Жаҳон | 08:39 / 09.05.2022
10136
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Россияга қарши нефть эмбаргоси бўйича бир қарорга кела олмади

Россиядан нефть таъминотига қарамлиги сабабли алоҳида вазиятга тушиб қолган айрим мамлакатларга нефть етказиб бериш хавфсизлиги кафолатлари ҳали ҳам ишлаб чиқилмоқда.

Фото: ТАСС

Европа иттифоқининг доимий вакиллари бир неча кунлик музокаралардан сўнг Россияга қарши нефть эмбаргоси бўйича келишувга эриша олмади

8 май, якшанба куни Европа иттифоқи кенгашида раислик қилаётган Франция ва Еврокомиссиянинг маълум қилишича, Россия нефти таъминотига қарамлик туфайли алоҳида вазиятга тушиб қолган айрим мамлакатлар учун нефть етказиб бериш хавфсизлиги кафолатлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, сўнгги бир неча кун ичида таклифлар фаол муҳокама қилингани ва бунинг натижасида сезиларли ютуқларга эришилгани айтилди.

Баёнотда айтилишича, санкциялар пакетини тезроқ қабул қилиш учун барча даражадаги музокаралар янги ҳафта бошида давом этади. Европа иттифоқи комиссияси аввалроқ Россия нефти таъминотига энг кўп қарам бўлган Венгрия, Словакия ва Чехияга янги хомашё манбаларига эга бўлиши учун режалаштирилган чекловларни кечиктиришни таклиф қилган эди: Прага 2024 йил июлидан бошлаб эмбарго жорий қилиши мумкин, Будапешт ва Братислава эса - 2025 йилдан. 

Бироқ, бир қатор давлатлар учун бу таклиф етарли даражада фойдали эмас бўлиб чиқди. Улар қўшимча имтиёзларни талаб қилмоқда - кўпроқ вақт ва молиявий ёрдам. Болгария ҳам ўзи учун истисно тақдим этилишини хоҳлаяпти. Шу билан бирга, санкциялар пакетини қабул қилиш учун барча давлатларнинг розилиги талаб қилинади. 

Россия нефти Венгрия, Чехия ва Словакияга «Дружба» қувури орқали етказиб берилади. Маълумотларга кўра, 2021 йилда Чехия нефть истеъмолининг ярмини Россия манбаларидан қоплаган. Венгрия эса нефтнинг 65 фоизини Россиядан олади. Словакия учун Россия нефтнинг ягона манбаи ҳисобланади. 

Бироқ, ЕИ комиссиясининг маълумотларига кўра, ушбу мамлакатларга етказиб бериш Россиянинг Европа иттифоқига нефть импорти умумий ҳажмининг жуда кичик қисмини ташкил қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид