Жаҳон | 22:51 / 09.05.2022
49708
12 дақиқада ўқилади

Путин Ғалаба парадидаги нутқини Украинага қарши урушга бағишлади. Умуммиллий сафарбарлик эълон қилинмади

Қизил майдонда ўтказилган Ғалаба паради вақтида чиқиш қилган Россия президенти Владимир Путин ўз нутқини Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага эмас, асосан Украинадаги урушни оқлашга бағишлади. У умуммиллий сафарбарлик ва Украинага қарши уруш очиш ҳақида эълон қилмади - шу кунларда ОАВдаги хабарлардан кейин шундай хавотирлар уйғонганди.

Фото: EPA

Путин нималар деди?

Нутқининг бошида Путин нафақат 9 майдаги ғалабани, балки  Минин ва Пожарскийнинг поляк босқинчиларига қарши муваффақиятли курашини тилга олди, Бородинодаги жангни ёдга олди, кейин эса Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапира туриб, Киев, Харков ва Севастополни рус шаҳарлари қаторида санади.

Шундан кейин у дарҳол уруш мавзусида гап бошлади - 24 феврал куни унинг қарори билан бошланган ва «махсус ҳарбий амалиёт» деб аталган Украинага босқин ҳақида. Ғарб нашрлари айнан 9 май куни Путин «амалиёт» ўрнига Украинага уруш очишини тахмин қилганди.

«Ҳозир ҳам [Ҳитлер Германиясига қарши бўлгани каби] сиз Донбассдаги одамларимиз учун, ватанимиз Россия хавфсизлиги учун жанг қилмоқдамиз», деди Путин.

Унинг талқинига кўра, фашизмни тор-мор этган «қаҳрамон ғолиб авлод» - «ҳушёрликни йўқотмаслик»ни васият қилган.

Россия президенти декабрда Москва АҚШ ва НАТОга хавфсизлик кафолати бўйича таклиф берганини эслатиб ўтди. «Россия Ғарбни очиқ мулоқотга чақирди... Бари беҳуда кетди. НАТО мамлакатлари бизни эшитишни исташмади», дея таъкидлади Путин.

«Бу эса уларда аслида бутунлай бошқача режалар бўлганини англатади ва биз бунга гувоҳ ҳам бўлдик», дея давом этган у. Путин яна бир бор «Донбассда очиқчасига навбатдаги жазо операцияси»га тайёргарлик кўрилгани ҳақида гапирди. Россия президенти яна бир марта «Киевда ядро қуролига эга бўлиш имконияти ҳақида гапирилгани»ни эслатди.

«Тизимли равишда биз учун мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таҳдид яратилди. Қолаверса, чегараларимиз яқинида», дейди Путин.

У Ғалаба паради маросимларида илк бор Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар «муқаррар» бўлгани ҳақида айтди: унинг талқинига кўра, Украинада ҳарбий инфратузилмалар кенгайиб борган, бу ерга «юзлаб хорижий маслаҳатчилар» келишган ва хавф «кундан кунга ортган».

«Россия тажовузга қарши олдинроқ ҳаракат қилиб зарба берди. Бу мажбурий, ўз вақтидаги ва ягона тўғри қарор эди, суверен, кучли ва мустақил мамлакатнинг қарори», дея минглаб одамлар, жумладан тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келган Украинага босқинни оқлашга ҳаракат қилди у.

Ғалаба паради нутқида Путин Ғарбдагилар «минг йиллик қадриятлари»ни «бекор қилиш»га қарор қилгани, Россияда эса «бошқача характер» борлигини айтишни унутмади. Шунингдек «русофобияни авж олдириш» ва «сотқинларни мақташ» иборалари ҳам янгради. Шундан кейин у яна Украинага қарши уруш мавзусига қайтди.

Фото: Сергей Бобилев/ТАСС

«Бугунги кунда Донбассдаги ҳарбий кучлар Россия армияси билан биргаликда ўз ерида жанг қилмоқда», дейди Путин.

Россия қуролли кучлари ва «Донбасс милицияси»га мурожаат қилар экан у шундай деди: «Сиз ватан учун курашмоқдасиз. Унинг келажаги учун. Ҳеч ким Иккинчи жаҳон уруши сабоқларини ёддан чиқармаслиги учун. Дунёда жаллодлар, жазо отрядлари ва нацистларга ўрин бўлмаслиги учун».

Кейин Путин бугунги кун воқеаларидан 2014 йилга қайтиб, «Одессада тириклай ёниб кетган жафокашлар» иборасини келтириб, Донбассдаги ҳарбий ҳаракатлар қурбонларини ёдга олди.

Бир дақиқа сукут эълон қилган Путин Россия учун курашда «қаҳрамонларча ўлим топган»лар хотираси учун бошни эгишга чақирди. Бундан келиб чиқадики, Россия президенти бу йилдан эътиборан Украинада ҳалок бўлган россиялик ҳарбийлар учун ҳам бир дақиқа сукут эълон қилди.

Фото: Вячеслав Прокофьев/ТАСС

Бир дақиқалик сукутдан кейин у давлат ва корхоналар «ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинларига кўрсатиши керак бўлган ёрдам» ҳақида гапирди ва Қизил майдондаги парадда «Донбассдан - тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракатлар майдонидан келганлар» ҳам иштирок этишини маълум қилди (бу ҳақда олдинроқ ОАВда ҳам хабар тарқалганди).

«Бугун сиз оталарингиз, боболарингиз курашган заминни ҳимоя қилмоқдасиз. Ватанга содиқлик - асосий қадрият», дея яна бир бор кўрсатма беради Путин.

Фақат нутқининг охирига келиб у Қизил майдонда шарафи учун ҳар йили парад ўтказиладиган «ғолиб авлод»га қайтди ва ҳозирги авлод уларга муносиб бўлишини ваъда қилди, аммо яна бугунги кунга юзланди: «Бизнинг мард қуролли кучларимизга шарафлар бўлсин. Россия учун, ғалаба учун. Ура!»

Фото: EPA/Vostock-photo

Путин ўз чиқишида бирор марта «махсус ҳарбий амалиёт» иборасини ишлатмади.

Шундан сўнг Россия мадҳияси янгради. Путиннинг нутқида Россия Украинага қарши олиб бораётган урушнинг кечиши борасида ҳам баҳо берилмади. Умуммиллий сафарбарлик ҳақида ҳам, Украинага қарши расман уруш эълон қилиш ҳақида ҳам гапирилмади. Сўнгги кунларда Америка нашрларида шундай эҳтимоллар ҳақида ёзилган, кейин эса ижтимоий тармоқларда захирадагилар урушга чақирилиши мумкинлиги бўйича хавотирлар тўлқини кўтарилганди.

Киев Путиннинг далилларини рад этди. «НАТО мамлакатлари Россияга ҳужум қилмоқчи эмасди. Украина Қримга ҳужум қилишни режалаштирмаганди. Россиялик ҳарбийлар ўз ватанини ҳимоя қилиш чоғида эмас, бошқа давлатни босиб олишга уриниш чоғида ҳалок бўлишмоқда», дея ёзди Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк.

«НАТО, Британия, Шарқий Европа мамлакатлари ҳеч қачон Россияга бостириб киришни режалаштирмаган ва режалаштирмайди», деди Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес Путиннинг Қизил майдондаги парадда қилган нутқини шарҳлар экан.

Параднинг авиация қисми бекор қилинди - Кремль буни ноқулай об-ҳаво шароити билан изоҳлади. Москва, Петербург, Екатеринбург, Новосибирск, Самара ва Мурманскдаги парадларда самолётлар ҳавога кўтарилмади. Аммо шу куни Москвада об-ҳаво қуёшли бўлди.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши қошидаги дезинформацияга қарши курашиш маркази маълумотига кўра, парадларда авиация иштироки бекор қилиниши айрим шаҳарларда рус самолётлари Украина зенит-ракета мажмуалари нишонига айланиши мумкинлиги билан боғлиқ.

Ҳарбий-сиёсий эксперт Юрий Федоровнинг тахмин қилишича эса, бундай қарор президентнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган - у президент қўриқчиларидан бирининг бошига парадда қатнашувчи учувчилардан бири самолётини президент жойлашган трибунага йўналтириши мумкинлиги ҳақида фикр келган бўлиши мумкинлигини айтади.

BBC рус хизмати корреспонденти Павел Аксенов парад қандай ўтгани ҳақида

2022 йилда Москвада Ғалаба паради аввалги йиллардагига қараганда анча «камтар» ўтди. Унда камроқ ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникалар қатнашди, бу ҳақда илгарироқ маълум бўлганди - парад режасини Россия мудофаа вазирлиги апрел ойи охиридаёқ эълон қилганди.

Аввалги парадларда мунтазам равишда кўриниш бериб келган айрим жанговар машиналар бўлмади, кўплаб экспертлар ёки блогерлар буни Россияга шунчаки техника етишмаётгани - барча техникалар Украинадаги урушга сафарбар қилингани билан боғлашган. Буни очиқ манбалар орқали тасдиқлашнинг имкони йўқ, аммо парадда қатнашмаган «Панцирь» зенит-ракета мажмуалари, Т-80 жанговар ҳарбий машиналари ва «Солнцепеки» оғир ўточар тизимлар ҳарбий ҳаракатлар майдонида олинган видеоларда кўринади.

Қизил майдондаги параднинг техник қисми аввалгиларига ўхшаш. Унда эски техникалар билан бирга замонавийлари ҳам намойиш этилди: «Армат» танклари, «Курганец» жанговар пиёдалар машиналари, «Бумеранг» жанговар зирҳли машиналари. Улар 2015 йилдан буён ҳар йили 9 майда Қизил майдондан ўтади. Бу тизимларнинг ҳеч бири жангларда кўриниш бермаган - уларни фақат парадларда ва ҳарбий кўргазмаларда кўриш мумкин.

Самолётлар йўқлиги натижасида Россияда «махсус ҳарбий амалиёт» рамзига айланган Z ҳарфи парад вақтида Қизил майдон устида акс эттирилмади.

«Рамзий маъно»

3 май куни CNN телеканали «босқиндаги ҳаракатлар сустлашгани» туфайли Путин 9 май куни Украинага расман уруш очиши ва муддатли ҳарбий хизматчилар учун ҳам ҳарбий сафарбарлик эълон қилиши мумкинлигини тахмин қилганди. Телекомпания бунда ғарблик расмийлар фикрига таянганди. Улар Путин «бу куннинг рамзий аҳамияти ва ташвиқот қиймати»дан фойдаланиб, Украинадаги ҳарбий ютуқлар ҳақида ёки ҳарбий ҳаракатлар кўлами кенгайгани ҳақида эълон қилади деган фикрда эди.

Кремл вакили телеканал хабарини «сафсата» деб атаганди. Журналистларнинг 9 май куни Россия раҳбарияти умуммиллий сафарбарлик эълон қилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан, Песков шундай деганди: «Йўқ, буни кутишга ҳожат йўқ. Бу тўғри эмас, бу қуруқ сафсата».

Россиянинг Украинага босқини 24 феврал куни бошланганди. 5 март куни Путин муддатли ҳарбий хизматчилар Украинага юборилмаётганини маълум қилди, аммо кўп ўтмай бундай ҳолатлар мавжудлиги РФ мудофаа вазирлиги томонидан расман тан олинди. Россия томони Украинада февралдан буён уруш эмас, «махсус ҳарбий амалиёт» кетаётганини айтиб келишади.

Шу кунларда Reuters агентлиги ҳам Путиннинг Ғалаба кунидаги нутқи 24 феврал куни Киевнинг муваффақиятсиз қамали билан бошланган уруш келажагига ойдинлик киритиб бериши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Агентлик Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари логистика ва қуроллар борасидаги муаммолар, шунингдек, украинларнинг қаттиқ қаршилик кўрсатиши туфайли катта йўқотишлар билан кечаётганини қайд этган.

Кузатувчилар «миссия бажарилгани» ҳақида эълон қилиш имкониятига асосий тўсқинлик сифатида Мариупол ҳамон тўлиқ эгалланмаганини келтиришган - бу шаҳардаги «Азовстал» заводида украин ҳарбийлари ҳамон мудофаани ушлаб туришибди. Украин ҳарбийлари ва Ғарбдаги махсус хизматлар ҳам Россия қўшинларининг Донбассда катта қийинчиликларга учраётганини айтишган. Россия мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда авиация ва ракета зарбалари ҳақида ҳисоб бермоқда, аммо ҳарбийлар Украина шарқида илгарилаётгани ҳақида маълумот берилмаган.

Шанба куни МРБ директори Уильям Бёрнс Путин мағлубиятга учраши мумкинлигига ишонмаслиги туфайли ҳам Украинадаги урушни давом эттирмоқчилигини айтганди.

«У шундай кайфиятдаки, мағлубиятга учраши мумкинлигига ишонмайди. Мен ўйлайманки, у ҳозирда икки баробар куч ташлаш орқали муваффақиятга эришиш мумкин деб ҳисоблайди», деганди Бернс Financial Times нашри томонидан ташкиллаштирилган тадбирда.

«Мудофаа тўғрисида»ги қонунга кўра, Россия президенти «Россия Федерациясига тажовуз қилинган ёки тўғридан тўғри босқинчилик таҳдиди юзага келган, Россия Федерациясига қарши қаратилган қуролли тўқнашувлар бошланган ҳолларда» умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиши мумкин.

Шу билан бирга, қонунда Россия ҳудудида ёки унинг алоҳида ҳудудларида Федерация кенгаши ва Давлат думасини хабардор қилган ҳолда ҳарбий ҳолат жорий этилиши мумкинлиги келтирилган.

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид