Жаҳон | 07:24 / 05.05.2022
24642
10 дақиқада ўқилади

Украинадаги уруш: томонларнинг баёнотлари, муносабатлар, ёрдам ва санкциялар

Украинада Россия армияси билан икки ойдан зиёд давом этаётган ҳарбий тўқнашувлар ва уруш атрофидаги воқеа-ҳодисаларга оид сўнгги расмий хабарлар ва янгиликларнинг эрталабки қисқача шарҳлари билан танишинг.

Украина томонининг баёнотлари

Володимир Зеленский ўзининг одатий тунги мурожаатномасида жангларда вафот этган журналистнинг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Украина президенти Володимир Зеленский. Фото: president.gov.ua

«Бугун таниқли журналист Александр Махов вафот этди. Харков областида, Изюм шаҳри остонасидаги жангларда. У 36 ёшда эди. Мен унинг яқинлари ва дўстларига самимий таъзиямни изҳор қиламан.

Унинг ўғли Владислав билиб қўйиши керак: Россия бу ўлим учун жавоб беради. Биз албатта Украина учун ғалаба қозонамиз. Аминманки, бу Александрнинг ҳам орзуси бўлган. Биз уни амалга оширамиз. У ва Украина учун жон фидо қилган барча қаҳрамонларимизнинг ёди абадий!» — деган Зеленский.

Украина президенти Володимир Зеленский БМТ бош котиби Антониу Гутерришга «Азовстал» заводи ҳудудидан барча яраланганларни олиб чиқишда ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди.

Украина қуролли кучлари бирлашган операцияси ўтган сутка ичида эришилган муваффақиятлар ҳақида қуйидагича маълумот бермоқда (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Душманнинг 11 та ҳужуми муваффақиятли бартараф этилган.
  • 5 та танк, 7 та ҳарбий зирҳли техника, 5 та автомобил йўқ қилинган.
  • Ҳаво ҳужумидан мудофаа бўлинмалари Донбасс осмонида 2 та Су-30 самолёти, «Орлан-10» ва «ЗАЛА-421» типидаги 2 та пилотсиз учар қурилмаларни уриб туширган.

Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлигининг маълумотлари:

  • Россия авиациясининг 2 та самолёти (тахминан Су-30 қирувчи самолётлари), «Орлан-10» типидаги 4 та пилотсиз учар қурилма, 3 та қанотли ракета уриб туширилган.

«Схид» («Шарқ») тезкор-тактик гуруҳининг маълумотлари:

  • Россия қўшинлари битта ҳужум уюштирган. Душманнинг йўқотишлари: 36 нафар шахсий таркиб, 2 та пиёдалар зирҳли машинаси (БМП), 2 та зирҳли транспортёр (БТР), 3 та артиллерия нуқталари.

 

Россия томонининг баёнотлари

Россия ТИВ вакили Мария Захарова Испаниянинг «ABC» нашрига берган интервюсидан парчалар:

«Москва Украинага тақдим этилаётган ҳудудий талаблар келишувларни қийинлаштирмоқда, деб ҳисоблайдими?» деган саволга Захарова қуйидаги жавоб берган:

РФ ТИВ вакили Мария Захарова. Фото: lenta.ru

«Бу аллақачон юзага келиб бўлган ҳудудий воқеликдир, уни Киев ҳам, бошқа давлатлар ҳам тан олиши керак. Бу воқелик 2014 йилда неонацистик давлат тўнтариши натижасида ҳокимият тепасига келган Киев ҳокимиятининг сиёсати туфайли пайдо бўлган. Қрим Россияга қайтди, «ДХР» ва «ЛХР» мустақил давлатларга айланди. Халқларнинг қонуний ва онгли танлови, БМТ уставида белгиланган халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш керак».

«Россиянинг Чеченистон, Жанубий Осетия ва ҳозир Украинадаги хатти-ҳаракатлари мутлақо қонуний, бироқ Донбассда геноцид уюштирган ва ўз мамлакатида русларга оид барча нарсаларни йўқ қилишга уринган Киев ҳокимиятининг ҳаракатлари легитим эмас, антиконституциявий ва ахлоқ қоидаларига хилоф», — деган Захарова.

Россия Мудофаа вазирлигининг махсус вакили Игор Конашенковнинг тунги брифингида эълон қилинган маълумотлар (эслатиб ўтамиз, уруш даврида эълон қилинган маълумотларни мустақил манбалар орқали текширишнинг имкони йўқ):

  • Юқори аниқликдаги ракеталар билан кун давомида 4 та артиллерия батареялари, учта ўқ-дори омборлари, 20 та жонли куч ва ҳарбий техника жамланмаси, АҚШда ишлаб чиқарилган аксилбатарея кураши радиолокацион станцияси йўқ қилинган.
  • Тезкор тактик ва армия авиацияси ёрдамида 77 та жонли куч ва ҳарбий техника жамланмаси нуқтасига зарба берилган. 310 нафаргача аскарлар, 36 та қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника йўқ қилинган.
  • Ракета қўшинлари ва артиллерия томонидан БМ-21 «Град» бирваракайига ўт очиш тизими батареяси ўт очиш позициясида йўқ қилинган, шунингдек жонли куч ва ҳарбий техника жамланмасининг 83 та нуқтаси нишонга олинган.
  • РФ ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ёрдамида 6 та пилотсиз учар қурилма, «Смерч» бирваракайига ўт очиш тизимининг иккита реактив снаряди уриб туширилган.
  • Махсус ҳарбий операция бошидан буён: 146 та самолёт, 112 та вертолёт, 712 та пилотсиз учар қурилма, 287 та ЗРК, 2817 та танк ва бошқа жанговар зирҳли машиналар, 323 та бирваракайига ўт очиш реактив тизимлари, 1292 дала артиллерияси ва миномётлар, шунингдек 2624 та ҳарбий автомобил техникаси йўқ қилинган.

 

Украинага кўмак

Украина ҳудудига ракета зарбалари сериясини бераётган РФ қўшинлари ўта муҳим инфратузилмаларни ишдан чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Бироқ АҚШ аввалгидек ҳарбий ёрдамни етказишга қодир, дея Пентагон матбуот котиби Жон Кирбининг сўзларини келтирмоқда CNN.

АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Жон Кирби. Фото: Keystone Press Agency

«АҚШ қурол-яроғ ва бошқа ресурслар Украинага ҳамон узлуксиз етказилаётганидан хабардор, чунки биз улар билан ҳар куни гаплашиб турибмиз», — деган Кирби.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг баланд мартабали мулозими, генерал Жозеф Ҳилберт 2015 йилдан буён Украинанинг 17 турли батальони ва 11 та турли бригадаларидан 23 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари ўқитилганини айтиб ўтди.

Болгария парламенти Украинага ҳуманитар, молиявий ва ҳарбий ёрдам бериш ҳақида қарор қабул қилди. Ҳарбий ёрдам Украинанинг зиён кўрган ҳарбий техникаларини таъмирлаб беришдан иборат бўлади. Аввалроқ шундай таъмир ва модернизация борасидаги кўмак ҳақида Чехия ва Словакия қарор қабул қилган эди.

Cobra радиолокацион станцияси. Фото: liport.ru

Германия Украинага Panzerhaubitze 2000 гаубицалари аниқлигини оширувчи Cobra радиолокацион станцияларини етказишга тайёр, деб хабар беради Die Welt нашри. COBRA (Counter Battery Radar) радар технологияси артиллерия разведкаси тизими бўлиб, душманнинг 80 мм.дан юқори гаубицалари ва миномётларини топа олади. Биттаси 50 млн евро турувчи радар икки дақиқада 40 та ўт очиш позициясини аниқлаб беради.

 

Санкциялар ва Россиянинг қарши чоралари

Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқининг Россияга қарши яқин кунларда жорий этиладиган санкцияларининг олтинчи пакети тафсилотлари билан таништирди. Унинг сўзларига кўра, «Sberbank» ва яна иккита йирик банк (улар «Россельхозбанк» ва «Московский кредитний банк» бўлиши мумкин) SWIFT тизимидан узилиши кутилмоқда, шунингдек рус ҳарбийлари ва учта давлат телеканалига нисбатан санкциялар қўлланади. Бундан ташқари, Россия нефтига нисбатан тўлиқ эмбарго жорий этилади.

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети доирасида Европа давлатлари кемалари ва компанияларига Россия нефтининг жаҳон бўйлаб ташуви, шунингдек суғурта соҳасида хизмат кўрсатишни тақиқлашни таклиф қилмоқда, деб ёзади ҳужжат лойиҳаси билан танишган Bloomberg.

Шунингдек, янги санкциялар билан Россия фуқароларига ва юридик шахсларига Европа Иттифоқи ҳудудида кўчмас мулк харид қилиш тақиқланиши ҳам мумкин

Coca-Cola компанияси Россия бозорини тўлиқ тарк этиши мумкин, деган компания бош директори Жеймс Квинси.

Буюк Британия ВГТРК ва Россиянинг бошқа ОАВлари ҳамда журналистларига нисбатан санкциялар жорий этмоқда. Британия ТИВ ижтимоий тармоқлар, интернет-сервислар ва иловалар дўкони RT ва Sputnik контентини блоклаши кераклигини таъкидлаган.

«Автотор» ҳолдинги ходимларига ер бўлиб берилмоқда. Фото: «Автотор» матбуот хизмати

Калининграддаги «Автотор» ҳолдинги «корхонадаги мураккаб иқтисодий аҳвол» туфайли ўз ходимларини «қўшимча ижтимоий қўллаб-қувватлаш» мақсадида, истовчиларга 10 сотихдан ҳайдалган экин майдони ажратишга қарор қилган. Ушбу корхонада BMW, Kia ва Hyundai автомобиллари йиғилган. 1 майдан бошлаб машиналар учун бутловчи қисмлар келмай қўйгани сабабли ходимлар жамоавий меҳнат таътилига чиқарилган.

Евроиттифоқ давлатларининг доимий вакиллари ҳозир Россия нефти эмбаргоси масаласида келиша олишмаяпти, дея хабар берган Reuters манбалари.

  • Чехия эмбаргони қўллаши, бироқ бошқа манба топилгунча 2-3 йиллик ўтиш даврига муҳтож эканини билдирган.
  • Словакия ҳам унга 3 йиллик ўтиш даври тақдим этилса эмбаргога розилик билдирган. Бироқ Словакия энергетика вазири Россия нефтини тақиқлаш Европа иқтисодиётини таназзулга учратишини айтган.
  • Венгрия Россиядан қувурлар орқали нефт олишга истисно тақдим этилмаса эмбаргони қўлламаслигини билдирган.

Европа дипломатлари NYTга Венгрия ва Словакияга Россия энергия ресурсларини 2023 йил охиригача харид қилиш имконияти тақдим этилиши муҳокама қилинаётганини билдиришган.

Россия гази импортининг тўхтатилиши Италияда 565 минг иш ўрни йўқотилишига олиб келади, дейилади Corriere della Sera нашри чоп этган тадқиқот натижасида.

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов ўзининг санкция рўйхатига қўшилганидан шикоят қилиб, Европа судига даъво аризаси киритган.

Москва биржасида 1 АҚШ доллари курси 2020 йил мартидан буён илк марта 67 рублгача тушган. Евро курси 2020 йил февралидан буён илк марта 70 рублдан пастлаган.

Москва Япония бош вазири ва ташқи ишлар вазирига Россияга киришни тақиқлаб қўйди. РФ ТИВнинг хабарига кўра, санкциялар Япониянинг 63 фуқаросига нисбатан жорий этилган.

 

Халқаро ҳамжамиятнинг муносабати

АҚШ президенти Жой Байден Америка Россияга қарши янги санкциялар қўллашга очиқ эканини айтиб, бу борада G7 давлатлари аъзолари билан маслаҳат қилишини билдирган.

АҚШ Украинанинг ҳам жанг майдонидаги, ҳам музокаралар столидаги позициясини мустаҳкамлаш учун барча куч-қувватини ишга солади, деган Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки.

Хитой ТИВ вакили СССР ва АҚШ ўртасидаги 1990 йилги, НАТОни шарқ томон кенгайтирмаслик тўғрисидаги Горбачёв ва Бейкер ўртасидаги келишувни эслатган.

Фото: Twitter’дан скриншот
Шуҳрат Шокиржонов
Муаллиф Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид