Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Советлар 30 йил яширган фожиа: Дунёдаги илк йирик радиация ҳалокати қандай содир бўлганди?
1957 йилда Челябинск вилоятида жойлашган радиоактив моддалар қайта ишланадиган кимё корхонасида кучли портлаш содир бўлади. Оқибатда минглаб одамлар ҳалок бўлади. Радиация таъсири қарийб 300 минг кишининг соғлигига ва жуда катта ҳудудга акс таъсир қилади. Ушбу ҳодиса советлар томонидан 30 йил сир сақланади ва СССР парчаланиб кетиши арафасида оммага ошкор қилинади.
Инсоният радиация ҳалокатининг аянчли оқибатларини Иккинчи жаҳон уруши тугаши арафасида АҚШ томонидан Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбалари ташланганида билди. Ўшанда бу икки шаҳар бутунлай вайронага айланди, 100 минглаб одамлар ҳалок бўлди. Тирик қолганлар эса атом бомбаси портлаши туфайли юзага келган радиация нурлари оқибатида ногирон бўлиб қолди.
Кейинчалик ҳар икки шаҳар қайта тикланди ва уларда одамлар яшай бошлади. Аммо радиация нурлари сақланиб қолаверди. Оқибатда ҳар иккала шаҳарда ҳам узоқ йиллар давомида одамлар турли касалликларга чалиниши, танасида нуқсони бор ҳолда туғилиши давом этди.
Дунё аҳли Хиросима ва Нагасакидан кейин ҳам бир қанча радиация ҳалокатларини кўрди. 1979 йилда АҚШдаги Три-Майл-Айленд, 1986 йилда Чернобил, 2011 йилда Япониядаги Фукусима атом электростанцияларида ҳалокатлар содир бўлди. Аммо унгача, 1957 йилда Россиянинг Челябинск вилоятида жойлашган радиоактив моддаларни қайта ишлашга ихтисослашган кимё корхонасида йирик портлаш содир бўлганди. Мазкур ҳодиса кўлами жиҳатдан Чернобил ва Фукусима АЭСдаги ҳалокатларидан сўнг учинчи ўринда туради.
Радиоактив моддаларни қайта ишлайдиган заводлар қурилиши
1945 йилда СССР ҳукумати қарори билан Челябинск вилоятида радиоактив моддаларни қайта ишлайдиган йирик завод мажмуаси қурила бошланади. 1948 йил июн ойида Евросиёда илк саноатда фойдаланиш учун «А-1» ядро реактори лойиҳаси қуриб битказилади.
1949 йил январ ойида заводдаги бир нечта корхона, жумладан ядронинг асосий хомашёси бўлган плутонийни қайта ишлайдиган радиокимёвий завод, феврал ойида эса ядро зарраларини ишлаб чиқарувчи кимё-металлургия заводи ишга туширилади. Кейинчалик мазкур заводлар фаолияти янада кенгайтирилади. Завод атрофида ишчилар учун Челябинск-40 шаҳарчаси тикланади.
1949 йилдан бошлаб корхоналар атрофида жойлашган очиқ сув ҳавзаларига ўрта ва паст даражадаги технологик суюқ радиоактив чиқиндилар оқизила бошланади. Шу тариқа, 1949-1951 йилларда корхоналар яқинида жойлашган Теча дарёси радиоактив чиқиндилар билан сезиларли даражада ифлосланади.
Кейинчалик, радиоактив чиқиндиларни оқиб турган дарёга ташлаш табиатга жуда катта зарар етказиши инобатга олиниб, уларнинг бир қисми Течага эмас, корхоналар яқинида жойлашган Қорачой кўлига ташлана бошланади. Кейинчалик кўлни консервалаш йўли билан радиация хавфи бартараф этилган.
Бундан ташқари, корхоналарда ўрнатилган ҳаво тозаловчи технологиялар мукаммал бўлмагани учун атмосферага кўп миқдорда таркибида ёд-131 ва инерт газларнинг радиоактив изотоплари, хусусан, аргон-41 бўлган газлар ҳамда аэрозоллар чиқарилади. Оқибатда завод мажмуаси атрофида 70 километр радиусда бўлган катта ҳудудда сув ҳавзалари ва атмосфера радиоактив моддалар билан заҳарланади.
Кейинроқ, радиоактив чиқиндиларни мажмуа яқинидаги махсус жойда сақлашга қарор қилишади. Бу учун катта ҳудуд 10 метр чуқурликда қазиб чиқилади ва улар қалин бетон девор билан бўлакларга ажратилади. Сўнг чуқур бўлаклар орасига пўлатдан тайёрланган махсус контейнерлар жойлаштирилади.
Ўша пайтда битта махсус контейнер ҳажми 300 метр куб ўлчамга эга бўлган ва унда стронций-90, цезий-137, церий-144, цирконий-95, ниобий-95, рутений-106 изотопларидан иборат бўлган 70-80 тонна радиоактив чиқинди сақланган. Бетон чуқурлар сув билан тўлдирилган. Сув қизиб кетмаслиги учун у махсус тизим орқали алмаштириб турилган ва шу йўл билан радиоактив чиқиндилар билан тўлдирилган махсус контейнерлар совитилган.
Ҳалокат
1957 йил 29 сентябр куни маҳаллий вақт билан соат 16:22да С-3 комплексидаги 14-рақамли махсус контейнерда портлаш содир бўлади.
Портлаш оқибатида 8,2 метр чуқурликдаги бетон деворлар орасига жойлаштирилган махсус пўлат контейнер бутунлай вайрон бўлади. Портлаш кучи бир неча ўн тротила тоннага тенг бўлиб, қалинлиги 1 метр оғирлиги 160 тонна бўлган бетон қопламани 25 метрга улоқтириб юборади.
Бундан ташқари, яна иккита қўшни бетон сиғими девори ва остидаги қопламаси ёрилиб кетади. Портлаш кучи туфайли 3 километр радиусдаги барча биноларнинг дераза ойналари синиб тушади.
Вайрон бўлган пўлат контейнерлардан атмосферага механик вазн кўринишидаги 20 миллион кюри ҳажмдаги аэрозоллар, газлар кўринишидаги радиоактив моддалар чиқиб кетади.
Таққослаш учун, Чернобил АЭСдаги ҳалокатда атмосферага 380 миллион кюри ҳажмидаги радиоактив изотоплар чиқиб кетган ва уларнинг асосий қисми фақат йод-131дан иборат бўлган. Челябинскдаги ҳалокатда эса атмосферага чиқиб кетган радиоактив изотоплар миқдори анча кам бўлса ҳам хавфлилик даражаси баланд бўлган моддалар миқдори кўп эди.
10-12 соат мобайнида заҳарли радиоактив моддалар шамол таъсири туфайли 300-350 километр узоқликкача етиб боради. Радиоактив моддалар етиб борган ҳудуд кейинчалик «Шарқий Уралдаги радиоактив излар» деб номланади.

Кечга бориб портлаш оқибатида атмосферага чиқиб кетган радиоактив моддалар билан тўйинган ҳаво қўшни Свердловск вилоятига, соат 00:00да Тюмен вилоятига етиб боради. Бу пайтда махсус контейнердаги радиоактив чиқинди ҳали ҳам ёнишда давом этаётганди. У 30 сентябр куни тонгда ёниб тугайди.
Ўшанда узунлиги 300-350 километр, эни 5-10 километр бўлган ҳудуддаги атмосфера заҳарланади. Радиоактив моддалар тарқалган ҳудудларда жами 270 минг нафар одам яшарди.
Расмий хулоса
1957 йил 11 октябр куни ҳалокат сабабларини ўрганиш учун 11 нафар атом соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассисдан иборат махсус гуруҳ ташкил этилади. Махсус гуруҳ ҳалокат тафсилотларини ўрганиб, ўз хулосаларини эълон қилади.
Махсус гуруҳнинг аниқлашича, ҳалокатга радиоактив чиқиндилар солинган махсус контейнерлар жойлаштирилган бетон чуқурларнинг бирида сув алмаштириш тизими ишдан чиққани сабаб бўлган.
Ҳалокат юз беришидан бироз аввал бетон чуқурлардан бирининг сув айланиш тизимида носозлик юзага келади. Оқибатда радиоактив чиқинди солинган махсус контейнер қизиб кетади ва бетон чуқурда ўзини ўраб турган сувни парлантириб юборади. Шундан сўнг ундаги радиоактив моддалар мисли кўрилмаган даражада қизиб, портлаш юзага келади.
Норасмий хулоса
Ҳалокат сабаблари ҳақидаги норасмий хулосаларда портлаш сабаблари бошқачароқ бўлгани айтилади. Уларга кўра махсус контейнерларни совитиб турган сув тизимида носозлик юзага келмаган. Завод ходимлари махсус контейнерларга радиоактив чиқиндиларни жойлаштиришда хатоликка йўл қўйган.
Улар нитрат плутоний билан тўлдирилган махсус контейнерга оксалат плутонийни қўшиб юборишган. Махсус контейнерда оксалатнинг нитрат билан оксидланиши жараёнида жуда катта миқдорда энергия ажралиб чиқади. Шу сабабли махсус контейнер мисли кўрилмаган даражада қизиб кетади. Совитиш тизими қизиб кетган махсус контейнерни совитишга улгурмайди. Оқибатда у ердаги сувнинг барчаси парланиб кетади ва махсус контейнер портлайди.
Ҳалокат кўлами
1957 йил 30 сентябр куни тонгда ҳалокатнинг илк кўлами аён бўлади. Радиация тўлқини корхоналар ҳудудини, бундан ташқари яқин атрофда жойлашган ҳарбий шаҳарчани, қамоқхонани заҳарлагани маълум бўлади.
Ҳалокат содир бўлган илк кунда уни бартараф этиш учун яқин орадаги ҳарбий қисмда хизмат қилаётган аскарлар ва қамоқхонадаги маҳбуслар юборилади. Улар корхона ҳудудидаги радиоактив изотопларни хавфсиз жойга кўчириш билан шуғулланишади ва радиация нурлари билан заҳарланишади.
Ҳалокат содир бўлган куннинг эртасига мажмуа атрофидаги барча кўчирила бошланади. Бир ҳафта ичида эса ҳалокат юз берган жойдан 22 километр радиусда бўлган барча аҳоли пунктларидан одамлар бошқа жойларга кўчирилади.
Ҳалокатдан сўнг 2 йил давомида ҳудуддаги ернинг 300 минг метр куб тупроғи яроқсиз ҳолга келади. Ўшанда ҳалокат туфайли 1 300 тонна буғдой, 104 тонна гўшт, 240 тонна картошка, 66,6 тонна сут маҳсулоти истеъмолга яроқсиз бўлиб қолади ва улар йўқ қилинади.
Умумий ҳисобда ҳалокат сабабли 80 мингдан ошиқ одам жиддий заҳарланади ва соғлигини йўқотади. Кейинчалик радиация нурлари билан заҳарланганларнинг болалари ва набиралари ҳам турли касалликлар билан туғилади. Ҳалокатни бартараф этишда қатнашганларнинг бир қисми воқеа жойида ҳалок бўлади. Аммо уларнинг сони кейинчалик ҳам очиқланмайди. Фақат ҳалокат юз берган жой яқинида уларга атаб ёдгорлик ўрнатилади холос.
Ҳалокат оқибатида радиоактив моддалар билан тўйинган ҳаво Челябинск, Свердловск ва Тюмен вилоятларидаги 23 000 километр квадрат майдонда жами 270 минг аҳоли яшайдиган 217 та аҳоли пунктида атмосферани заҳарлайди. Ҳалокат юз берган ҳудудда жойлашган Челябинск-40 шаҳарчасида ҳаво таркиби 90 фоиз радиоактив изотоплар билан тўйинади.
Ҳалокат туфайли қишлоқ хўжалигида фойдаланилган 106 минг гектар ер яроқсизга айлангани маълум бўлади. Шунингдек, кўплаб балиқчилик хўжаликлари зарар кўради.
1968 йилга келиб ҳам ҳалокат туфайли заҳарланган ҳудудларда радиация миқдори юқорилигича қолади. Шундан сўнг радиоактив моддалар тарқалган ҳудуд қўриқхона ташкил этиш баҳонасида симтўр билан ўраб олинади.
Ҳалокатнинг яширилиши
1950 йиллар охирида СССР қуролланиш, космосни ўзлаштириш, атомдан тинч мақсадларда фойдаланишда (АЭСлар қурилишда) мусобақалашаётган эди. Ана шу пайтда Челябинскдаги ҳалокатни умуман ошкор қилиб бўлмасди.
Ўша пайтда аҳоли томонидан ҳодиса ҳақида турли миш-мишлар тарқатилади. Аммо расмий хабар берилмагани учун уларга одамларни ишонтириш мушкул эди. Шу тариқа, мазкур ҳодиса 1980-йилларнинг иккинчи ярмигача оммадан сир сақланади.
Аммо СССРдаги ҳар бир ўзгаришни синчковлик билан кузатиб бораётган Ғарбдан бундай ҳодисаларни яшириш имконсиз эди. Хорижликлар ҳалокат ҳақида 1957 йилдаёқ хабардор бўлади. 1958 йилда Норвегияда чоп этиладиган газетада ҳалокат ҳақида илк хабар берилади. Аммо хабарда ҳалокат Челябинскдаги корхонада эмас, балки шу ҳудудда ядро синовлари пайтида юз берган деб ёзишади.
Кейинчалик Лос-Аламос шаҳрида жойлашган АҚШ Миллий лабораторияси эълон қилган докладда ҳам 1957 йилда СССРда ҳарбий ўқув машғулотлар пайтида атом бомбаси портлаб кетиб, ҳалокат содир бўлгани, оқибатда радиация тўлқинлари қўшни давлатлар ҳудудигача етиб боргани ҳақида ёзишади.
Челябинскдаги ҳалокат ҳақида эса илк марта Англиянинг New Scientist журналида СССРдан бу давлатга кўчиб ўтган Жорес Медведев томонидан хабар берилади. Совет иттифоқида эса бу ҳалокат ҳақида биринчи марта 1989 йилда СССР Олий совети сессиясида гапирилади.
Ҳалокат асоратларига қарши кураш
1957 йил 2 октябр куни ҳалокатдан уч кун ўтиб Москвадан махсус комиссия келади. Комиссия ҳалокат туфайли радиоактив моддалар тарқалган ҳудудлардан аҳолини вақтинчалик кўчириш ва ҳудудни ўраш каби масалаларни муҳокама қилади. Челябинск, Тюмен ва Свердловск вилоятлари раҳбарларига турли топшириқлар берилади.
Орадан бир ҳафта ўтиб ҳалокат содир бўлган жойдан 22 километр радиусда яшаётган барча аҳоли ва турли муассасаларда бўлган одамлар кўчирила бошланади. Кейинчалик 72 километр радиусдаги одамлар ҳам кўчирилади. Шундан сўнг ҳалокат содир бўлган ҳудудда радиоактив моддалар билан заҳарланган ернинг юза қисмидаги 300 минг метр куб тупроқни кўмиб юбориш бошланади ва бу иш икки йил давом этади.
Бундан ташқари, радиоактив моддалар билан заҳарланган чорва моллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва бошқа турли озиқ-овқатлар кўмиб юбориш йўли билан йўқ қилинади. Аҳолиси кўчирилган қишлоқларда барча уйлар бузиб ташланади ва улар ҳам кўмиб юборилади. Сўнг жуда катта ҳудудга қарағай дарахти кўчатлари экиб чиқилади.
Жойларда радиоактив моддалар етиб борган ҳудудларда радиация даражасини назорат қилиш марказлари ташкил этилади.
1960-70 йилларда ҳалокат жойидан анча узоқда жойлашган ва доимий тарзда радиоактив моддалар таъсири камайган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга рухсат беришади. Аммо шунда ҳам жуда катта ҳудуд ёпиқ қолаверади.
Қўриқхонанинг ташкил этилиши
Ҳалокат содир бўлгандан 2 йил ўтиб СССР ҳукумати радиоактив моддалар кенг тарқалган жуда катта ҳудудда илмий-тадқиқот қўриқхонасини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилади.
Қарорга кўра радиоактив моддалар билан заҳарланган 700 километр квадратга тенг ҳудуд қўриқхонага ажратиб берилади. Шундан сўнг у ерга аҳолининг кириши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириши, чорва молларини боқиши, овга чиқиши, балиқ овлаши ҳамда ўрмондан турли ўсимликларни териб олиши тақиқлаб қўйилади.
Соғлом ёввойи ҳайвонлар кирмаслиги, у ердан радиоактив моддалар билан заҳарланганлари бошқа ҳудудларга чиқиб кетмаслиги учун қўриқхона симтўр билан ўраб олинади.
1968 йилда қўриқхона номини «Шарқий Урал қўриқхонаси» деб ўзгартиришади. Тақиқлар эса сақланиб қолаверади.
Ҳалокатдан олинган сабоқлар
1960-70 йилларда СССРда Атом энергетикаси бўйича жуда катта лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган эди. Жумладан, кўплаб АЭСларни қуриш ҳам. Табиийки, янгитдан қуриладиган АЭСлардан кўп миқдорда радиоактив чиқиндилар чиқарди.
Челябинск вилоятидаги ҳалокат Уралдаги жуда катта ҳудудда одамларга, табиат дунёсига зарар келтирар экан, совет олимлари радиоактив чиқиндиларни сақлаш бўйича технологияларни мукаммаллаштириш лозимлигини тушуниб етишади ва амалий ишларни бошлаб юборишади. Совитиш тизимлари бироз мукаммал кўринишга келтирилади. Аммо шундай бўлса-да кейинчалик Чернобил АЭСда ҳалокат содир бўлади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
19:43 / 27.05.2025
Хитойдаги кимёвий заводда портлаш содир бўлди
23:21 / 22.05.2025
“Путинга ёқиш учун айтилган гаплар” — экспертлар Кобяковнинг баёноти ҳақида
16:41 / 22.05.2025
2026 йилдан Ўзбекистонда АЭС совитиш тизимларини ишлаб чиқариш бошланади
17:09 / 21.05.2025