турмайди. Ҳозир SpaceX компаниясининг Starlink номли 2-3 мингта сунъий йўлдоши бор. Бу технологиялар қуйи орбитада жойлашган ва улар биздаги оптиқ тола билан таққослаб бўладиган тезликда интернет етказиб беради.

Масалан, оптик толада интернет узатиш тезлигини Нью-Йоркдан Тошкентгача 56 миллисекунд деб олсак, Starlink'да бу космос орқали бўлгани учун 40-42 миллисекунд тезлик имкониятини беради.

Бу вазиятда 5-6 йил аввалги ёзилган стратегия бир томон бўлса, ҳозирги вазият бошқа бир томон. Биз стратегия бўйича давлатдан 200-300 млн доллар пул олиб, сунъий йўлдош учиришимиз мумкин, лекин унда сизлар нега бу ишни қилдингиз, дея сўрайсизлар.

Биз агентлик сифатида ҳар бир ишимизда имкониятларни кўриб чиқамиз. Чунки биз натижа учун ҳаракат қилишимиз керак”, – деди “Ўзбеккосмос” агентлиги бошқарма бошлиғи.

Мавзуга оид