Ўзбекистон | 19:54 / 14.04.2022
31252
8 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон мен ўйлагандан яхшироқ экан” — Тошкентга келган рус ва беларус дастурчилари

“Мен учун Skype ишламагани кутилмаган ҳол бўлди”. “Келганингиздан кейин 3 кун ичида рўйхатдан ўтмасангиз, жаримага тортишаркан”. “Давлат мактабларида синфда 40-45талаб бола ўқиркан”. “Инглиз тилида дарс бериладиган университетлар кўплигини кўриб ҳайрон қолдим”. Ўзбекистонга кўчиб келган Россия ва беларуслик айтичилар Kun.uz'га ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб беришди.

Украина-Россия можароси фонида Ўзбекистонга Россия ва Беларусдан айти мутахассислар оқими кучайди. Бугун, 14 апрел куни президент ҳузуридаги йиғилишда маълум қилинишича, йил бошидан бери хориждан 3 мингга яқин IT мутахассис келган.

Kun.uz Тошкентдаги IT-паркда бўлиб, россиялик ва беларуслик мутахассисларнинг Ўзбекистон ҳақидаги таассуротларини тинглади.

“Давлат мактабларида бир синфда 40-45 талаб бола ўқиркан, буни билиб қўрқиб кетдим”

Максим Белов, EPAM Systems катта дастурий муҳандиси:

— Бошида ишимни Беларусда бошлаганман. 4 йилдан кўпроқ вақтдан бери EPAM айти компаниясида ишлайман. Илгари дастурчи сифатида ишлаган бўлсам, энди йирик халқаро компания лойиҳаларида менежер сифатида фаолият юритяпман.

Мен оилам учун тинч жой топиш муаммосини ҳал қилишим керак эди, феврал ойи охирида буни ҳал қилдим ва Тошкентга келдим. Тинч яшаш ва фарзандларим тинч ўқиши учун яхши жой керак эди, мен Ўзбекистонни билардим, бу ерда бир йилдан ортиқроқ вақт давомида яшаганман. Ўша вақтда ўзбекистонлик дастурчилар билан танишганман. Бир йилдан зиёд ўзбекистонликлар билан ишлаганман.

Олдимда тезда Полша ёки Ўзбекистондан бирини танлаш мажбурияти турарди ва мен Ўзбекистон яхши жой деб ҳисоблаб уни танладим. Чунки бу ерда менда маданий адаптация бор эди, бу ерда рус тилида гапираман, 10 фоиз болалар рус мактабларида ўқишади, болаларим аллақачон хусусий рус мактабларида ўқишни бошлашди.

Давлат мактабларини ҳам кўрдик, шунчаки давлат мактабларида бир синфда 40-45талаб болалар ўқишаркан. Мен, очиғи, қўрқиб кетдим ва болаларимни баланс нормал бўлган хусусий мактабга бердим.

Бу ерга келишдан олдимизга иккита мақсад қўйганмиз. Биринчиси – Python дастурлаш тилини Ўзбекистонда кенг ўргатиш. Иккинчиси – PAN курсларни йўлга қўйиш. Биз охирги чоракда рус ва инглиз тилларида ўргатувчи иккита foundation – ўқув курсларини йўлга қўйишга улгурдик.

Келажакда бундан ҳам қизиқарли тадбирларни режалаштирганмиз. Компаниямиз, бўлимимизнинг ва менинг мақсадларимиз бир, яъни бу ерда Python'ни ривожлантириш.

Юртингиз, айниқса Тошкент мени яхши маънода ҳайратлантирмоқда. Бир-бирига меҳр-оқибатли одамлар экан. Яқинда турмуш ўртоғим фарзандимни кўчада айлантириб юрганда бехосдан болам йиқилиб тушди. Март ойи – ёмғирли об-ҳаво эди. Шунда атрофдаги ҳамма ёрдамга келди. Кимдир салфетка билан, кимдир қўлидаги сочиқ билан болани артинтирган, кимдир ҳол сўраган. Бўлмаса, ҳаво унақа совуқ эмас эди.

Шунингдек, бу ерда маданий турфахилликни кўриш мумкин. Барча дин ва миллат вакилларига бирдек муносабат кўрсатилади. Бу – энг замонавий мамлакатлардаги каби ёндашувни эслатади.

“Мижозлар Россия ва Беларус билан ишлашни хоҳламаяпти, шу сабабли айти компаниялар офислари ёпилмоқда”

Владимир Кузнецов, Exadel дастурий муҳандиси:

— Бу ерда овқатлар ҳам ажойиб, таомлар жуда мазали, Россиядаги нархлари билан солиштирганда арзон. Хўш, келишимнинг мақсадини умумий айтаман. Агар Россияда ҳозир кўплаб компаниялар, айниқса хорижий компаниялар ёпилаётган бўлса, мутахассислар ишини давом эттиришни хоҳлашади. Аммо Россия ва Беларусдаги офислари ёпиляпти. Компанияларнинг ўзлари шунчаки кетаётгани йўқ, мижозлар Россия билан ишлашни хоҳламайди. Шунинг учун компаниялар ёпиляпти. Агар сиз ўз компаниянгизда ишлашда давом этишни истасангиз, дислокация қилишингизга тўғри келади.

Мен юртингизга келганимга кўп бўлмади, аммо илк таассуротлар ижобий. Ҳамма нарса менда ижобий таассурот уйғотяпти. Масалан, бу ерда рус тилида гаплашадиганлар ва тушунадиганлар жуда кўпчиликни ташкил қилар экан. Бу сизнинг юртингизда ишлашни хоҳловчилар учун катта афзаллик. Бундай замонавий офисларнинг иш шароитлари менга ҳам ёқди. Худди Европадаги ёки Россиядаги каби шарт-шароитлар яратилган.

Мамлакатингизда айти соҳаси жуда яхши ривожланмоқда, бу йўналишга катта сармоя киритилмоқда, менимча, бу ерда катта истиқболни кўриш мумкин. Мен бу ерда айти сектори ривожланишига ишонаман. Ҳамма давлатлар ҳақида ҳам бундай фикр билдира олмайман. Чунки Ўзбекистонда бу соҳада етук мутахассислар бор экан.

Ўзбекистонда қандай муаммога дуч келганим ҳақида гапирсам, уй топиш муаммо бўлмади, тезда топилди. Аммо 3 кундан сўнг бирор меҳмонхона ёки бошқа жойда рўйхатдан ўтмаган бўлсангиз, жарима тўлашга тўғри келаркан. Бу 100 доллардан бошланиб, вақтга қараб ошиши мумкин.

“...истон” билан тугайдиган давлатлардан кўп нарса кутмагандим, лекин…”

Дмитрий Пак, iTechArt гуруҳ менежери:

— Менинг исмим Димитрий Пак. Мен 10 йилдан бери тестлаштириш соҳасидаман, ҳозир iTechArt'да тест бўлими бошлиғиман. Xуллас, 10 йилдан бери шу билан шуғулланаман. Биз мартнинг бошида Беларусдан кетишга қарор қилдик, бизга ўхшаганлар кўп, бизнинг компаниядан 600тагача одам Тошкентда келди.

Биз қандай Тошкентни танладик? Вариантлар кўп эди: Литва, Полша, Украина, Белоруссия, Грузия ва Ўзбекистон. Тошкентни афзал билганимиз бежизга эмас, чунки яхши иқтисодий шароитлар, паст солиқлар бор, парк (IT-парк) ҳам ўзида бор, компаниялар учун жуда кўп ишлар қилиб беради ҳамда бу ерда таълим ва университет нуқтайи назаридан катта перспективалар бор. Мен инглиз тилида ўқитадиган университетлар ва у ерда ўқийдиган ақлли одамлар сонини кўриб, ҳайрон қолдим.

Умуман олганда, Тошкент, Ўзбекистондан ҳеч нарса кутмагандим. Чунки бир стереотип бор, Қирғизистон, Ўзбекистон, …истон билан тугайдиган жойлар барибир Осиё, биз кўниккан Европа, дейлик Беларус эмас, деб ўйлагандим. Шунинг учун паст баҳолагандик, лекин келганимдан сўнг мен ўйлагандан кўра кўпроқ нарсалар ёқди.

IT-мутахассислар билан муаммолар бор, лекин улар катта эмас. Бу муаммо нималарда? Таълим – бор, лекин тажриба, айнан халқаро компанияларда ишлаш тажрибаси бор одамлар етарли эмас. Сизларда ўз маҳсулотларингиз бор: Paynet, UzCard. Биз айнан ўша ердан мутахассислар оляпмиз, лекин уларда айнан ғарб буюртмачилари билан ишлаш тажрибаси бошқачароқ. Алоҳида хусусиятлари бор, шуларни ўргатиш учун стажировкалар ташкил қиляпмиз.

Twitter, Skype'га келсак, мен учун Skype ишламагани кутилмаган бўлди. Кейин 2 ҳафтада уни ёқишди. Мен “IT-парк шуларга ҳам қодир эканми?” деб ўйладим, бу жуда ҳам кутилмаган ва ноодатий бўлди. Twitter'дан фойдаланмаймиз, TikTok'ка келсак, 30 ёшдаман, ундан фойдаланмайман. Катта муаммолар бўлмади, ягона Skype билан бўлган муаммони ҳам ечиб беришди.

Бу ерда Беларусдек инфраструктура бўлса яхши бўлар эди. Беларусда таълим марказлари етарлича, IT-мутахассислар ўқийдиган 30га яқин марказлар бор. Одамлар университетдан кейин бориб ўқишади, биз у ердан мутахассисларни оламиз. Сизда ҳам булар кўп, биз битирувчиларни ишга олишимиз учун IT-парк ва марказлар ўртасида очиқ эшиклар куни қилиш керак.

Биз Беларусда университетлар билан кўп ҳамкорлик қиламиз. Шунақа кўприк ташкил қилиш учун очиқ вакансиялар ярмаркасида қатнашдик. Баъзи талабалар билан суҳбатлашдик. Хоҳлардимки, дастурлашни дастурчи ўргатадиган лаборатория ташкил қилинса. Бу талабалар учун етарли даражада қизиқарли имконият, менимча.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Қурбонов.

Мавзуга оид