Ўзбекистон | 10:57 / 30.04.2022
5675
2 дақиқада ўқилади

Япония ташқи ишлар вазирига Дипломатия университети фахрий доктори унвони берилди

Япония ташқи ишлар вазирига Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фахрий доктори унвони берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди.

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяси бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди.

Япония ташқи ишлар вазирига Сенат раисининг биринчи ўринбосари, ЖИДУ ректори Содиқ Сафоев ҳамроҳлик қилиб, университет тарихи ва фаолияти, Япониядаги ҳамкор университетлар билан муносабатларни ривожлантириш бўйича маълумотлар, япон тилини ўрганиш дастурлари билан таништирди.

Вазирга ЖИДУ фахрий доктори унвонини бериш тўғрисидаги университет илмий кенгашининг қарори ўқиб эшиттирилди, бу ҳақдаги диплом ва мантия тантанали равишда топширилди.

Ёшимаса Хаяси университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари олдида сўзга чиқиб, Япония Ташқи ишлар вазирлигининг фаолияти, Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим йўналишлари ҳақида айтиб ўтди.

Бундан олдин Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Япония ташқи ишлар вазири Ёшимаса Хаяси президент Шавкат Мирзиёев ва ташқи ишлар вазири Владимир Норов томонидан қабул қилинганди.

Мавзуга оид