Ўзбекистон | 12:02 / 13.04.2022
34179
3 дақиқада ўқилади

«АҚШ Ўзбекистоннинг Украина можаросидаги позициясини тушунади» – Даниэл Розенблюм    

Фото: Kun.uz

Савдо алоқалари ва сармоя, Россиядаги меҳнат мигрантлари каби манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Шу боис АҚШ Ўзбекистоннинг Россия-Украина можаросидаги позициясини тушунади ва ҳурмат қилади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Америка овози нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Ўзбекистоннинг позициясини тушунаман ва уни ҳурмат қиламан. Чунки Ўзбекистон нақадар мураккаб вазиятда эканини англаймиз. Юқорида қайд этилган ташрифлар [Абдулазиз Комилов ва Сардор Умрзоқовнинг 2022 йил март ойида Вашингтонга ташрифи назарда тутилмоқда – таҳр.] пайтида ҳам буни муҳокама қилдик. Мақсадлардан бири ҳам шу эди, ўзи. Географик ва тарихий омиллар бор. Манфаатлар боис Ўзбекистон мувозанатли йўл тутишга мажбур. Савдо алоқалари ва сармоя, Россияда шунингдек меҳнат мигрантлари ҳам бор. Улар юборадиган маблағ мамлакат иқтисоди учун салмоқли сармоя. Ўзбекистон учун бу ҳаёт-мамот масалалари. Биз буни тушунамиз.

Украинадаги мураккаб аҳвол ҳақида кўп тўхталмоқчи эмасман, чунки одамлар билади. Аммо айрим жиҳатлар ва улар билан боғлиқ фундаментал принципларни тилга олмоқчиман. Чунки уларни Ўзбекистон билан алоқаларда ҳамиша ёдда тутамиз. [Булар] суверенитет ва мустақиллик. Биз ҳамиша суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни эъзозлаймиз ва уларни ҳимоя қиламиз. Булар дунё барқарорлиги учун ўта муҳим халқаро принциплар. Улар четга улоқтирилса, бузилса, қудратлиман деган давлат бошқасини вайрон қилади. Россиянинг Украинага бостириб киришида шуни кўряпмиз. Фикримча, бу принциплар Ўзбекистон учун ҳам чуқур аҳамият касб этади. Бунга унинг 30 йилда босиб ўтган мустақиллик йўлидан ҳам гувоҳмиз.

Бир-биримизнинг позицияларимизни тушуниш учун очиқ гаплашиб туриш керак. Ташқи ишлар вазири жаноб Комиловнинг яқинда қилган баёнотларини тингладик. Назаримда у тушунтирган сиёсат, асосли, мантиқли ва аниқ. Шундай экан, саволингизга жавобим, албатта, бу сиёсатни тушунамиз. Ўзбекистон билан дунёдаги, жумладан минтақадаги ҳозирги муаммоларга қарши курашишга бел боғлаганмиз», – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси.

Жорий йилнинг 17 март куни Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида нутқ сўзлаган ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Украина ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини тан олиши, Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган республикаларни эса тан олмаслигини маълум қилди. Шунингдек, вазир томонларни ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Бу уруш бошланганидан буён ушбу масалада юзасидан Ўзбекистон томони билдирган илк расмий баёнот эди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид