Жаҳон | 22:32 / 21.04.2022
88643
9 дақиқада ўқилади

Путин нега «Азовстал» штурмидан воз кечди: эҳтимолий сабаблар

Фото: Александр Ермоченко / Reuters

Россия президенти Владимир Путин Мариуполдаги «Азовстал» заводини штурм қилишни тўхтатишга буйруқ берди. Мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда у бу штурмни мақсадга мувофиқ эмас деб айтди. BBC рус хизмати бунинг сабабларини кўриб чиқди.

Россиялик ҳарбийлар бир неча ҳафтадан буён «Азовстал» металлургия комбинати ҳудудини эгаллашга уринмоқда, бу ерда шаҳар ҳимоячиларининг сўнгги қисми ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари бор. Бу ерни бошпана қилганларнинг аниқ сони маълум эмас. Россия мудофаа вазирлиги баҳоларига кўра, ҳозирда «Азовстал» ҳудудида 2,5 минг киши бўлиб турибди. Россия ҳарбийлари бунда асирга тушган украин жангчиларининг маълумотларига асосланишмоқда.

Украина ҳукумати завод ҳудудида 1000 нафаргача тинч аҳоли вакиллари бўлиши мумкинлигини айтган. Бу рақам Украина вице-премьери Ирина Верешчук томонидан келтирилган. Мариупол мэри Вадим Бойченко қуршовда қолган тинч аҳоли вакиллари сони 300 нафардан 1000 нафаргача бўлиши мумкинлигини айтган. Бу рақамларни текширишнинг имкони йўқ.

Завод Кальмиус дарёси ва Азов денгизи соҳили ўртасидаги катта майдонни эгаллаган. Завод ўзининг юк ташилувчи портига ва кенг тармоқли ерости коммунал тизимига эга ҳисобланади.

Путин ва Шойгу нима ҳақда гаплашди

Путин билан учрашувда Шойгу Мариуполни «Азов» националистлари пойтахти» деб атади. У шаҳар назоратга олингани - фақат «Азовстал» корхонаси ҳудуди мустасно эканини маълум қилди. «У ерда украин жангарилари ва хорижлик ёлланма жангчилар қамалиб қолган», деган Шойгу.

Вазирнинг маълумотига кўра, завод ҳудудида 2,5 минг атрофида киши бор.

«Мен саноат зонасига ҳужумни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблайман, уни бекор қилишни буюраман. Ҳозир биз аскар ҳамда офицерларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишни ўйлашимиз керак бўлган вақт. Ушбу саноат объектлари остидаги катакомбаларга тушиб, эмаклаш керак эмас. Мазкур саноат зонасини ҳатто пашша ҳам учиб ўта олмайдиган қилиб, блоклаб қўйинг», деди Путин Шойгунинг Мариуполдаги вазият бўйича ҳисоботидан кейин.

Путин шунингдек таслим бўлган украин ҳарбийларининг жони омон қолишини кафолатлаган.

«Азовстал» қамалидан воз кечиш Путин томонидан рус ҳарбийларининг ҳаёти ва соғлиги ҳақида қайғуриш бўлиб кўринади, генераллар эса мудофаачиларнинг ишини имкон қадар тез вақт ичида якунлашга интилаётганди.

«Азовстал» заводига яшириниб, ҳамма томондан ўраб олинганларга келсак, «Азовстал»даги бу ишни якунлаш учун бизга уч-тўрт кун керак бўлади», дея Путинга ҳисоботини якунлади Шойгу.

Шундан кейин Путин штурмни бекор қилишга буйруқ берди.

Путин нега «Азовстал»ни қамал қилиб эгаллаш фикридан қайтди?

1-версия - ҳарбий қарор
«Азовстал» - советлар даврида қурилган улкан завод бўлиб, унинг остида кенг коммуникация тизимига эга бўлган бутун ерости шаҳри жойлашган. Айрим маълумотларга кўра, унинг алоҳида тузилмалари ядровий зарбага ҳам дош бера олади.

Завод украиналик ҳарбийларнинг яхши тайёрланган ва қаршиликни давом эттиришдан қайтмайдиган йирик гуруҳи томонидан мудофаа қилинмоқда. Ҳимоячилар ихтиёрида қандай қуроллар, ўқ-дорилар ва озиқ-овқат захираси мавжудлиги ҳақида маълумот йўқ. Аммо шуниси маълумки, қамалдагиларда денгизга чиқиш имконияти ва чекланмаган сув захиралари бор (денгиз сувини қайнатиб буғлантириб ичимлик сувига айлантириш мумкин), қамал шароитида эса бу озиқ-овқат захираларидан ҳам муҳимроқ.

''SCM'' матбуот хизмати / ТАСС

Бундай мустаҳкам ҳимояланган ҳудудни пиёда бўлинмалари орқали қамал қилиш (бошқа йўли йўқ) натижаси кафолатланмаган ҳолда ҳафталаб давом этиши мумкин, ҳужумлар вақтида эса катта йўқотишлар берилишидан қочиб қутулиб бўлмайди, йўқотишлар ўрнини тўлдириш эса - катта масала.

Россиянинг Мариуполга ҳужуми бошланган феврал ойи охири -  март ойи бошларидан буён украин ҳарбийлари бу ерда россиялик ҳарбийлар ва «Донецк халқ республикаси»нинг катта кучларини тутиб турибди - Украина президенти Володимир Зеленский яқинда шаҳар қамалида душманнинг 10 минглик гуруҳи (бу шу вақтгача ҳалок бўлганлар ва яраланганларни ҳисобга олмаганда) банд қилинганини айтганди.

Айни вақтда россияликларнинг Донбасс жанубида (Гуляйполе - Великая Новоселка линияси бўйлаб) ҳужуми суст бормоқда. Аммо бу йўналишга Мариуполда турган кучлар ташланса, Украинанинг бу йўналишдаги вазияти мураккаблашиши мумкин.

Шойгунинг «Азовстал» атрофи тўсиб қўйилгани ҳақидаги баёнотидан англаш мумкинки, у энди завод ҳудудидаги украин ҳарбийларини жанубий қанотдаги рус қўшинларига жиддий таҳдид деб ҳисобламайди.

Катта эҳтимол билан, энди Россия ҳарбий қўмондонлиги қўшинларнинг бир қисмини бошқа йўналишга олиб ўтишни, бир қисми «Азовстал»даги украин гарнизонида куч, озиқ-овқат захиралари ва қаршилик учун бошқа ресурслар тугагунча қамални давом эттириб, зарбалар йўллашни давом эттиришини режалаштирган.

2-версия - сиёсий қарор
Британия ҳарбий разведкасининг 19 апрел кунги маълумотномасида шундай дейилади: «Россия Мариуполдаги қаршиликни бостира олмагани ва маҳаллий аҳолига зарар етказган пала-партиш ҳужумлари шундан далолатки, россиялик ҳарбийлар ўз мақсадига ўзлари хоҳлагани каби тез эриша олмайди».

Россиянинг Мариуполдаги ҳарбий амалиёти якунланиш вақтини ҳозир ҳеч ким олдиндан айта олмаяпти, вақт эса кам қолмоқда. CNN телеканали АҚШ давлат тузилмаларидаги манбага асосланиб хабар беришича, Путин 9 майга қадар қандайдир ғалабага эришишни истамоқда. Бу сана унинг учун катта рамзий маънога эга - бу кунда Москвада ҳар йили ҳарбий парад ўтказиш анъанаси бор ва Путин бу кунда «ҳарбий амалиёт»даги муваффақият ҳақида эълон қилишни хоҳламоқда.

Аммо «Азовстал» штурми давом этиши ҳамда тинч аҳоли ва икки томондан ҳам ҳарбийлар қурбон бўлиши давом этадиган шароитда ҳатто энг содиқ фуқарони ҳам Мариуполдаги амалиёт муваффақиятли якунланганига ишонтириш қийин бўлади. Аммо агар завод ҳудудидаги амалиётнинг фаол босқичи «музлатиб қўйилиб», шаҳар «озод этилгани» ва аннексия қилинган Қримга қуруқлик орқали йўл очилгани эълон қилинса - ғалабанинг бундай талқини Россия жамоатчилигини қаноатлантириши мумкин.

Бошқа томондан, «Азовстал» штурмидан воз кечиш сиёсий мулоқот учун имкон қолдиради. Украина президенти Володимир Зеленский Мариуполдаги украин ҳимоячилари ўлдирилиши Россия билан ҳар қандай музокараларга нуқта қўйиши ҳақида огоҳлантирганди: «Бу ўнта Бородянка каби бўлиши мумкин».

Киевдагилар шаҳар ҳарбий йўл билан деблокада қилиш имконсизлигини айтиб келмоқда, шунинг учун сиёсий методлар қўлланмоқда - бошқа давлатлар раҳбарлари орқали Россияга таъсир ўтказишга ҳаракат қилинмоқда.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестовичнинг ҳисоблашича, Путин заводни штурм қилишни тўхтатишга буйруқ бериши амалда россиялик ҳарбийлар корхонани эгаллашга қодир эмаслигини кўрсатади.

«Путин «россиялик солдатларга қайғуриши»ни намойиш этди. Бу шуни англатадики, улар «Азовстал»ни эгаллашга қодир эмас. Улар буни тушунишган. Улар катта йўқотишларга учраган. Ҳимоячиларимиз заводни қўлда тутиб туришда давом этмоқда», деган Арестович пайшанба кунги брифингда.

3-версия - иқтисодий қарор
«Азовстал» - Европанинг энг йирик металлургия комбинатларидан биридир.

Урушгача комбинат йилига 4 млн тонна пўлат, 3,5 млн тонна чўян, 1,2 млн тонна прокат темир ишлаб чиқарган. «Азовстал» маҳсулотлари кемалар, кўприклар ва нефт қувурлари қуришда фойдаланилган. У Украинадаги ягона темирйўл рельслари ишлаб чиқарувчиси.

Жанглар вақтида заводнинг кўп қисми вайрон қилинганига қарамай, Москва бу ерда қимматли ниманидир сақлаб қолиш тўғрисида ўйлаётган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид