Ўзбекистон | 09:07 / 12.05.2022
1238
3 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси маркази қурилади

Президентнинг “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Тошкент вилояти Тошкент туманидан Қозоғистон билан чегарадош ер майдонларида “Марказий Осиё” халқаро саноат кооперацияси маркази” махсус саноат зонасини (“Марказий Осиё” ХСКМ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Қуйидагилар “Марказий Осиё” ХСКМнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгиланади:

Тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш;

маҳаллий хомашё ва материаллар негизида мустаҳкам кооперация алоқаларини ўрнатиш ҳамда “Марказий Осиё” ХСКМ иштирокчилари ўртасида ва умуман икки томон саноат кооперациясини ривожлантириш асосида юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш;

логистика хизматлари кўрсатишнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, саноат соҳасидаги ишлаб чиқариш субъектларига улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини ташкил этишда кўмаклашиш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва маркировка қилиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқ илмий-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш ва улар хулосалари халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

томонлар ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан комплекс ҳамда самарали фойдаланишини таъминлаш.

Белгиланишича:

“Марказий Осиё” ХСКЗ фаолияти давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади;

“Марказий Осиё” ХСКЗ ҳудудида Ўзбекистон Солиқ кодекси, “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги қонуни билан белгиланган имтиёз ва енгилликлар амал қилади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер майдонларини ажратиш Ўзбекистон президентининг 2018 йил 21 декабрдаги “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ электрон онлайн-аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид