Жаҳон | 07:43 / 26.04.2022
47748
11 дақиқада ўқилади

Украинадаги вазият: томонларнинг баёнотлари, муносабат, ёрдам ва санкциялар

Украинада Россия армияси билан икки ойдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувларга оид кечаги кун давомида ва 26 апрелга ўтар кечаси содир бўлган ҳодиса, янгилик ва хабарларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Украина президенти Володимир Зеленский одатдагидек тунги мурожаат билан чиқиш қилди. Зеленскийга кўра, Россия Украинага қарши урушда ҳеч нарсага эриша олмайди.

Фото:  president.gov.ua

«Икки ой ичида улар бизга қарши 1100 тадан ортиқ ракеталар ишлатишди. Авиабомбалар ва артиллерия зарбаларининг саноғи йўқ. Улар одамларни қийнашди, талашди, отишди. Улар заминимизни миналаштиришди. Тинч шаҳар ва қишлоқларни жаҳаннамга айлантиришди. Айрим украин шаҳарлари ва қишлоқларини ер билан битта қилишди. Лекин ҳеч нарсага эриша олишмади ва эриша олишмайди ҳам», — деган Зеленский.

Зеленскийга кўра, рус ҳарбийлари вақтинча бостириб кирган Херсон, Каховка, Мелитопол, Днепрорудное, Энергодар ва бошқа шаҳарлар уларга бўйин эгмаган. «Одамлар ўзининг норозилиги билан, уларга муносабати билан Украина албатта ғолиб чиқишини кўрсатиб қўйишди», — деган Зеленский.

«Россия бизнинг тупроғимизда ясама «референдум» ўтказмоқчи? Агар бунга уринишса ҳам, бу ҳам Москвада Украинани оккупация қилиш учун тузган барча режалари каби шармандали бўлади», — деган Зеленский.

Президентга кўра, икки ойлик жанговар ҳаракатларда Украинанинг 9781 ҳимоячиси давлат мукофотлари билан тақдирланган. 142 кишига Украина қаҳрамони унвони берилган.

«Украиналиклар давлатни ҳимоялашга оммавий тайёрлигини намойиш этишди. Турли ёш, турли ижтимоий аҳвол, турли маълумотдаги украиналикларнинг барчаси бирдек давлат ҳимояси учун қад ростлади.

Бу уруш Украина учун чинакам халқ уруши бўлди. Шарқдан ғарбгача, шимолдан жанубгача Украина ғояси барибир кучли, барибир халқона эканлигини кўрсатиб берди», — деган Зеленский.

Херсон шаҳри мэри Игор Колихаев қуролланган кишилар шаҳар кенгаши биносини эгаллаб олишганини тасдиқлади.

Украина бирлашган қуролли кучларининг оператив штаби ўтган сутка ичида эришилган ютуқлар ҳақида қуйидаги маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Донбассда Украина ҚК душманнинг 6 та ҳужумини муваффақиятли қайтарган;
  • 4 та танк, 5 та артиллерия тизимлари, 13 та зирҳли техника, 15 та автомобил техникаси, 2 та ёнилғи баки, 1 та зенит қурилмаси йўқ қилинган.
  • 2 та самолёт, 3 та «Орлан-10» типидаги пилотсиз учар қурилма уриб туширилган.

Шунингдек, Укриана ҚК «Восток» тезкор тактик гуруҳи маълумотларига кўра, душманга яна қуйидагича талафот етказилган:

  • Шахсий таркиб — 160, танклар — 3, БТР — 3, БМП — 4, АТТ — 12, артиллерия тизимлари — 2, зенит қурилмаси — 1, пилотсиз учар қурилма — 2.

Россия томонининг баёнотлари

ФСБ Россияда тақиқланган неонацистик террорчилик гуруҳини ушлаган. Улар Украина хавфсизлик хизмати топшириғига кўра, журналист Владимир Соловьёвни ўлдиришни мақсад қилган.

Россия президенти Владимир Путин / Фото: gazeta.ru

«Бизга украин нацистларининг журналистларни ўлдириш ҳақида маслаҳат берувчи ғарб давлатларидаги, энг аввало МРБдаги кураторларининг фамилияси номма-ном маълум»,деган Владимир Путин.

Владимир Путин хорижий оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиб, Россия Федерацияси қуролли кучларига нисбатан провокацияларнинг қатъий олдини олишни талаб қилди.

«Ғарбнинг биринчи галдаги вазифаси Россия жамиятини бўлиб ташлаш, мамлакатни ичидан вайрон қилиш бўлиб турибди, лекин улар бунга ҳам эришолмаяпти. Россияда ахборий мағлубиятга учраган Ғарб, россиялик журналистларни ўлдиришга уринмоқда»,деган Путин.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россиянинг Биринчи каналидаги «Катта ўйин» («Большая игра») дастурида чиқиш қилди. Унинг айрим фикрлари.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров / Фото: 1tv.ru
  • Киев АҚШ ва Британия маслаҳати билан Истанбул музокараларидан чекиниб, орқага катта қадам ташлади.
  • Россиянинг яхши ниятининг ҳам чегараси бор, агар унга монанд жавоб берилмаса бу Киев билан музокара жараёнига ёрдам бермайди.
  • Киевнинг реал позициясини Вашингтон, Лондон ва ғарбнинг бошқа давлатлари пойтахтларида аниқлаштириб берилмоқда, бироқ Россия Зеленский командаси билан алоқаларни давом эттиради.
  • Ғарб вакиллари Россияга тиклаб бўлмас зиён етказишни мақсад қилиб, Зеленскийни қўллаб-қувватламоқда.
  • Ғарб Давлатлари Украинага етказиб бераётган қурол-яроғлар Россия ҚКнинг қонуний нишонига айланади.
  • Украинадаги бугунги вазият шартнома билан якунланади, лекин унинг параметрлари ҳарбий ҳаракатлардаги долзарб вазият билан белгиланади.
  • Ғарб РФга ўз чегаралари ва русларни хорлаётган ҳудудларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олмаяпти.
  • Украинага қурол-яроғ етказиб бераётган НАТО моҳиятан Россия билан прокси-урушга киришмоқда.
  • АҚШ «Демократия учун саммит» ўтказиб, БМТга муқобил музокара майдонини яратишга уринмоқда.
  • АҚШда «Русларга оид барча нарсаларга қарши ирқчилик» кайфияти олий даражада шакллантирилмоқда.
  • Ядровий уруш эҳтимоли реал, бу хавфга етарлича баҳо бермаслик мумкин эмас.

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Узоқ масофали юқори аниқликдаги қурол билан Украинанинг Донбассдаги гуруҳига хорижда ишлаб чиқарилган қурол-яроғ ва ҳарбий техника етказилаётган Красное, Здолбунов, Жмеринка, Бердичёв, Ковел и Коростен районларидаги темирйўл станцияларига зарбалар берилган.
  • Юқори аниқликдаги ракеталар билан Украинанинг 4 та бошқарув пункти, Словянск шаҳридаги ўқ-дори омбори, Новгородовкадаги «Правий сектор» штаби йўқ қилинган.
  • Ракета қўшинлари томонидан Украинанинг «Точка-У» комплекси позицияси, артиллерия батареяси, тирик куч ва техникаларнинг 10 та жамланмаси нишонга олинган.

 

Украинага кўмак

Киевга сафар қилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Пентагон раҳбари Ллойд Остин Украинага янги 322 млн долларлик ҳарбий ёрдам ҳақида эълон қилишди. AP маълумотларига кўра, бу сумманинг 165 млн доллари қурол-яроғ ва ўқ-дори сотиб олишга сарфланади.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва Мудофаа вазири Ллойд Остин Киевда. Фото: Time

Германиянинг Rheinmetall концерни ГФР ҳукуматидан Украинага 88 та Leopard 1A5 танкларини етказиб беришга рухсат сўради. Die Welt нашрининг ёзишича, рухсат олинса концерн дастлабки 22 та танкни бир неча ҳафта ичида, қолганини йил охиригача етказиб бера олади.

Полша бош вазири Украина Т-72 танклари совға қилинганини тасдиқлади. «Украиналик дўстларимизнинг хавфсизлиги учун уларнинг сонини эълон қилмаймиз», деган у.

Болгария бош вазири Кирил Петков Украина учун маблағ йиғиш кампаниясини бошлаб берди.

 Болгария бош вазири Кирил Петков / Фото: in-bulgaria.online

«Мен Украина ҳукумати учун маблағ йиғиш бўйича жамоатчилик кампаниясини бошладим. Мен Болгариянинг ҳар бир фуқаросини мен каби ўз маошини хайрия қилишга чақираман», деган бош вазир ижтимоий тармоқда.

Буюк Британия Украинага Starstreak зенит ракеталари учириш қурилмасига эга Stormer зирҳли транспортёрларнинг «кичик бир қисми»ни (манбаларга кўра, 250 та) етказиб беради, деган мамлакат Бен Уоллес Вакиллар палатасидаги чиқишида.

Буюк Британия Украинадан кириб келадиган барча товарларга божни бекор қилди. Британия бош вазири Борис Жонсон ўзининг яқинда Киевга қилган сафарида буни ваъда қилган эди.

Словакия Украинага 130 млн евролик ҳарбий ёрдам жўнатди, деган мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Мартина Ковал-Какашчикова.

 

Россияга қарши санкциялар

Европа Иттифоқи Россия нефти импортига қарши «ақлли санкция» тайёрламоқда. Бундан мақсад Евроиттифоқ иқтисодиётига етказиладиган зиённи минималлаштириш, деган Европа комиссияси раисининг ўринбосари Валдис Домбровскис Британиянинг The Times нашрига берган интервюсида.

Валдис Домбровскис / Фото:obzor.lt

Конкида учувчилар халқаро иттифоқи (ISU) Россияда 2022 йилнинг 25–27 ноябр кунлари ўтадиган фигурали учиш бўйича Гран при босқичини тақвимдан олиб ташлади. Спорт ташкилотининг расмий баёнотида ISU кенгаши Украинадаги вазият туфайли бундай қарорга келганини тушунтирган.

Россиянинг миллий ишлаб чиқарувчилари ҳам мамлакатни тарк этмоқда. «Урал» оғир мотоцикллар ишлаб чиқарувчи Ural Motorcycles компанияси саноатни Қозоғистоннинг Петропавловск шаҳрига кўчиришини эълон қилди. Бунга сабаб РФга қарши қўлланилган санкциялар ва бутловчи қисмларнинг етишмаслиги.

Озарбойжон Россия гази учун рублда пул тўламайди, дея баёнот берган Озарбойжоннинг SOCAR нефт компанияси.

 

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

Сешанба куни БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш Москвада РФ президенти Владимир Путин билан учрашади. Шунингдек РФ ТИВ раҳбари Сергей Лавров билан ишчи учрашув ўтказади. Пайшанба куни у Украинага боради, ҳамда Украина президенти Володимир Зеленский ҳамда ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба билан учрашади.

«Бош котиб ҳар икки томон раҳбарияти билан аниқ гаплашиб, музокараларда қандай ютуқларга эришиш мумкинлигини кўра олиши муҳим. Пировард мақсад — жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, Украинадаги инсонларнинг аҳволини яхшилаш усулларини топиш, уларга солинаётган таҳдидни камайтириш ва уларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш», — деган бош котиб матбуот котиби ўринбосари Фарҳон Ҳақ.

Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Россия қўшинларининг Украинадаги йўқотишларини санади.

 Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес / Фото: The Scotsman

Бирлашган қироллик Мудофаа вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, 15 мингга яқин Россия ҳарбийлари ўлдирилган, 2 мингга яқин зирҳли техника йўқ қилинган ё эгаллаб олинган. Бу 530 дан ортиқ танклар, 530 дан ортиқ зирҳли транспортёрлар ва 560 дан ортиқ пиёдалар жанговар машинаси. Уоллесга кўра, Россия 60 дан ортиқ вертолёт ва қирувчи самолётларидан ажралган. Унинг сўзларига кўра, Кремль «барча мақсадларида муваффақиятсизликка учраган», бироқ «украинлар ўз ҳаёти учун курашмоқда».

Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид