Жамият | 10:06 / 10.04.2022
17297
3 дақиқада ўқилади

Самарқандда 1 гектар ерни 430 минг долларга сотишга уринган шахслар қўлга олинди

Кадр: Telegram / «Хавфсизлик»

Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда маҳаллий қурилиш фирмаларидан бирига 2022 йилнинг декабрь ойига қадар кўп қаватли уйлар қуриши учун Самарқанд шаҳри ҳудудидан ажратилган 1 гектар ер ноқонуний сотилишига чек қўйилди.

Хусусан, Самарқанд шаҳрида яшовчи 4 нафар якка тартибдаги тадбиркор ўзганинг ишончига кириб, ушбу ер майдонини унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига талаб қилинган 430 минг доллардан 250 минг долларини аванс сифатида олган вақтларида ушланган.

Нуробод туманида кузатилган ҳолатда эса масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖ балансидаги лалми ер майдонларидан 10 гектарини харидор номига ўтказиб бериш эвазига 250 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Самарқанд туманида яшовчи 30 ёшли фуқаро ўзини гўёки Ургут туманидаги маҳаллий фермер хўжалик раҳбари сифатида таништириб, харидорга ушбу хўжаликнинг 1 гектар ер майдонини 50 минг долларга сотган вақтида, шунингдек, Самарқанд шаҳрида яшовчи 33 ёшли шахс ўзи ижара асосида фойдаланаётган Жомбой туманидаги «Мирза-Пай» ирригация тизими бошқармасига қарашли 90 сотих ер майдонини 60 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтида ушланган.

Урганч шаҳрида яшовчи 37 ёшли фуқаро 2021 йил Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқалъа туманида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш мақсадида замонавий иссиқхона ташкил этиш учун маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга ажратилган 1,5 гектар ерни мазкур МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда, харидор номига расмийлаштириб бериш ҳамда банкдан 2 миллион доллар миқдорида кредит олишида ёрдам бериш эвазига 90 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 80 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Кадр: Telegram / «Хавфсизлик»

ДХХнинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Риштон тумани ҳокимлиги мутахассиси туман марказидаги 3 сотих бўш ер майдонини мансабдор танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш ва у ерда савдо дўкони қуриши учун рухсат олиб бериш эвазига 22 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Фарғона тумани ҳудудидан интенсив узумчилик йўналишида фойдаланиш учун ижара асосида берилган 1 гектар ер майдонини 15 минг долларга сотишга уринган фермер хўжалик раҳбари ҳам қўлга олинган.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида қайд этилган ҳолатда эса ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари харидорга мазкур хўжаликнинг 20 гектар ер майдонини 230 миллион сўмга сотишга келишиб, олдиндан 100 миллион сўм олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид