Ўзбекистон | 10:53 / 12.04.2022
11405
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё мактабларига 26 та Damas машинаси харид қилинади

Маълум бўлишича, мазкур машиналардан мактаблардан узоқда, олис ҳудудларда яшовчи ўқувчиларни ташишда фойдаланилади.

Фото: Kun.uz

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгаши 11 апрелда қабул қилган қарор билан 2022 йилнинг биринчи чорагида вилоят маҳаллий бюджети режадан ошириб бажарган 30 миллиард сўмнинг 9,8 миллиард сўмини харажат қилиш бўйича ҳокимликка рухсат берган.

Рухсат берилган маблағнинг 2 миллиард 257 миллион сўмини вилоят халқ таълими бошқармасига ҳудудлардаги мактаблар учун 26 та Damas машинасини харид қилиш мақсадида ажратиш кўзда тутилган.

Жорий йилнинг 31 март куни президент бошчилигида ўтказилган йиғилишда Шавкат Мирзиёев йил якунигача барча ҳокимлик, вазирлик ва идораларга бино таъмирлаш, автомобиль, мебель, офис анжомлари харид қилиш каби қўшимча харажатларни амалга оширишни қатъиян тақиқлаганди.

Сурхондарё вилояти Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Рустам Жўраевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, вилоятдаги бир қатор олис ҳудудларда жойлашган мактаблар учун Damas машиналарини сотиб олиш таклифи вилоят ҳокимлигига ўтган йил берилган. Бу машиналарни 2022 йил 1 чоракда бюджетнинг режадан ошириб бажарилган қисмидан сотиб олиш масаласи ҳам аввалроқ режа қилинган. Ўша режага кўра маблағ ажратилган.

Р.Жўраевнинг айтишича, айнан Damas машиналари сотиб олинганига сабаб олис тоғли ҳудудларда йўллар сифати автобуслар қатнови учун тўғри келмайди. Шу сабабли ихчамроқ бўлган Damas олинмоқда.

2021 йил октябр ойида Kun.uz’да Бойсун тумани Баланди қишлоғи болалари 21-мактаб узоқда жойлашгани учун қишлоқнинг ўзида ҳашар йўли билан қурилган ва етарлича таълим олиш учун шароити бўлмаган филиалда ўқишаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.

Ўшанда Бойсун тумани ХТБ мудири Баҳриддин Соҳибов Баланди қишлоғидаги филиалдаги ҳолатдан хабардорлигини, ўқувчилар 21-мактабга бориб келишлари учун транспорт воситаси кераклигини ва бу масалада вилоят ҳокимлигига таклиф билан чиқишганини айтганди. У вилоят ҳокимлиги Damas машинаси сотиб олиб беришни режалаштиргани ҳақида ҳам айтган.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид