Жаҳон | 14:35 / 30.03.2022
11115
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Россияни Қора денгизда 100га яқин кемани тўхтатиб қўйишда айблади

Таъкидланишича, Россия Қора денгизда жаҳон бозорига озиқ-овқат етказиб бериши керак бўлган 94та кемани ушлаб турибди.

Фото: DPA

АҚШ Давлат департаменти раҳбари ўринбосари Уэнди Шерман глобал озиқ-овқат инқирози келиб чиқишига Россия президенти Владимир Путин айбдор деб ҳисоблайди.

"Путин уруши оқибатлари Украина чегарасидан ташқарига чиқиб, жаҳон озиқ-овқат хавфсизлигига бевосита хавф солмоқда. Адашманг: ушбу озиқ-овқат инқирозини Путин келтириб чиқарди. Буни тўхтатадиган ягона инсон ҳам у", - деб ёзди Шерман твиттерда.

Унинг маълумот беришича, Россия ҳозирда Қора денгизда жаҳон бозорига озиқ-овқат етказиб бериши керак бўлган 94та кемани ушлаб турибди.

Давлат департаменти маълумотларига кўра, жаҳондаги кунгабоқар мойи экспортининг 75, буғдой экспортининг 20 фоизи Қора денгиз ҳудудига тўғри келади.

"Путин уруши Украинадан буғдой олиб чиқишга имкон бермаяпти. Украина шаҳарлари ва асосий инфратузилмасининг тинимсиз бомбардимон қилиниши охирги ўн йилликдаги энг тез кучаяётган гуманитар инқирозлардан бирининг келиб чиқишига бевосита сабаб бўлмоқда", - деб таъкидлади Шерман.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид