Ўзбекистон | 14:01 / 22.04.2022
9013
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 4 700 нафар аёлларнинг фарзандлари учун боғча тўлови бюджетдан қоплаб берилади 

Қашқадарёда 4 700 нафар ёлғиз ва муҳтож аёлларнинг фарзандлари учун давлат боғчалари тўлови бюджетдан қоплаб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди. 

Фото: Оқил Ғуломов / ЎзА

Қайд этилишича, бугунги кунда вилоятда 58 минг нафар хотин-қизлар ишсиз. Бу муаммолар билан тизимли ишлаш учун 813 та маҳалланинг ҳар бирида хотин-қизлар фаоли иш бошлаган. Ушбу фаол аёлларимиз хотин-қизларнинг яқин кўмакчисига айланиши зарурлиги айтилди.

8,5 минг нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун, 83 миллиард сўм имтиёзли кредитлар йўналтирилади. 1 минг 200 нафар аёлларга тикувчилик, ип-йигирув, қандолатчилик ва сартарошлик ускуналари сотиб олиш учун субсидиялар ажратилади. 8,5 минг нафар хотин-қизлар касаначиликка жалб этилади. 

Жорий йилда вилоятда 500 нафар эҳтиёжманд аёлларга уй-жой сотиб олиш учун субсидиялар берилади. Ижарада яшаётган 785 нафар аёлларга компенсация ажратилади, 112 нафар муҳтож ва уй-жойсиз ёлғиз аёллар ижтимоий уйларга жойлаштирилади.

Янги ўқув йилидан 12 минг 410 нафар талаба қизларга контракт тўлови учун фоизсиз кредитлар бериш бошланади. Янги ўқув йилидан бошлаб, магистратурада контракт асосида ўқиётган 702 нафар талаба қизларнинг контракт пуллари бюджетдан тўлаб берилади.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид