Ўзбекистон | 17:13 / 11.04.2022
3624
1 дақиқада ўқилади

Хоразмда мактаб ўқувчиси чўкаётган аёлнинг қутқарилишига сабаб бўлди

Фото: Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати

Урганч шаҳридаги 9-сон умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси Жамшидбек Аҳмедов сувга чўкаётган аёлнинг қутқарилишига сабабчи бўлди.

У дарсдан кейин уйга қайтаётганида, Шовот каналида сувга чўкаётган аёлни кўриб қолган. Жамшидбек уни қутқаришга ҳаракат қилган, бироқ тўлқин аёлни катта канал ўртасига тортган. Шундан сўнг, у одамларни ёрдамга чақирган, аммо ҳеч ким унинг овозини эшитмаган.

Жамшидбек вақтни бой бермасдан шу яқин орадаги чойхонага кириб, ҳодиса ҳақида одамларга хабар берган. Кейин Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари етиб келиб, аёлни сувдан олиб чиқиб, биринчи ёрдамни кўрсатишган ва шифохонага ётқизишган. Бугунги кунда аёлнинг аҳволи яхши экани айтилмоқда. 

9-сон умумий ўрта таълим мактабида Жамшидбекнинг қаҳрамонлигига бағишланган тадбир ўтказилиб, Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан ташаккурнома ва совға билан тақдирланган.

Мавзуга оид