«Бу дўстона ташриф эмас». Австрия канцлери Путин билан ёпиқ музокаралари ҳақида
Россия президенти Владимир Путин 11 апрель куни Москвага келган Австрия канцлери Карл Нехаммер билан учрашди, Нехаммер Россиянинг Украинага босқинидан кейин Путин билан шахсан учрашган илк европалик давлат раҳбари бўлди.
Икки кун олдин, шанба куни Нехаммер Киевда бўлган ва Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашганди.
Нехаммер ва Путиннинг учрашуви Ново-Огарёвода ёпиқ форматда ўтказилиб, бир ярим соатга яқин давом этди. Музокаралар матбуот учун ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, бошланишидан олдин протокол учун суратга олиш жараёни ҳам, музокара якунида матбуот анжумани ҳам бўлмади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, бундай форматни Австрия томони сўраган.
Австрия нашрларининг ёзишича, Путин ва Нехаммер учрашуви қўл сиқиб кўришиш ва ўзаро суратга тушишсиз ўтказилган.
«Бу дўстона ташриф эмас. Мен Украинадан келдим ва Россиянинг тажовузкор уруши келтирган бемисл азоб-уқубатларни ўз кўзим билан кўрдим. Биродарлик қабристонлари тепасида турдим», дея канцлернинг сўзларини келтирган Kurier.
Нехаммернинг сўзларига кўра, унинг Путин билан мулоқоти «бевосита, очиқ ва қаттиқ» ўтган.
Унинг айтишича, учрашувда Буча ва бошқа жойларда содир этилган оғир ҳарбий жиноятлар масаласини кўтарган ва барча айбдорлар жавобгарликка тортилиши лозимлигини айтган. У Путинга Россияга қарши санкциялар ўз кучида қолиши ва Украинада одамлар ўлиши давом этар экан, янада кучайтирилишини билдирган: «ЕИ бу масалада ҳар қачонгидан ҳам бирдам».
«Аммо менинг Путинга энг муҳим хабарим шу бўлдики, бу уруш ниҳоят барҳам топиши керак, чунки урушда ҳар икки томон ҳам мағлуб бўлади», дея хулоса қилган Нехаммер.
Нехаммер MeinBezirk.at нашрига айтишича, у Украинадаги урушни тезроқ якунлаш кераклиги ҳақида айтганида, Владимир Путин шундай жавоб қайтарган: «Яхши бўларди».
Унинг сўзларига кўра, Путин «ҳамон Истанбулдаги тинчлик музокараларига ишонч билдирмоқда» ва шундай давом этишни исташини билдирган. Нехаммернинг тасдиқлашича, Россия президенти ўз мамлакатига қарши киритилган санкцияларни «жуда қаттиқ» деб баҳолаган.
У энди бўлиб ўтган музокара бўйича европалик ҳамкорларини хабардор қилади ва уларга келгусидаги қадамлар бўйича маслаҳат солади.
Россия томони учрашув якунлари бўйича маълумот бермаган.
Аввалроқ Нехаммер твиттердаги саҳифасида Путин билан ўт очишни тўхтатиш, гуманитар йўлаклар очиш ва Украинадаги ҳарбий жиноятларни текшириш масалаларини муҳокама қилмоқчилиги ҳақида ёзганди.
«Биз [Австрия] ҳарбий жиҳатдан бетарафмиз, аммо бизда Россиянинг Украинага қарши тажовузкор уруши борасида аниқ позиция бор. У [Путин] тўхташи керак!» дея ёзганди Австрия канцлери.
У шунингдек, Москвага ташрифи ҳақида Зеленскийни, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйенни, Еврокенгаш раҳбари Шарл Мишелни, Германия канцлери Олаф Шольцни ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғанни хабардор қилганини айтган.
Kronen Zeitung нашри ташрифдан олдин Нехаммер Путин билан музокараларда «кўприк ўрнатиш» ва «тинчликка яқинлашиш учун барча ишни қилиш»га ҳаракат қилиши ҳақида ёзганди.
Нехаммер учун бу Австрия ҳукумати раҳбарлигида Путин билан илк бор алоқа қилиши бўлди. РБК нашри қайд этишича, бунга қадар улар ҳатто телефон орқали ҳам гаплашишмаган.
Австрия канцлери - Россия армиясининг Украинага босқини бошланганидан кейин Путин билан шахсан учрашган илк европалик етакчи бўлди.
Зеленский эса бу вақт ичида Урсула фон дер Ляйен, Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел, Британия бош вазири Борис Жонсон, шунингдек Польша, Чехия, Словения ва Словакия бош вазирлари билан учрашувлар ўтказишга улгурди.