Жамият | 18:07 / 02.04.2022
32054
28 дақиқада ўқилади

Ҳаёт синовларига дош берган 5 қизнинг онаси

Беш қизнинг онаси, олтиариқлик 35 ёшли Зулайҳо Турғунбоеванинг бошидан кечирган машаққатлари қалбларни ларзага солади. Ўғил туғиб бермадинг, дея турмуш ўртоғи бошқага уйланиб уйдан чиқиб кетгани, яшаб турган ҳовлисини қўшни аёл макр билан бошқага сотиб юбориши ортидан у 5 қизи билан кўчада қолиб кетган. Ўз ҳовлисининг бир бурчагида нон пишириш цехининг кичик хоначасида ҳожатхонасиз 4 йил яшаган...

Шундай пайтлар бўлганки, фаррошлик қилиб рўзғор тебратаётган онаси фарзандлари учун бозордан мева олиб келса, норасидалар ҳожатхона йўқлигидан мева ейишга ботина олишмаган.

Яхшилар бор экан, макр билан 7 минг долларга пуллаб юборилган ҳовлисини яхшилар кўмагида 30 минг долларга қайтариб олган...

 (Сотиб юборилган ҳовли)

Зулайҳо 2003 йилда турмушга чиқди. 2016 йилда тўртинчи қизидан кейин бешинчи фарзанди — Шукрона дунёга келди. Ҳаммаси шундан бошланди...

«Тумандаги 30-мактабда 9-синфгача ўқидим. Шундан кейин Қапчиғай қишлоғидаги коллежда иқтисодиёт йўналишида таҳсилни давом эттирдим. Талабалик давримда онам вафот этди. Оилада 6 нафар фарзанд эдик. 5 қиз ва бир ўғил. Мен учинчи фарзанд эдим.

2003 йилда онамнинг қариндошига турмушга чиқдим. Келин бўлиб тушган уйда чол-кампир бўлгани учун кексаларни парвариш қилади, деб мени олиб беришган экан.

2004 йилда катта фарзандим Шоҳсанам туғилди. Тўнғич қизимдан кейин яна 3 қизни дунёга келтирдим. 4-қизим дунёга келгунича ҳаммаси маромида эди. Хўжайиним билан яхши яшаганмиз. Намунали оила эдик. Маҳалланинг олди келини эдим. Хўжайиним билан ҳовлимизнинг бир бурчагида тадбиркорликни бошлаб кичик «хлеб» цехи очган эдик.

2016 йилда 5-қизим дунёга келди. Орада қайнота-қайнонамлар ўтиб кетишди. 5-қизим туғилгандан кейин эрим ичкиликка ружу қўйди. Мен хўжайинимни тўғри йўлга солмоқчи бўлдим, лекин уддасидан чиқа олмадим.

Хўжайиним ўғил фарзанд хоҳлаб, бошқа қизга уйланиб олди. У аёлдан ўғил фарзанд кўрди.

2016 йилнинг 8 декабрь куни суд ижросидан вакил бўлиб бир одам ҳовлимизга кириб келди. Бу пайтда хўжайиним янги оиласи билан бошқа жойда яшар эди. Мен эса 5 қизим билан ҳовлида ёлғиз қолган эдим», – дейди у.

 (Зулайҳо Турғунбоева қизлари билан)

Зулайҳо қаҳратон қиш фаслида 5 қизи билан кўчада қолди. У пайтда қўлида 6 ойлик чақалоғи бор эди. У иложсизликдан ота уйига кетишга мажбур бўлди.

«Ижрочилар хўжайиним ҳовлини сотиб юборгани, уйни бўшатишимиз кераклигини айтди. Мен карахт бўлиб қолгандим. Маҳалладан, ички ишлар бўлимидан одам келди. Ҳовлини бошқа шахсга сотиб юборилганидан хабарим йўқлиги, ҳатто олди-берди шартномасига имзо қўймаганимни айтиб, уйни бўшатмаслигимни ижрочиларга айтдим.

Бу масалаларнинг барчаси судда кўрилишини айтишиб, 5 нафар болам билан мени кўчага чиқариб қўйишди. Ота уйимга бош олиб кетдим.

Хўжайинимнинг ўзгага уйланиб олгани, яшаб турган ҳовлимизнинг бошқага сотиб юборилиши, бошқа бир томонда фарзандларимнинг мунгли кўзлари — буларнинг барчаси менга қаттиқ таъсир қилди. Натижада танамнинг бир томони ишламай қолди. Ҳассага суяниб қолдим. ФҲДЁ идорасида ҳассага таянганимча фаррошлик қилиб фарзандларимни боқиб юрдим. Маҳалладан ёрдам ҳам сўрамадим. Бировга оғирлигим тушишини хоҳламасдим».

Эри 5 қизни меҳрибонлик уйига топширмоқчи бўлди. Лекин Зулайҳо бунга рози бўлмади. У жондан азиз қизларини мардикорчилик қилиб бўлса ҳам бир ўзи боқишга аҳд қилди.

«Ота уйимда қийналдим. Фарзандларимнинг мактаби олисда қолиб кетган. Узоқдан қатнаш муаммо. Мен эса ҳужжат ишлари билан тегишли ташкилотларга «югурар» эдим.

Кунларнинг бирида отамнинг жаҳли чиқиб хўжайинимга қўнғироқ қилди-да «фарзандларингни олиб кет, хоҳласанг уларни меҳрибонлик уйига жойлаштир», деб койиб берди. Отам менга ачинганидан, мени изтиробга тушиб азобланаётганимни кўриб чидай олмасдан шу гапларга айтишга мажбур бўлганди.

Шундан кейин хўжайиним ҳокимиятга келиб болаларимнинг меҳрибонлик уйига топширишлигини айтибди. Мен бунга қарши бўлдим. Ўша куниёқ прокуратурага кириб ҳовлимиз бурчагидаги «хлеб» цехига газ улаб беришда кўмак беришларини, мардикорчилик қилиб бўлса ҳам болаларимни ўзим боқишимни айтдим. Уй масаласа ҳал бўлгунича яшаш учун жой йўқлигидан цехнинг кичик хонасини бошпана қилишдан бошқа чора йўқ эди.

Ота ҳовлимда яшашни ўзимга эп кўрмадим. Болаларимнинг ўксиниб қолишини истамас эдим.

Бир томондан фарзандларимнинг болалигини ўғрилаб қўйган бўлсак, бошқа бир томондан эса зурриёдларим қиз бўлиб дунёга келганидан ва бунинг учун бошимизга шунча кулфатлар келаётганидан ўзларини айблашаётгандек эди».

Зулайҳо кундуз кунлари токзорда ишлади. Қош қорайганда уйга келиб фарзандлари ҳолидан хабар олиб, ундан кейин давлат хизматлари марказида фаррошлик қилди.

«Прокуратура ёрдам кўрсатиб, сотилиб кетган ҳовлимиз четидаги цехнинг кичик бир хонасига газ улаб беришди. Ўша цехнинг хоначасида 5 қизим билан 4 йил яшадим. Бу уйчанинг ҳожатхонаси йўқ. Челакка ҳожат чиқарардик. Фарзандларим дунёга келган севимли ҳовлимизнинг бир четида ҳожатхонасиз бир уйчада яшар эдик. Ҳовлимизда эса етти ёт бегоналар яшашарди.

Кундуз кунлари узум боғда, кечаси эса туман давлат хизматлари маркази биносида фаррошлик қилиб юрдим. Шу марказда қурилиш бўлаётган маҳал усталарга овқат қилиб юриб ошпазлик ҳам қилдим. Хўжайинимнинг муқим иши йўқлигидан уни алиментга бермаган эдим. Хўжайиним йўл кўрсатадиган одами йўқлигидан тўғри йўлдан адашган эди.

Ёшлигимда боғдорчилик билан шуғулланганим учун узум парвариш қилиш қўлимдан келарди. Токзорда ёнимга 5-6 аёлларни олиб 2 йил ишладим. Эрта тонгдан соат 18 гача токзорда ишласам, уйга келиб фарзандларим ҳолидан хабар олиб кейин давлат хизматлари марказига фаррошлик қилиш учун кетардим. Икки жойда ишлаб рўзғордан оз-моз пул орттирганим учун уй масаласига ечим топиш илинжида судларга қатнай бошладим. Бу орада 4-қизим «сариқ касал» бўлиб қолди. Уни касалхонага ётқиздим. Қўлимда эса чақалоғим бор эди», – дейди Зулайҳо.

Зулайҳо бешинчи қизини боқишга қийналганидан эмас, яқин дугонасининг қиз фарзанди йўқлигидан берди.

«Бошимдан кўп мусибатлар ўтди. Бу ҳаётда жуда кўп нарса йўқотдим. Лекин шу пайтгача афсусланмадим. Фарзанд боқиб қийналмадим, улар менинг бойликларим дейман. Аллоҳ уларни яратиб қўйган экан, болаларимнинг ризқи ҳар томондан келади. Ҳақиқатни айтишим керак. Бозордан бир қоп ун ёки ёғ олмайман. Олтиариқ туманимизда шундай саховатпеша инсонлар борки, улар томонидан харажатлар ташлаб кетилади. Уларнинг ҳатто кимлигини ҳам билмайман.

Саховатпеша инсонларни намозларимда доим дуо қиламан. Ёлғиз қолганимда кўп йиғлайман. Қандай инсонларнинг келини эдим, дея. Мен тушган оила катта эҳсон қилувчи, намунали оила эди. Ота-онамдан кўра ҳам ҳаётда яхши инсонларни топганман, деб қувониб юрардим. Қайнона ва қайнотамлар менга ота-онамдан ҳам кўпроқ меҳр беришган. Уларнинг дуосидан мен уйимни қайтариб олишга эришдим, деб ўйлайман. Улар мени кўп дуо қилишган.

4 йил цех ичида яшаган пайтда хўжайиним маҳалла аҳлидан орият қилиб, қизларини кўргани ҳам келмай қўйди.

5-қизимни қийналганим сабабли эмас, ўзимнинг яқин дугонамга қиз фарзанди йўқлигидан бердим. Дугонам қизимни олиб ҳар ҳафта ҳолимиздан хабар олиб туришади. Кимлардир фарзандини дугонасига сотибди, деб гап ҳам чиқаришди. Жаҳл устида хўжайинимга фарзандларингизни кўчада кўрсангиз кўринг, лекин уйга келманг, деб айтганман. Мана уйимни қайтариб ҳам олдим. Ҳозирги ҳаётим яхши. Аллоҳга шукр, нолимайман».

Зулайҳо уйлари қандай қилиб сотилиб кетганини ҳам гапириб берди. У хўжайини билан бирга «хлеб» цехини юргизиш учун кредит олган экан. Бозорда ун нархи кўтарилиб кетиши ортидан цех касодга учраган. Оила кредит тўлашда қийинчиликка дуч келган. Юлдуз исмли қўшни аёл кредитни тўлаб бермоқчи бўлди...

«Ҳовлимизда цех очган пайтда баъзи бир жиҳозларга пул етмай қолганидан кредит олган эдик. «Хлеб» цехимиз аввалида яхши юрди. Бозорда ун нархи кўтарилиб кетиши ортидан цехимиз касодга учради. Кейин цехни ёпиб қўйдик.

Орада хўжайиним ичагидан рак бўлиб қолди. Шифокорлар бу жиддий касаллик экани, бунинг охири ўлим билан тугаши ҳақида айтишиб бизни қўрқитишди. Касаллик билан жиддий курашиб эримни даволатдик. Хўжайиним тузалиб кетди. Лекин цехни юргизиш учун олинган кредит тўлови тўланмай қолиб кетган эди.

Мен у пайтда далага пахта тергани чиқардим. Бир куни даладан қайтсам (у пайтда қайнонам ҳаёт эди) сўрида ўтирган қайнонам келганимни кўриб «яхшиямки маҳалламизда яхши инсонлар бор экан», деб қолди. Қайнонамдан гап нима ҳақида эканини сўраганимда қўшни аёл Юлдузхон уйга чиқиб цехни нега юргизишмаётганини сўрагани, хўжайини кредит тўлови сабаб тўхтатиб турилганини қўшни аёлга айтганида қўшни аёл бировларнинг қўлида катта пули борлиги, кредит тўловини тўлаб беришлиги, цех ишини давом эттиришларини айтган. Бунинг эвазига эса қўшни аёл цехни гаровга қўйиб берасиз, деган.

Давлатдан кредит олиш учун цех ўрни бўлган 2 сотих ерни ҳужжатлаштириб ўша жой гаровга қўйилган эди. Қўшни Юлдуз опага жой аллақачон гаровга қўйилганини хўжайиним айтганида бу масалани маслаҳатлашиб кўрамиз, деб чиқиб кетган экан.

Қўшни аёлнинг бу таклифини эшитиб хўжайинимга калта ўйламанг, бу аёл жуда кўпчиликни чув туширгани ҳақида эшитганман деб айтдим. Шу шу бу мавзу ёпилиб кетган эди».

Қўшни аёл Зулайҳонинг эрининг бошини айлантириб кредитингни тўлаб бераман, эвазига яшаб турган ҳовлингни гаровга қўйиб берасан, деб нотариусдан тасдиқлатиб олди. Бу иш Зулайҳодан яширинча амалга оширилди...

«Бир муддат ўтиб қайнонам вафот этди. Хўжайиним касал бўлиб қолганида даволатмоқчи бўлиб бўш турган томорқамизни сотиб юборган эдик. Сотилган пулдан 400 доллар олиб қайнонамга шифокорлар ракнинг давоси йўқ дейишаётгани, мана бу пулни олингда эҳтиёт шарт эримнинг маросимларига ишлатишга олиб қўйинг, деб берган эдим. Бу пулларни қайнонам камзулининг чўнтагида эҳтиётлаб юрди. Қайнонам касал бўлиб қолди орада. Бунинг устига хўжайинимни 3-марта операция қилишимиз керак эди. Пул топа олмай қайнонамдаги 100 долларни олиб ишлатдим. Қайнонамнинг қулоғига сирға олиб берган эдим. Уни ҳам сотдим. Шу пулларни ишлатиб қайнонам ва хўжайинимни шифохонадан соғ-омон олиб чиқдим.

Орадан бир оз вақт ўтиб қайнонам оғирлашиб қолди. Қайнонам камзулидаги қолган 300 долларни олиб ён қўшнимиз хўжайинимнинг амакиси Ҳошим хожининг ёнига кириб хўжайиним ёки қайнонамга бир нарса бўлиб қолгудек бўлса, ўлимтигига ишлатасиз деб бердим.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай қайнонам вафот этди. Ўша пулга уларнинг барча маросимларини ўтказдим. Айнан мана шу маросимлар билан овора бўлиб қолганимда қўшни Юлдуз опа хўжайинимни кўча бошидаги нотариусга олиб чиқиб кредитингни тўлаб бераман, эвазига яшаб турган ҳовлингни гаровга қўйиб берасан деган. Хўжайиним уйимни гаровга қўймайман деганида аёл унда ишончнома ёзиб берасан, деб амаллаб кўндирган экан. Менинг иштирокимсиз ва имзомсиз нотариусда ҳовлига ишончнома қилдирилган. Маҳалла комитетидагилар хўжайининг уйингга Юлдузга ишончнома қилдириб беряпти, деб бир оғиз айтишмаган.

Бу пайтда ҳомиладор эдим. 2016 йил 24 июнда бешинчи қизим дунёга келди. Кенжам чақалоқлигида ижродан одам келган эди. Ўз ҳовлимдан чиқариб ташлашди».

Қўшни аёл Юлдуз Хонқиз деган қишлоқда яшовчи Давлат исмли танишидан 7000 доллар қарздор бўлиб, у ҳовлининг Давлатнинг номига ўтказиб бериб, ўша қарзидан қутулмоқчи бўлгани кейинроқ ойдинлашади....

«Ҳовлини қайтариб олиш учун судларга қатнадим. Уй учун тўполонлар қилдим. Қўлимга сотилган уй пулини олмаганман-ку. Ишончномага мени қўл қўйган, дейишди. Лекин кейинчалик қўл қўймаганлигим ўз исботини топди. Менга кредит тўлашга деб алдаб имзо қўйдириб олишган экан. Кредит тўлаб берамиз, деб айтишиб ҳовлига ишончнома тайёрлатиб ҳовлини бошқасига сотиб юборишган экан.

Юлдузнинг Хонқиз деган қишлоқда яшовчи Давлат исмли танишидан 7000 доллар қарзи бор экан. Юлдуз ҳовлимизнинг Давлатнинг номига ўтказиб бериб, ўша қарзидан қутилмоқчи бўлган.

Мен бу пайтда цехнинг кичик бир ҳожатхонасиз хонасида 5 фарзандим билан яшар эдим. Судларга шу масалада учрасам фақат Давлат томонига ҳал қилиб берди. Суд ҳақиқатни юзага чиқариб бермади. Ҳеч ким ҳолатни аниқ келиб ўрганмагани алам қилди. «Айб ўзларингда»дан бошқасига ўтишмади.

Қайси ташкилотга учрамай, қай бир шахс билан гаплашмай улар уйимни барибир қайтариб ололмаслигимни айтишарди».

Маҳалла аҳли Зулайҳони беш фарзанди билан ҳеч қаёққа кетмайди, дея қўриқлашган. Ҳаттоки, туман ҳокими берган уйнинг калитини ҳам рад этишган.

«Ҳовлимни қайтариб оламан деб олдимга қатъий мақсад қўйдим. Ҳокимбува Қизилтепадан ҳаттоки уй бераман, деб калитларигача қўлимга тутқазди. Лекин рози бўлмадим. Маҳалла ҳам мен томон бўлиб бу ердан чиқиб кетмайсиз, деб туриб олишди.

Маҳалла аҳли ҳокимнинг ёнига бориб, «Беш қизи билан бу аёлни ҳеч қаерга чиқармаймиз», дейишди. Аёл беш қизи билан бегона жойга чиқиб кетса, қизлари чиройли, ўзи эса ёш жувон, она ишга чиқиб кетса қизларини тергайдиган одам йўқ, ҳар қанақа иснодли вазиятлар бўлиши мумкин, дея маҳалла мен учун, оилам учун жон куйдирди.

Қачонки ўз уйини қайтариб олади ўшанда уйига киради, унгача пекарний ичида яшайди деб туриб олишди. Маҳалла аҳли доим моддий ёрдам бериб турди».

Зулайҳога «Меҳржон» аёлларни ҳимоя қилиш марказидан ёрдам таклиф қилинди. У бу ташкилот муаммони ҳал қилиб беришига ишонмас эди. Зулайҳо уйга ўт қўйишга ҳам мажбур бўлган кезлар бўлди.

«Маҳалламизда Вали ака деган киши бор. Шу ака менга «Меҳржон» деган жамғарма борлиги, ҳимояга муҳтож аёлларга жамғарма ёрдам беражаги ҳақида айтди.

Орадан бир муддат ўтиб «Меҳржон» жамғармасидан Хуршида исмли аёл қўнғироқ қилиб оиламни ўрганишларини, ёрдам беришларини айтди. Эртаси куни улар мен ишлайдиган токзорга боришди. Хуршида опа билан маҳалламизда йиғилиш ўтказди. Йиғилишда уйимизни алдаб сотиб юборган Юлдуз ҳам иштирок этди. Уйимизни 7000 доллар ҳисобига олган Давлат исмли бола Полосон қишлоғида яшовчи Нуриддин Бўроновга 15 000 долларга сотиб юборган экан. Нуриддин сотиб олган уйида яшаб юрди. Уйнинг янги хўжайини билан уришдим. Аламимни ичимга сиғдира олмай ҳатто бир куни уйга бензин билан ёқиб юбордим ҳам. Ўтни дарҳол ўчиришди...» – дейди Зулайҳо.

Зулайҳо жигар циррози касалига чалинди. У бу ҳаётда фарзандлари учун ҳам яшаши кераклигини англаб етди. Касалликка қарши астойдил курашди...

«Янги кўчиб келган хонадон эгаси маҳаллани чақириб ош бермоқчи бўлди. Лекин ошига ҳеч ким чиқмади. Биз қандай қилиб ош егани кирайлик? Беш боласи билан тирик тул бир уйчада тиқилиб ўтирибди, деб қўшнилар чиқишмаган.

Маҳалладаги ёши катталарни ўз отамдек кўраман. Кичикларни эса акамдек. Улар қизларимни тергаса мен доим хурсанд бўлганман. Маҳалла менинг отам ва онам. Мазам қочса, ҳаётинг учун шунча курашдинг, дея бирма бир ҳамма йўқлаб чиқади.

Яқинда қаттиқ бетоб бўлиб қолдим. Тўсатдан бутун танам шишиб кетган эди. Аппаратга тушсам жигар циррози ташхиси қўйишди. Жигар циррози бўлсам ўлиб қолар эканман, деб тушкунликка тушиб қолдим. Даволандим лекин фойдаси бўлмади. Маҳалладан иссиқхона қуриб беришган эди оиламизга ҳарна бўлар деб. Иссиқхонада 3 марта кўчат қилиб сотиб пулини эҳтиётлаб қўйгандим. Шу пулга қолип ва печ олиб цехимизга ишга тушираман деб юрган эдим. Қолип олишга улгурдим, лекин печ олишга келганида пулларимни даволанишга сарфладим.

Фарғона шаҳридаги хусусий клиникага бориб врачга турмуш ўртоғим йўқлиги, беш қизим учун ҳам ҳали яшашим кераклигини айтдим. У ерда аниқ ташхис қўйиша олмади. Чунки бир ой давомида ичим юрмади. Қорним шишиб, рангим сарғайиб кетган эди. Кейинги текшириш натижалари асаб бузилишидан кўп соҳаларнинг ишлаш тизими сустлашганини кўрсатди. Яратганга шукр анча яхши бўлиб қолдим. Масжидлардан ёрдам беришди ўша пайтда. Ҳозир ҳам ёрдам бериб туришибди».

Туман ҳокими фермерлардан 10000 доллар, имом хатиб атрофдан 20000 доллар йиғиб, 7000 долларга сотилган ҳовлини 30000 долларга қайтиб сотиб олиб беришди. Зулайҳо мақсадига етди.

«Фарзандларимни хафа бўлишини хоҳламайман. Менга тош отилса ҳам кўтараман. Лекин фарзандларимнинг бир томчи кўз ёшини кўтара олмайман. Чунки уларнинг болалигини уларнинг ҳаётларини афсус надоматга тушириб қўйганмиз. Фарзандларим болалик гаштини сурмади, деб ҳисоблайман. Булар ёш бўлса-да, машаққатларни кўриб туриб улғайиб қолишган.

Кунларнинг бирида боғдаги ишни тугатиб уйга келдим. Қарасам иккинчи қизим хафа бўлиб йиғлаб ўтирибди. «Нега йиғлаяпсан?» деб сўрасам уйимизни сотиб олган Нуриддин сўкиб, ҳақорат қилганини айтди. У қизларимни «ҳаромилар» деб койиган экан.

Хўрлигим келиб идишдаги бензинни олдим-да эшигини тепиб тўғри уйига кириб бордим. Эшик ёнидаги боғлаб қўйилган ит ҳам уйга киришимга тўсқинлик қила олмади.

Уйга бензинни тўкдимда жаҳл устида, агар яна бир марта қизларимни хафа қиладиган бўлсанг уйингга ўт қўяман, бир кун келиб уйимни барибир қайтариб оламан, деб нола қилдим. Ўзимни тўхтата олмас эдим бу пайтда. Уйга тўкилган бензин устига эса гугурт чақиб ташладим. Уйда олов аланга олди. Дарҳол Ички ишлар ходимлари уйга етиб келишди. Маҳалладан ҳам тумонат одам йиғилди.

Ички ишлар ходимларига сизлар ҳам бир кун мен яшаётган уйда ҳожатхонасиз яшаб кўринглар, болаларингни гаршокка ўтирғизиб, уни кеч соат 12 да ташқарига тўкиб келинглар, менинг ҳолатимни кейин тушунасизлар, дедим. Ички ишлар ходимларига бир кун келиб уйимни албатта қайтариб олишимни айтдим. Улар менинг ҳолатимни тушунгандек бўлишди.

Болаларим туғилган уйни фарзандларим хоҳишига кўра қайтариб олиш бирдан бир тилагим эди. Жанжал бўлиб ўтган куни хўрлигим келиб барча ҳужжатларни тахт қилиб, Меҳржон жамғармаси раҳбари Хуршида опанинг ёнига бордим. Хуршида опага уйни қайтариб олиш зарурлиги, ҳужжат ишлари ва йўлкира учун пул тўплаб қўйганимни айтдим. Маҳалла аҳли ҳам жим қараб туришмади. Суд ва адвокатлик ишлари учун пул йиғиб беришди, барака топишсин.

Хуршида опа Танзила Норбоеванинг қабулига бориш кераклигини тушунтирди. Танзила Норбоева қабулидан чиққанимдан кейин Умид исмли адвокатга учрашиш лозимлигини тушунтиришди. Адвокат қабулига кирдим. У агар ҳовли ҳадя тарзида ҳужжатлаштирилган бўлса қайтариб олиш муаммо эканини уқтирди. Адвокат Давлатназар исмли журналист борлиги, Олтиариққа келиб зиддиятли ҳолатни ўрганиш кераклигини айтди.

Орадан бир муддат ўтиб, Хоразмдан Давлатназар Рўзметов келиб ҳолатни ўрганди. Фарзандларимдан ҳам интервью олди. Тайёрлаган интервьюни интернетга чиқариб юборди. Сайтда чиққан лавҳадан кейин барча раҳбарлар ҳаракатга тушиб қолишди. Бунинг ортидан жуда кўплаб одамлар томонидан менга ёрдам таклиф қилинган. Баъзилар уй калитларини беришиб ҳовлингизни қайтариб олгунингизча яшаб туринг дея таклифлар беришган. Рози бўлмадим.

Туман ҳокими фермерлардан 10000 доллар, имом-хатибимиз атрофдан 20000 доллар йиғиб, уйни қайтиб сотиб олиб беришди. Маҳалла оқсоқоллари ва маҳалладошларнинг барчаси пул йиғишда ўз ҳиссаларини қўшишди.

7000 долларга сотилган ҳовлини қўлдан қўлга ўтиб 30000 долларга қайтариб сотиб олдик. Уйнинг охириги эгаси ҳовлимизнинг чап томонида қурилган барча иморатларни бузиб, материалларигача ўзи билан олиб кетди. Уйни бузаётганларида жанжал кўтарганимда оқсоқоллар шаштимдан қайтаришган».

Зулайҳонинг қизлари «қорнимиз оғриб қолгудек бўлса ҳожатхонага қаерга борамиз?» деб у бозордан олиб келган меваларини атай ейишмас эди... Буни кейинчалик қизларидан бири айтиб берди.

«Сурункали гепатитим бўлгани учун қизларим менинг сиқилишимни хоҳлашмайди. Улар отасини ич-ичидан соғиниб турсалар-да, буни менга билдирмасликка ҳаракат қилишади. Фарзандларим менга сиз сабаб бўлиб уйимизни қайтариб олдик деб кўп айтишади.

Бу нарса бутун умр хотирамда қолса керак: ҳовлимизга қайтиб кирган пайтимиз кичик қизим «урра энди бизнинг ҳам ҳожатхонамиз бор», деб ҳожатхонага югурган. Бу ҳолатдан алланечук бўлиб кетганман.

Бирор танишим билан учрашиб қолсам, уларнинг уйимни таъмирлаш керак деган гапини эшитиб қолгудек бўлсам, ҳозиргача хожатхоналаринг бўлса бу сизларнинг бойликларинг дейман. Чунки пекарнийда яшаган пайтимизда боғда ишлаб юрган кезимда уйга қуруқ келмас эдим. Болаларим ўксимасин дея уларга бозорнинг олди нарсасини едирардим. Олиб келган меваларни тозалаб ювиб болаларимнинг ёнига қўяр эдим. Лекин негадир улар ейишмас эди...

(4 йил давомида оилага бошпана бўлган пекарний)

Кейинчалик уйни қайтариб олганимиздан кейин қизларимдан бири бир гап айтсам хафа бўлмайсизми, деб қолди. Пекарнийда яшаганимизда қорнимиз оғриб қолгудек бўлса қаерга ҳожатхонага борамиз, деб олиб келган меваларингизни атай емас эдик...

Бу гаплардан кейин намозни ўқиётиб, ўксиниб йиғладим. Кейин яхшилаб эслаб кўрсам ростдан ҳам қизларим ўша пайтда олиб келган меваларни ейишмас эди. Буларнинг барчасини қизимнинг гапидан кейин эсладим. Меваларни маҳалла болаларига берар эдим.

Халқ ёнида, барча-барчанинг ёнида мен қизларимдан кечирим сўрайман. Чунки биз ёшлик қилганмиз. Биров бизга йўл кўрсатмаган. Менинг ориятим кучлилик қилган ўзгадан ёрдам сўрагани. Фарзандларим учун ҳам уйимизни қайтариб олдик. Бутун Олтиариқ халқига, туман имом-хатибига, ҳоким ва прокурорларга, умуман менга ёрдам берган барча-барчага раҳматлар айтаман. Улар мени ҳозиргача қўллаб-қувватлаб келишади. Уйда харажатим бўлса-да, улар яна олиб келишади. Улар касаллигим туфайли мени аяшиб фарзандларинг учун ҳам соғлигинг керак, оғир меҳнат қилма деб доим уқтириб келишади».

Зулайҳо гарчи ўзи ва фарзандларини ташлаб кетган бўлса ҳам, хўжайини кейинги турмушидан кўрган ўғли билан бахтли яшашини хоҳлайди.

«Хўжайинимни кимдир шу ерда, яна кимлардир Россияда дейди. Яна кимлардандир унинг қидирувда эканини эшитганман. Хўжайинимнинг ҳаёти мен учун умуман қизиқ эмас, чунки буёғига ўзим оёққа туришга ҳаракат қиламан.

Катта қизим отаси билан гаплашиб туради. Телефон номеримни атай кўп алмаштираман. Номеримни билиб қолиб телефон қилса, рақамимни дарҳол янгисига алмаштириб оламан. Хўжайиним билан гаплашишни ҳам хоҳламайман. У инсоннинг тақдири мени қизиқтирмайди. Унинг нияти ўғил кўриш эди. Энг яхши кунларини ўша фарзандидан кўрсин, дейман. Бошқа унга ёмон тилагим йўқ.

Бировнинг ёнида хўжайинимни ёмон демайман, чунки ундан ёмонлик кўрмаганман. Ҳаётда эркак киши адашса уни Аллоҳ ҳам кечиради, дейишадику. Аёл киши адашмасин дейман. Аёл кишининг адашиши тўғри келмайди, чунки мен шу кунгача бешта фарзандимнинг келажагини ўйлаб иш тутганман. Қийналсам ҳам шу фарзандларимни ҳалол йўл билан боқишга ҳаракат қиламан. Чунки ҳалоллик бўлса Аллоҳ етказаверади бандасига. Мен бу нарсани ўзимнинг бошимдан ўтказдим. Тўғри юриб, тўғри турганим учун ёнимда минг сўм пулим қолса, кўп синайман, беш дона қурут бўлса ҳам олиб келиб болаларимга бераман», – дейди у.

Зулайҳо беш қизи билан новвойхонада яшаган кезларда фарзандларининг эски-туски усти бошларини ёқиб, уйчани иситар эди. У ҳозир бу дамларни худди тушида кўргандек эслайди...

«Ҳалигача қиш фаслида пекарнийда яшаган дамлар кўз ўнгимдан ўтади. Ҳудди қўрқинчли тушга ўхшайди. Баъзида газ бўлган, баъзида бўлмаган. Ўтин олиб келсам уни қўйгани жой бўлмаган. Фарзандларимнинг эски туски усти бошларини ёқиб уйни иситар эдим. Хлеб печи бор эди уни ёнига темир печка қўйиб туриб, димоходидан печнинг трубасини улаб кун кўрганмиз. Лекин шунда ҳам афсусланмаганман.

Мен ҳаётимдан афсусланмаганман, чунки фарзандларим чиройли ақлли, хушли. Мен борманки, ҳаётда фарзандларимга муаммо йўқ деганман. Ҳаёт учун курашганман. Бундан кейин ҳам курашаман. Кўпчилик қизиқиб сўрашади тўртта фарзандни қандай қилиб боқяпсиз деб. Бизнинг турмуш ўртоғимиз туриб етказа олмаймиз дейишади. Мен кўпроқ Аллоҳга ишонаман, энг кўпи ибодатларимда сурайман ҳалолидан, ғойибидан ризқ бергин деб. Ҳеч кимга оғирлигимни туширмагин Аллоҳ дейман. Аллоҳ етказади. Аллоҳ ғойибидан беради, деб жим ўтирмайман. Ҳаракат қиляпман...».

Яхшиларнинг кўмаги билан ўз уйини қайтариб олган Зулайҳо тинч ўтиргани йўқ. Унинг олам-олам режалари ва орзулари бор.

«Кимдир келиб сомса ёки патир қилиб беринг, деб буюртма қилади. Кимдир қатлама қилиб беринг дейди ёки кимдир опа бугун ишим бор эди, боламга қараб туринг, дея фарзандларини ташлаб кетишади. Уларга энагалик қиламан.

Давлат томондан иссиқхона қуриб берилган. Эрта баҳорда кўчат қиламиз. Ҳовлига узум экиб қўйганман. У ерга ҳам иссиқхонали ток қилмоқчиман. Иссиқхонанинг ичида ҳам узум бўлади, ҳам бодринг. Помидор экса ҳам бўлади.

Олдинда режаларим жуда кўп. Биринчи навбатда цехни юргизмоқчиман.

Уйда энагалик қиламан бекор ўтиргандан. Давлат ишида ишлайдиган инсонларнинг фарзандига қарайман. Тўйларга патир, сомса буюртма беришади, қилиб бераман.

Энди насиб бўлса уй эгаси томонидан бузилиб кетган уй ўрнига боғча қилмоқчиман. Ёнига эса ҳожатхона ҳаммом, ҳамма шароити ичида қилиб икки қаватли уй қурмоқчиман. 1-қаватини уй боғча қилмоқчиман, тепасини чевархона, IT маркази ташкил қиламан», – дейди Зулайҳо.

***

Оиланинг қизлари ота-онаси вақтинча ташлаб кетган болажонларни ўйнатиб ҳовли саҳнида юрар, Зулайҳо эса томорқадаги экинларни парвариш қиларди. Бир қарашда машмашалардан безган ҳовли ҳам чинакам эгасини ўз бағрига олганидан севингандек эди...

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид