Жаҳон | 22:00 / 10.04.2022
53814
9 дақиқада ўқилади

Жириновскийнинг ҳаёти. Ундаги асосий нуқталар ва шов-шувли иқтибослар

Владимир Жириновский вафоти билан Россияда бир давр якунига етди. Унинг жони шундай пайтда узилдики, агар тирик бўлганида Украина воқеалари бўйича ақл бовар қилмас чақириқлари билан оламни бузиши аниқ эди.

Ибтидо

Кўпчиликка маълум эмас, Владимир Жириновскийнинг отаси яҳудий бўлган. Лекин у ўзини рус ҳисоблаб яшади ва онасининг фамилиясини олди. Кейинчалик ҳам миллатига оид саволларга мавҳум жавоб бериб келди.

1946 йилнинг 25 апрелида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Вольф Исаакович Эйдельштейн ва Александра Павловна Жириновская оиласида чақалоқ дунёга келади ва унга Владимир деб исм қўйишади.

Гап шундаки, Жириновскийнинг бобоси Исаак Эйдельштейн Польша (айни пайтда Украина) ҳудудида жойлашган ёғочни қайта ишлаш фабрикаси эгаси бўлиб, унинг қўлида 200 нафардан ортиқ ишчи ишларди. 1939 йилда бу ҳудудлар иттифоққа қўшиб олинади, фабрика эса давлат тасарруфига ўтказилади. 1941 йилда немислар босқинидан кейин ундаги барча дастгоҳлар Германияга олиб кетилади. Вольф Исаакович Эйдельштейн ва унинг акаси Аарон 1940-йилларда Қозоғистонга сургун қилинган.

Унинг онаси Александра Павловнанинг қизлик фамилияси Макарова бўлган. Жириновская фамилияси унинг биринчи эри – Андрей Жириновскийга тегишли. Александра ва Андрей 5 нафар фарзанд кўришган. Эрининг сил касаллиги туфайли ўлимидан сўнг Александра Жириновская Вольф Эйдельштейнга турмушга чиқади ва бу оилада кичкинтой Владимир туғилади.

Аммо ота-болага бирга яшаш насиб қилмаган. Вольф Исаакович 1946 йилнинг апрелида Польшага кетади. 1949 йилда у Исроилдан қўним топади ва етакчи «Ликуд» партияси фаолига айланади. 1983 йилда автобус остида қолиб ҳалок бўлади.

Қизиғи, Владимир 1964 йилга қадар ҳам Эйдельштейн фамилиясида бўлган. Аммо институтга кириш олдидан онасининг биринчи эри фамилиясига ўтади. Лекин унга қадар ҳам аксарият тенгқурлари уни «Жирик» лақаби билан чақирганлари маълум қилинган ва лақаб уни умри охиригача тарк этмаган.

Дастлабки қадамлар

 

Жириновский илк дипломи бўйича «Турк тили ва адабиёти» мутахассислигига эга. У МДУ қошидаги тиллар институтини тамомлаган. Турк тилидан ташқари француз инглиз ва немис тилларини ҳам дурустгина билган

Кейинчалик у марксизм-ленинизм университетида ўқийди. Тўртинчи курслигида Владимир Туркияга амалиётга юборилади ва СССР қураётган металлургия комбинатида таржимонлик қилади. Туркияда вақти у ёшларни коммунизм ғояларига тарғиб қилганликда айбланиб, ҳибсга олинади ва СССРга депортация қилинади. Бу жазо унинг КПССга киришига, аспирантурада ўқишига ҳам монелик қилганини айтиб ўтган.

Ҳолатни ёдга олган Жириновский айбсиз бўлганини, турклар Москва фонидаги Пушкин сурати туширилган нишонларни Маркснинг ёшлиги деб ўйлаганларини айтади. Воқеанинг аҳамияти шуки, Владимир хорижга чиқиш имконидан маҳрум бўлади ва тўла-тўкис ўзини сиёсатга бағишлайди.

Ўзининг сиёсий қарашлари ва ғояларини жамлаган Жириновский ўша пайтдаги бош котиб Леонид Брежневга хат ҳам юборган. Бироқ партия корчалонлари унинг ғояларини молиявий ва мафкуравий жиҳатдан ҳаётга татбиқ этишнинг иложи йўқлигини тушунтириб қўйишади. 

Сиёсий йўл

 

Владимир Жириновский сиёсатнинг кўп қирралари бўйича рекордчи ҳисобланади. У 1991, 1996, 2000, 2008, 2012 ва 2018 йилларда Россия президентлигига номзодини қўйган ва бирор марта ғолиб бўлмаган. Энг яхши кўрсаткичи 2008 йилда: 9,35 фоиз. Аксарият ҳолларда 5 фоизгача кўрсаткичларда юрган бўлса-да, Владимир Вольфович ҳамиша Россия сиёсатининг диққат марказида бўлиб келган.

Россия Либерал демократик партияси (ЛДПР) деганда асосан Жириновскийни тушунишган. Лекин бу партия ҳам ҳеч қачон ҳукмрон партияга айланмади, аммо Давлат думасининг доимий бўлаги ҳолича қолаверди.

Жириновскийнинг жиддий сиёсий ҳаракатлари ҳали СССР тарқалиши ҳақида гап ҳам бўлмаган 1988 йилга тўғри келади. Ўшанда у Валерия Новодворская етакчилигидаги «Демократик иттифоқ» аъзоси бўлади ва съездлардан бирида нутқ ҳам сўзлайди. Аммо тез орада бу партияни тарк этади.

1989 йилда у Владимир Богачёв билан бирга советлар иттифоқи Либерал-демократик партиясига асос солади. Бу партия иттифоқ Адлия вазирлиги томонидан 1991 йилнинг 12 апрелида рўйхатдан ўтказилади. 1992 йилда, СССР тарқалганидан сўнг партия ЛДПР номини олади. 1991 йилнинг 12 июнида у РСФСР президентлигига ўз номзодини қўяди ва 7,81 фоиз билан учинчи ўринни эгаллайди. 1991 йилда у шунингдек СССРни сақлаб қолишга интилган ГКЧПнинг тарафини олади, кейинчалик иттифоқ тарқалишининг қонуний асоси бўлган ҳужжат – Беловеж келишувини қаттиқ қоралади ва уни имзолаганларни жиноятчилар деб атади.

«Қиролнинг дилхуши»

Владимир Жириновский ўзининг шов-шувли чақириқлари билан жуда кўп марта диққат марказига тушган. Лекин унинг чиқишларини кузатган сиёсатдонлар партия етакчиси аслида расмий Москва айта олмаган гапларни оммага етказиш вазифаси билан шуғулланганини таъкидлайдилар. Чунки унинг аксарият фикрлари халқаро можаролар, миллий-этник зиддиятлар келтириб чиқариши мумкин бўлса-да, Кремль бу фикрларни расман рад этишга ҳеч қачон шошилмаган.

Унинг ғалати баёнотларини ўрганганлар «Кремль масхарабози» деган фикрни ҳам илгари суришади. Чунки бошқарилувчи мухолифат ҳамиша фойда берган, дейди улар.

Унинг собиқ иттифоқ республикаларига оид қарашлари

Ашаддий шовинист бўлган Жириновский собиқ иттифоқ тасарруфида бўлган республикалар албатта Россияга бўйсуниши керак, деган ғояни илгари суриб келган. Иттифоқ тарқалган пайтда, Ельцин билан президентлик курашига киришган пайтларида асосий шиорлари мана шу йўналишда бўлган. Нафақат иттифоқ, балки Россиянинг ўзида ҳар қандай майда миллатлар расман руслар бошқарувида яшаши, турли миллий автономиялардан воз кечиш кераклигини таъкидлаб ўтган.

У бу қарашидан умри охиригача воз кечмади ва ҳатто вақти-вақти билан очиқ таҳдидларга ўтишгача борди. Ўзбекистон ва Қозоғистондаги блэкаут пайтида унинг «биз керак бўлса масофадан туриб сизларни электр токидан маҳрум қила оламиз» деган видеоси тарқалди. Бу лавҳа анча олдин олинган ва унда Жириновский муайян бир давлатни тилга олмаган бўлса-да, мавзуга мослиги учун анча шов-шувларга сабаб бўлганди.

Жириновский ва Ўзбекистон

Владимир Жириновский асли Марказий Осиёдан эканлигини таъкидлаб яшади. Ислом Каримов Владимир Жириновскийни очиқ хушламаган. У Асқар Акаев билан учрашувида «Жириновский деган балолар биздан нари бўлсин» дея омма олдида айтганди.

Жириновский Ислом Каримов вафотидан кейин Ўзбекистонга келди ва Бухорода тантанали кутиб олинди. Унга шахсан Бухоро вилояти ҳокими, марҳум Ўктам Барноев ҳамроҳлик қилган ва Бухорони айлантирганди. Бу ҳақда марказий телеканалларда лавҳа ҳам берилган.

Владимир Жириновскийдан иқтибослар ва у қўллаган ғоялар

* Россияда ўлим жазосини тиклаш лозим. Судьялар хато қилиб ўлим жазосига ҳукм чиқарсалар, уларнинг ўзини қатл қилиш шарт;

* Мамлакат бўйлаб нафақат мусулмонлар учун, балки барча фуқароларга кўпхотинлиликка қонунан имкон берилиши керак. Бу демографик муаммоларга ечим бўлади;

* Демократия – Россия тараққиётига халал беради;

* Россиядаги автономиялардан воз кечиш, кичик элатлар ассимилияциясини амалга ошириш, давлатни 7-12 губернияга бўлиш керак;

* Фуқароларга қуролга эгалик қилиш ҳуқуқи берилиши лозим. Аминманки, бизда ҳам бир жинслилар никоҳига ҳам рухсат берилади;

* 2012 йил: Сайловларда ғолиб бўлсам, барча мигрантларни Россиядан қувиб соламан;

* Қуръон ўқишимга рухсат беришмасди, мен эса яшириб ўқирдим;

* 2010 йил: Украина ва Беларусь федерал округлар мақомида Россия Федерацияси таркибига кириши лозим;

* Достоевский нима учун кучли ёзувчи бўлган? Чунки у 10 йил қамоқда ўтирган. Ижод аҳлини кўпроқ қамаб туриш керак;

* Менинг қўлим тоза, аммо агар президент бўлсам, қўлим қон бўлади;

* Мен рус солдатлари оёғини Ҳинд океанининг илиқ сувларида ювишини орзу қиламан;

* Аёл киши уйда ўтириши, йиғлаши, бичиб-тикиши ва овқат тайёрлаши керак;

* Халқ қанчалик билимли бўлса, инқилоблар шунчалик тез содир бўлади;

* Немислар бизга вагонни тўлдириб большевикларни юборишган. Энди биз Европага чеченлар тўла вагонларни юборишимиз керак;

* Бу бош котиб [Михаил Горбачёв] ифодалаш учун рус тилида қандай сўзлар бор? Уни хоин, ватанфуруш, нобакор демасдан яна қандай аташ мумкин?

* 2013 йилдан буён: Жириновский вегетариан.

* Навальний ҳақида: Аслида у 15-20 йил олиши ва бу муддатни ўташи билан жиннихонага йўл олиши керак;

* Ленин ҳақида: Францияда бизнесмен Жакондани сотиши мумкин. Биз ҳам Лениннинг жасадини сотиш ҳақида ўйлашимиз керак. Харидор топилади, бюджет бундан катта фойда олади;

* 75 ёшлик юбилейида: Ютуғим шуки, мен юқоридан ёзиб берилган гапларни эмас, ўзим тўғри деб ҳисоблаган гапларни гапириб яшадим.

Аброр Зоҳидов тайёрлади.

Мавзуга оид