Ўзбекистон | 11:00 / 09.05.2022
3982
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёшлар гендер тенглик соҳаси бўйича фаолият юритадиган жамоа тузилди

Олий Мажлиси Сенатида Гендер тенглик масалалари бўйича янги тузилма - “Гендер адолат етакчиси" жамоаси фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенат матбуот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, 14-21 апрель кунлари бу жамоага ёшларни саралаб олиш бўйича кастинг ўтказилган. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг фаол ёшлари онлайн ҳамда офлайн тарзда иштирок этиб, гендер тенглик соҳаси бўйича аниқ билим ва кўникмага эга бўлган мингга яқин мустақил фикрловчи ёшлар орасидан 80 нафар йигит-қиз “Гендер адолат етакчиси” жамоасига саралаб олинган.

2030 йилга қадар қабул қилинган Гендер Стратегиясида акс этган 8 та йўналиш бўйича фаол ёшлардан 8 та гуруҳ шакллантирилди. Стратегия ижросини таъминлашда гендер адолат етакчилари фаол иштирок этишлари ҳам назарда тутилган.

Яқинда Сенат биносида “Гендер адолат етакчиси" жамоасига саралаб олинган ёшлар билан учрашув ташкил этилди.

Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири. Гендер адолат етакчиси платформасини ишга туширишдан кўзланган мақсад гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни ҳамда ёшлар ҳаётидаги ўзгариш ва янгиланишларни кенг тарғиб этиш, соҳага доир давлат дастурлари ижросига кўмаклашиш, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ўстириш орқали хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам беришдан иборат”, дейди Сенатнинг Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенглик масалалари бўлими мудири Нодира Шотурсунова.

Учрашувда жамоа вакиллари кўплаб фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар. Ушбу янги тузилма аъзоларининг гендер тенглик тарғиботидаги фаолиятини ташкил этиш ва уларга амалий ёрдам кўрсатиш Сенатнинг доимий назоратида эканлиги таъкидланди.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид