Ўзбекистон | 09:51 / 05.04.2022
8468
4 дақиқада ўқилади

Сариосиёдаги кичик маҳалланинг катта муаммолари: маҳалла аҳли раҳбарлар эътиборидан умидвор

Сариосиё тумани марказидаги Мирзо Улуғбек маҳалласида истиқомат қилувчилар ечимини кутиб ётган муаммолар ҳақида мурожаат қилишди.

Маълум бўлишича, маҳалла кўчалари «Обод маҳалла» дастури асосида ободонлаштирилган. Марказий йўлдан кўриниб турган қисмида жойлашган икки қаватли турар жой биноларининг томлари алмаштирилган, ҳовлида ёритиш чироқлари ўрнатилган. Йўлаклар бетонланган.

Бироқ маҳалланинг кўчадан кўринмайдиган, кўздан пана қисмида ишлар ўлда-жўлда амалга оширилган.

Тоҳир Маҳмудовнинг кўрсатиб беришича, кўп қаватли уйлардан бирининг томи ёпилмаган, томи ёпилган яна бирининг эса ёмғир суви кетадиган новлари охиригача ўрнатилмаган. Тунда ҳовлини ёритувчи чироқлар эса фақат катта кўчадан кўриниб турувчи «дом»ларнинг олдига ўрнатилган.

Тоҳир Маҳмудов

Маҳаллада яшовчиларнинг айтишича, кўп қаватли уйда яшашларига қарамасдан, уларга табиий газ  баллонларда етказилади.

Баллондаги газ овқат пишириш учун ўз вақтида етказилмоқда, бироқ баҳор, куз ва қишнинг совуқ кунларида одамлар уйларида печка ёқиб, ёки электр печкани қўшиб исинишади.

Дарҳақиқат туман газ таъминоти идораси ушбу ҳудуддан бор-йўғи 300 метр нарида жойлашган. Боз устига, поезд йўлининг нариги томонидаги ҳовлилар газ билан таъминланган. Кўп қаватли уйларда ҳам бир пайтлар монтаж қилинган газ қувурлари, газ тақсимлаш пункти ҳанузгача сақланиб турибди. Бироқ бир пайтлар табиий газ қувурда келган кўп қаватли уйлар бугун газга зор.

 

Шу маҳаллада кўп йиллардан буён истиқомат қилувчи нуронийлардан Толибжон Эргашевнинг айтишича, бир пайтлар ушбу кўп қаватли уйда яшовчилар учун хизмат қилган ташқаридаги ҳожатхоналар ободонлаштириш ишлари ўтказилиши асносида бузиб ташланган. Янгиси қуриб берилиши ваъда қилинган, лекин ваъда бажарилмаган.

 Толибжон Эргашев

Бу уйлар канализация тизимига уланган. Лекин у бузуқ ва сал нарироқдан тошиб чиқмоқда. Атрофда антисанитария ҳолати ҳукмрон. Айниқса, ёзнинг иссиқ кунларида атрофни қўланса ҳид тутиб кетади. Турли касалликлар ўчоғига ҳам айланиши турган гап.

 

Маҳалла фаоллари бу борада мурожаат қилмаган жойи қолмаган. IV секторга қарашли бу ҳудуддаги муаммоларни ҳал қилишда солиқ идораси раҳбарининг кучи етмаётганини ҳам таъкидлаб ўтишди. Эски ҳожатхоналар ўрни чиқиндихонага айланган, у ерлар ҳам анчадан буён тозаланмаган шекилли, ҳар ёқда ахлат ва чиқинди уюмлари тўпланиб ётибди. Уй-жой мулкдорлари ширкатининг борлиги, иши билинмайди.

Санжар Раҳимов

Маҳалла фуқаролари йиғини раиси Мавжуда Хайназарова ҳам бу борада ўз фикрларини билдириб ўтди. Қурилишлар бўйича мурожаатлар қилингани, ҳожатхоналар маҳалла аҳлидан пул йиғиб қилиниши кераклиги лекин ҳар 10 кишидан биттаси пул беришга рози бўлганини айтди. Маҳаллага табиий газ ўтказишни 1 апрелгача амалга ошириш ваъда қилинган.

Мавжуда Хайназарова.

Кичик бир маҳалланинг улкан ва эътиборталаб муаммолари мана шулардан иборат. Маҳалла аҳли ташаббусли бюджет порталининг иккинчи мавсумида муаммоларини олиб чиқиб, маблағ учун курашишса бўлади.

Ўйлаймизки, Сариосиё туманининг инсон қадрини улуғлашни олий мақсад қилган масъул раҳбарлари фуқароларни яна бир бор тинглашади, тўғри йўл кўрсатишади, муаммоларни узил-кесил ҳал қилиш чораларини кўришади ва бу ҳақда барчамизга маълум қилишади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz журналисти
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид