Жамият | 14:50 / 27.04.2022
24519
5 дақиқада ўқилади

Хавфсизлик камари нима учун муҳим?

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод Примов навбатдаги мақоласида Ўзбекистонда автомобилнинг олд ўриндиғидаги йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиши мажбурий этиб белгиланганидан кейин кузатилган мунозаралар юзасидан фикр юритди.

Фото: Getty Images

Янги тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, автомобилнинг олд ўриндиғида ўтирган йўловчилар ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари мажбурийлиги белгиланди. Мазкур қоида баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Хўш, олд ўриндиқда ўтирган йўловчиларнинг ҳам хавфсизлик камарини тақиб олишлари шартлиги қанчалик асосли, чиндан ҳам бу талабга зарурат борми?

Кўпчилик мутахассислар ҳатто «хавфсизлик камари нима учун муҳим?» деган савол берилишини ҳам ноўрин деб ҳисоблашади.

Статистик маълумотларга кўра, хавфсизлик камаридан фойдаланиш 75 фоизгача ҳалокатли зарарнинг олдини олади.

Шунингдек:

  • автомобилнинг 40 км/соат тезликдаги тўқнашуви натижасида хавфсизлик камарини тақмаган ҳолда олинган зарба кўп қаватли бинонинг 4-қаватидан йиқилиш билан бир хил бўлар экан;
  • автомобилнинг юқори тезликдаги тўқнашувида агар хавфсизлик камари тақилмаган бўлса, олдинги ўриндиқда ўтирган ҳайдовчилар ва йўловчиларнинг атиги 20 фоизи омон қолишади;
  • хавфсизлик камари олд ва орқа ўриндиқлардаги йўловчиларнинг ўлим хавфини олд ва ён тўқнашувларда 2 бараварга, ағдарилишда эса 5 бараваргача камайтириши исботланган;
  • хавфсизлик камаридан фойдаланиш олд ўриндиқдаги ҳайдовчи ва йўловчилар учун ўлим хавфи ва жиддий жароҳатларни 40-50 фоизгача, орқа ўриндиқдаги йўловчилар учун 25 фоизгача камайтиради;
  • 50 км / соат тезликда кетаётган автомобилнинг тўқнашуви натижасида олд ўриндиқда ўтирган йўловчининг боши билан олд ойнани синдириб, отилиб чиқиб кетиш хавфи юқори ва бундай ҳолатлар 90 фоиз ҳолатларда ўлим билан тугайди.

АҚШ ва Европа мамлакатларида ҳам хавфсизлик камарини тақиш мажбурий талаб сифатида белгиланган дастлабки даврларда бу қоидани «инсон ҳуқуқларига навбатдаги ҳужум» сифатида қабул қилишган (Бугун бизнинг Ўзбекистонда ҳам хавфсизлик камарини тақишнинг мажбурий этиб белгиланишини ортиқча чеклов, жарима ундиришнинг янги воситаси сифатида тушунувчилар ҳам кам эмас).

Хавфсизлик камарининг ҳақиқатан ҳам кераклигига шубҳа билан қаровчилар хавфсизлик камари жиддий аварияларда ҳайдовчи ва йўловчиларнинг автомобил ойнасидан отилиб чиқиб кетган ҳолда омон қолишларини чеклаши, камарнинг ноқулайлиги ва эркин ҳаракатчанликни чеклаши, автомобил ёниб кетганда хавфсизлик камари автомобилни тезда тарк этишга имкон бермаслиги, паст тезликда ҳаракатланганда хавфсизлик камарига зарурат йўқлиги каби афсоналарни важ қилиб келтиришади. Аммо бу важларнинг ҳеч бирида асос йўқ.

Хавфсизлик камарининг самарадорлиги автомобилдаги ҳайдовчи ва йўловчиларнинг барчаси ундан фойдаланганда янада юқорироқ бўлади. Чунки автоаварияларда автомобил салонидаги ҳайдовчи ва йўловчилар турли томонга қаттиқ чайқалиб ўриндиқларга, автомобил ойналарига ва йўловчилар ўзаро бир-бирига уриладилар. Ҳатто битта йўловчи хавфсизлик камарини тақмаган бўлса бошқа йўловчиларга (гарчан улар хавфсизлик камарини таққан бўлсалар ҳам) жиддий ҳалокатли жароҳатлар етказиши мумкин.

100 000 дан ортиқ автоавариялар таҳлилига кўра, агар орқа ўриндиқдаги йўловчилар хавфсизлик камарини тақмаган бўлса, тўқнашув вақтида олд ўриндиқдаги ҳайдовчи ва йўловчининг ҳалок бўлиш эҳтимоли беш бараварга, агар хавфсизлик камарини таққан бўлса, олд ўриндиқдаги ҳайдовчи ва йўловчиларнинг тирик қолиш эҳтимоли 80 фоизга ортар экан.

Тўқнашув вақтида ҳайдовчининг таъсир кучи унинг вазнига нисбатан бир неча ўн баравар ортади. Тезлик қанча юқори бўлса бу рақам шунча ўсиб боради. Масалан, 50 км / соат тезликда кетаётган автомобил тўқнашувида 50 кг вазнли йўловчи 2000 кг вазн билан урилади. Қуйидаги жадвалда бу ҳақда батафсилроқ баён этилган:

Хавфсизлик камарининг аҳамияти ҳақида узоқ гапириш мумкин. Аммо халқимизда минг марта эшитгандан кўра бир марта кўрган афзал дейишади. Интернетда минглаб краш тест видеолари мавжуд. Ҳар биримиз уларни бир мартадан кўрсак ҳам фойдадан холи бўлмайди.

Хавфсизлик камаридан фойдаланиш биринчи галда ўзимиз ва яқинларимизнинг соғлиғи ва ҳаёти учун муҳимдир. Ҳар қалай мазкур восита ноқулайлик учун эмас, соғлиғимиз ва ҳаётимизни асраш учун ўйлаб топилганини унутмайлик.

Мавзуга оид