Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украинадаги вазият: Москвада салют, Одессага ракеталар отилди
9 май куни кечқурун Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида байрам салютлари отилиши ортидан Одесса бўйлаб навбатдаги ракета зарбалари берилди. Ҳужумлар оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Шаҳарга кун аввалида ҳам ракеталар учирилганди - бу вақтда Одессага Еврокенгаш раиси Шарл Мишелнинг ташрифи амалга оширилаётганди.
10 май куни Украина фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати ва Одесса шаҳар кенгаши сўнгги ракета зарбалари оқибатлари акс этган фотоларни эълон қилди.
Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, сўнгги ракеталар Одесса районининг Фонтанка қишлоғидаги савдо марказига, шунингдек Суворов районидаги учта омборхонага келиб тушган. Омборхонада бир киши ҳалок бўлган, икки киши яраланган. Фонтанкада уч киши тан жароҳати олган. Ўт ўчирувчилар ярим тунда оловни ўчиришган.
Украина қуролли кучларининг «Жануб» оператив қўмондонлиги хабар беришича, россиялик ҳарбийлар Одессага авиациядан фойдаланган ҳолда зарба берган. Сўнгги ҳужум вақтида жами еттита ракета учирилган.
Украина қуролли кучлари россиялик ҳарбийлар нисбатан эскирган, яъни нишонга аниқ бормайдиган ракеталардан фойдалангани, бу зарбалардан мақсад «ҳудуддаги инфратузилма объектлари ва фуқароларга психологик босим ўтказиш» бўлганини маълум қилди.
Россия мудофаа вазирлиги феврал ойидан буён зарбалар нишони ҳарбий инфратузилмалар, рақибнинг «жонли кучлари», шунингдек Украина томонида уруш қилиш учун келган хорижлик жангчилар эканини айтиб келади. Россия ҳарбийлари 9 май тунида Одессага берилган зарбалар юзасидан изоҳ бермади, Украина томони душанба куни куннинг биринчи ярмида Одесса областига Қримда жойлашган «Бастион» ракета мажмуасидан «Оникс» типидаги тўртта ракета инфратузилма объектлари томон учирилганини маълум қилганди. Россия ҳарбийларининг бу ҳужумлари нишони Одесса области Арциз аҳоли пунктидаги майдонда турган украин вертолётлари бўлгани айтилган.
9 май куни кундузи «Жануб» қўмондонлиги Одесса области ҳудудига навбатдаги ҳужумлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, Ту-22 бомбардимончи самолётидан учта «Кинжал» русумли ракеталар учирилган. Россия мудофаа вазирлиги бу ҳужум бўйича ҳам изоҳ бермаган.
Бу зарба йўлланган вақтда Одессага Европа кенгаши раисининг ташрифи амалга оширилаётганди.
«Одесса ҳудуди россияликлар ракеталари билан деярли ҳар куни ўққа тутилмоқда, бугун мен ва Шарл Мишелнинг ташрифимиз вақтида ҳам ҳужум қилинди», деган Украина бош вазири Денис Шмигал.

Бомбардимон вақтида Мишел ва Шмигал бомбапанагоҳга яширинишига тўғри келган.
Россия ҳарбийлари Пасха байрами арафасида ҳам Одессага ракета зарбалари берган, ўшанда шаҳарга еттита қанотли ракета учирилган, уларнинг иккитаси аҳоли турар жойларига келиб тушган, натижада уч ойлик қизалоқ, унинг онаси ва бувиси ҳалок бўлганди. Уларнинг ўлими жаҳон нашрларида катта резонанс келтириб чиқарганди.
Россияликлар президенти Владимир Путин шу куни Москвадаги парадда Украинага босқинни оқлади. У бу қарор ягона чора бўлганини айтди ва яна бир бор Украина ҳамда Ғарбни Россия билан муносабатларда ва Донбасс аҳолисига нисбатан тажовузкор режалар тузишда айблади. Путин уруш қурбонлари, жумладан тинч аҳоли орасидаги қурбонлар ҳақида сўзламади.
БМТ маълумотларига кўра, 24 февралдан 8 майга қадар Украинада 3 381 нафар тинч аҳоли вакили, жумладан 235 бола ҳалок бўлгани, 3 680 киши яралангани тасдиқланган.
Параддан кейин Путин Мангу олов ва Кремл деворлари остидаги қаҳрамон шаҳарлар ёдгорлигига гуллар қўйди.
ANTON NOVODEREZHKIN/TASS
У Одесса шаҳри учун ўрнатилган мемориалга ҳам гул қўйди, бу вақтда эса Россия авиацияси ушбу шаҳарга навбатдаги ракета зарбалари беришга тайёрланаётганди.
9 май куни кечқурун Москва ва Россиянинг бошқа шаҳарларида байрам салютлари отилди. Кўп вақт ўтмай Одесса ва унинг атрофидаги ҳудудларда россияликлар ракеталари келиб тушишидан кейин портлаш овозлари эшитилди.
ANTON NOVODEREZHKIN/TASS
Ғалаба паради ва Путиннинг нутқи
Душанба куни Москвада Ғалаба паради аввалги йиллардагига қараганда камтарона ўтди. Унда камроқ ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникалар иштирок этиши олдинроқ маълум қилинганди. Параднинг авиация иштирокидаги қисми бекор қилиниб, бу ноқулай об-ҳаво билан изоҳланди. Шу куни Россия пойтахтида ҳаво булутли эди (аввалги йилларда Россия ҳукумати катта маблағ сарфлаб, булутларни ҳайдаш амалиёти қўлларди), аммо ҳудудда қандайдир экстремал табиат ҳодисаси кузатилмади.
Владимир Путин Москвадаги парадда қилган нутқида полякларга қарши курашган Минин ва Пожарский бўлинмаларини, Бородинодаги жангни эслади, кейин эса парадда донбасслик айирмачилар ҳам иштирок этаётганини маълум қилди.
«Ҳозир ҳам [Ҳитлер Германияси билан уруш пайтидагидек] одамларимиз Донбассда ватанимиз - Россия хавфсизлиги учун курашмоқда», - деган Путин.
Кейин эса россияликлар президенти яна бир бор Россиянинг Украинага ҳужуми хавфнинг олдини олувчи зарба бўлганини таъкидлади. У Россия қўшни давлатга қуроллар етказиб бериш орқали «ҳарбий инфратузилмалар» кучайтирилаётганини кўрганини айтди. Ҳолбуки Украинага қурол етказиб бериш фақат ўтган йил охирида, Ғарб разведкаси Россия Украина чегарасида катта қўшин тўплаётгани ва бостириб киришга тайёрланаётганидан огоҳлантириши ортидан фаоллашганди. Ўшанда ҳам Украина фақат мудофаа мақсадларида қўлланадиган қуроллар олган.
Путиннинг нутқида умуммиллий сафарбарлик ҳақида ҳам, Украина ёки бошқа бирор давлатга расман уруш очиш тўғрисида ҳам гапирилмади (ҳозирда Россия ҳукумати Украинадаги ҳаракатларини «махсус ҳарбий амалиёт» деб атайди ва уруш атамасини қўллаш узоқ муддатли қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин).
Зеленский: «Ғалабани аннексия қилишларига йўл қўймаймиз»

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг украинларга мурожаати Путиннинг россияликларга мурожаатидан жиддий фарқ қилади. Зеленский Креташчик кўчаси бўйлаб камерага қараб юрган ҳолатда ғамгин мусиқа остида нутқ сўзлаган.
Унинг мурожаатига Украина қуролли кучлари аскарлари ва офицерлари кадрлари ҳам қўшилган. Бу нутқ асосан россиялик босқинчиларга қарши туриш ҳақида бўлди.
«Бугун биз нацизм устидан Ғалаба кунини нишонлаяпмиз. Ва биз ўз тарихимизнинг бирор заррасини ҳеч кимга бермаймиз. Биз бошқа халқлар билан биргаликда аксилҳитлер коалиция сафида нацизм устидан ғалаба қозонган аждодларимиз билан фахрланамиз. Ва биз бу ғалабани кимдир ўзиники қилишига ва ўзлаштиришига йўл қўймаймиз. Душман биз 9 майни нишонлашдан воз кечишимизни орзу қилган, бу орқали «денацификация» сўзи ўзини оқлаган бўларди. Аммо биз аждодларимиз нацистларни Украинадан қандай ҳайдаб чиқарганини ёдда тутамиз. Нацизм устидан ғалаба кунида биз янги ғалаба учун курашяпмиз», деган Зеленский.
«Бу икки армия уруши эмас. Бу турлича дунёқарашлар урушидир. Сковорода музейини [украин файласуфи Григорий] ўққа тутган варварлар уларнинг ракеталари бизнинг фалсафамизни йўқ қилишига ишонади. Бизнинг фалсафамиз уларни безовта қилади. Бу уларга бегона. Бу фалсафа биз ўз йўлимиздан юрадиган эркин одамлар эканимиз ҳақида. Бугун биз бу йўлда уруш олиб бормоқдамиз ва еримизнинг бир парчасини ҳам ҳеч кимга бериб қўймаймиз», дея қўшимча қилади украинлар президенти.
Британия «россиялик генералларнинг тутуруқсизлиги» ҳақида

Қизил майдондаги парад билан деярли бир вақтда британияликлар мудофаа вазири Бен Уоллес ҳам ҳозирги уруш ва унинг тарихдаги ўрни ҳақда нутқ сўзлади. Вазир россиялик ҳарбийларни, айниқса генералларни танқид қилди.
«Байрамона мундирларга бурканган ва шода-шода медаллар таққан россиялик генералларнинг тутуруқсизлигини қайд этиш керак, улар ватанини аёвсиз босқиндан ҳимоя қилган, фашизмни даф қилган, олий мақсад йўлида қурбонликлар берган аждодларнинг шонли тарихини ўғирлашда Путинга шериклик қилишди», деган Уоллес.
Уоллес тинч аҳоли вакиллари, аёллар ва болаларга қилинган ҳужумлар ҳамда россиялик ҳарбий хизматчилар томонидан Украина урушида содир этилган жинсий зўравонлик ҳолатларини қайд этган. У профессионал ҳарбийлар Россия армиясининг ҳаракатларидан «ларзага тушиши кераклиги»ни айтиб ўтган.
Душанба куни Бирлашган Қироллик Россия ва Беларусга қарши 1,7 млрд долларлик савдо санкциялари киритилгани ҳақида эълон қилди.
Байден Украина учун ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади ва бу ҳали ҳаммаси эмас

АҚШ президенти Жо Байден Украинага қурол-яроғ етказиб бериш тартибини соддалаштиришга қаратилган ленд-лиз тўғрисидаги қонунни имзолади.
Ушбу ҳужжат Америка президентига «тўғридан тўғри Украинага ёки Россиянинг Украинага босқинидан жабр кўрган Шарқий Европа давлатларига қарз ёки ҳарбий қуролларни ижарага юбориш бўйича ҳукуматга топшириқ бериш» ҳуқуқини тақдим этади. Қонун ўртадаги катта вақт оладиган бюрократик тўсиқларни чеклаб ўтишга имкон беради.
Ушбу қонун лойиҳаси ишлаш принциплари - 1941 йил мартидан 1941 йил августигача АҚШ шундай шароитда ўз иттифоқчиларига, аввалига Буюк Британияга, кейин СССРга қуроллар ва бошқа кўплаб ҳаётий муҳим маҳсулотлар етказиб берганида бўлгани кабидир.
Қонун лойиҳаси Украинага қурол етказиб бериш жараёнини осонлаштиради: Америка қуроллари Украина ва Шарқий Европадаги бошқа мамлакатларга ижарага берилиши ҳам мумкин.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ленд-лиз дастури қандай ишлаши бўйича гапирди.
«Биз юқори технологияларга асосланган ва самарали ишловчи қуроллар оламиз, Украина қуролли кучлари жангчилари ўқитиб берилади.
Муҳими, ленд-лиз – фақат қуроллар дегани эмас. Бу ёрдам Украинага ғалаба учун зарур бўлган ҳамма нарса. Иккинчи жаҳон уруши тарихини эслайдиган бўлсак, АҚШ СССРга танклар ва самолётлардан ташқари станоклар, локомотивлар, пўлат, консервалар етказиб берган. Энди қурол-яроғдан ташқари бошқа ёрдамлар, бизга зарур бўлган материаллар ҳам юборилиши мумкин. Ленд-лиз ҳарбий, логистик ва саноат объектларини жойлаштиришни ҳам назарда тутади, ҳам АҚШда, ҳам Украинада. Америка мудофаа саноати бизнинг эҳтиёжларимиз учун янги техникалар ва қуроллар ишлаб чиқаришни йўлга қўяди», деган у.