Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда айиқ боласининг ўлдирилиши бўйича тўпланган ҳужжатлар ИИБга ўтказилди
Экология инспекторларига кўра, Қашқадарёда қўнғир айиқ боласининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатда жиноят аломатлари бор. Уйидан айиқ териси топилган фуқаро айиқ боласини ўлик ҳолда топганини иддао қилган. Маълум бўлишича, энг сўнгги мониторингларда Ўзбекистон бўйлаб 600 га яқин қўнғир айиқ борлиги аниқланган, кейинги йилларда уларнинг сони икки баравар кўпайган.
Қашқадарёнинг Деҳқонобод туманида Қизил китобга киритилган қўнғир айиқ боласининг ўлдирилиши 5 апрел куни, Деҳқонобод Давлат ўрмон хўжалигининг Қизилсой ўрмон бўлимида содир этилган. Бу – экология инспекторлари ва туман ИИБ ходимлари ўтказган ўрганишда аниқланган.
Экология қўмитаси хабарига кўра, Kun.uz'га келиб тушган видеодаги эркак “Оққишлоқ” МФЙ ҳудудида яшовчи К.Ш. экани аниқланиб, унинг уйидан айиқ боласининг териси топилган.
“Айиқ боласи териси далолатнома асосида олиб қўйилиб, экспертизага юборилди. Ҳолатдан хабардор бўлган барча фуқаролардан ёзма тушунтириш хатлари олинди.
Юқоридаги ҳолат билан Ўзбекистон Республикасининг “Экологик назорат тўғрисида”ги, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги ҳамда “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги қонунлар талаблари қўпол равишда бузилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддасида назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги сабабли, тўпланган ҳужжатлар Деҳқонобод туман Ички ишлар бўлимига ўтказилди”, – дейилади хабарда.
Аввалроқ берилган хабарга кўра, ушбу фуқаро айиқ боласини ўлик ҳолда топганини иддао қилган.
Экоқўмнинг бугунги хабарида маълум қилинишича, ҳозирги кунда Давлат экология қўмитаси томонидан Ҳисор давлат қўриқхонасида “Smart” патруль тизими жорий этилган бўлиб, ҳудудда 75 дона фотоқопқон ўрнатилган. Келажакда яна 50 дона фотоқопқон ўрнатиш режалаштирилган.
“Ушбу тизим орқали қўриқхона ҳудудини назорат қилиш, мониторинг ишларини олиб бориш ҳамда браконьерликка қарши курашишда фойдаланиб келинмоқда.
Ҳайвонот дунёси мониторингини ўтказиш натижаларига кўра, мамлакатимизда 600 га яқин қўнғир айиқ аниқланган бўлиб, кейинги йилларда икки баравар кўпайган. Ҳозирда Ҳисор қўриқхонасида айиқлар сони 147 бошни ташкил этади”, – дейилади расмий ахборотда.
Мавзуга оид
12:57 / 15.01.2025
Қашқадарё вилоятида ер силкиниши содир бўлди
17:24 / 06.01.2025
Айиқ билан курашган боксчи Шаҳрам Ғиёсов жаримага тортилди
00:13 / 29.12.2024
Боксчи Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан кураши тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди
14:34 / 16.07.2024