Ўзбекистон | 08:28 / 12.05.2022
910
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда хизмат кўрсатган эколог» фахрий унвони таъсис этилади

“Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Қонун лойиҳаси 6 моддадан иборат. Унда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, экологик назоратни амалга ошириш, экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш борасида хизматлари учун тажрибали мутахассисларига берилиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, унвон чиқиндиларни қайта ишлашни ташкил этиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини қайта тиклаш ҳамда кўпайтириш, ўрмонлар, муҳофаза этиладиган ҳудудлар ва яшил ҳудудларни ташкил этиш ва сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида катта хизматлари учун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда ўрмон хўжалиги органлари, саноат корхоналари, тадбиркорлик субъектлари юқори малакали ходимларига, инспекторларига, қўриқчиларига, муҳандисларга ҳамда илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари тажрибали мутахассисларига берилади.

Билдирилишича, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилиниши экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари соҳасида фаолият юритаётган ходимлар фаолиятини рағбатлантиришга ҳуқуқий асос яратади, тармоқ нуфузини оширишга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид