Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Россиядан Европага бораётган газнинг бир қисмини тўхтатиб қўйди
Украина аввал огоҳлантирганидек Россиядан Европага кетадиган газ транзитининг бир қисмини тўхтатиб қўйди. Украина Луганск областидан ўтган компрессор станциясида назоратни йўқотгани учун форс-мажор ҳолати эълон қилиб, «Сохрановка» пункти бўйлаб ўтадиган газ транзитини тўхтатган. Луганскда айни дамда қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.
«Газпром»нинг Европага кетадиган газининг учдан бир қисми айнан «Сохрановка»дан ўтади. Аммо Россия гази бошқа ўтказгичлар орқали ҳам транзит қилиниши мумкин. Россия бошқа қувур орқали узилишларни қоплашини эса кутиш қийин, чунки Европага газ экспорти Россия Украинага киргунига қадар камайтириб улгурганди.
Уруш бошланганидан кейин Россия ва Европа ўртасида очиқчасига энергия уруши бошланиб кетди. Путин Россия «нодўст давлат» деб эълон қилганлар газ учун пулни «Газпромбанк»да евродан рублга конвертация қилиб тўлашини мажбурий қилиб қўйди. Бунга рози бўлмаган Полша ва Болгария каби давлатлар газдан узиб қўйилди.
Ўз навбатида Европа Россия кўмирини сотиб олишдан бош тортди, нефть эмбаргосига тайёрланмоқда, йил охиригача рус гази импортини учдан икки қисмга камайтирмоқчи. Гарчи Россиядан Европага айнан Украина орқали катта миқдорда газ ўтса ҳам, ҳозиргача Украина бу энергия урушига аралашмаётган эди. Уруш бошлангач, Украина ҳудудидан Европага тобора кўпроқ рус гази оқиб ўта бошлади.
Украина газ транспорти бўйича давлат оператори Луганскдаги «Сохрановка» пункти ва «Новопсков» компрессор станцияси устидан назоратни йўқотгани учун газ транзити тўхтатилганини билдирди. Ҳудудда форс-мажор ҳолати эълон қилинган.
«Россиянинг Украинага нисбатан агрессияси сабаб газ транзит қилинувчи объектлар рус ҳарбийлари ва босқинчи ҳукумат назоратига ўтиб, оқибатда бутун тизим хавф остида қолган», дейилади Украина давлат оператори баёнотида.
Украина томони «Газпром»га транзитни «Суджа» пункти орқали ўтказишни таклиф қилган. Шимолроқда жойлашган бу пункт Украина назоратида бўлиб турибди.

«Газпром» транзитни «Суджа» пункти орқали давом эттиришни имконсиз деб атади. Шунингдек, газ ўтказишда муаммо туғилгани тўғрисида ҳеч қандай огоҳлантириш олмагани, ишни одатий тарзда давом эттириши учун муаммо кўрмаётганини маълум қилган.

Украина ва Россия газ ўтказиш бўйича ўн йиллардан буён тортишиб келади. Бу вақтда Россия газни Европага Украинани четлаб юбориш учун ўтказгичлар қурди: Туркия бўйлаб қитъа жанубига «Туркий оқим» ўтказгичи, Болтиқ денгизи бўйлаб Германияга «Шимолий оқим» ўтказгичи. «Шимолий оқим-2» ўтказгичи уруш сабаб ҳали ишга тушиб улгурмай санкцияга учради ва банкротлик эълон қилди. Уни қуришга 11 миллиард доллар сарфланганди.
«Газпром» Украина билан транзит бўйича охирги марта 2019 йил 5 йиллик шартнома имзолаган. Ундан 2020 йил 65 миллиард кубометр газ ўтган. 2021–24 йилда бу кўрсаткич 40 миллиард кубометрга етиши кутилмоқда. Таққослаш учун, 2017 йилда бу йўналишда 94 миллиард кубометр газ ўтган.
Россиянинг Украина орқали Европага кетадиган учдан бир қисм гази айнан «Сохрановка» йўналиши орқали ўтади. Бу «Газпром»нинг Европага юборадиган 8 фоиз гази дегани. У ердан кунига 24 миллион кубометр газ ўтарди. Бу унчалик ҳам катта рақам эмас, чунки Россиядан Европага кунига 300 миллион кубометр газ ўтади. «Сохрановка» транзити тўхтагач, «Суджа» йўналиши бўйлаб газ ўтиши 8 миллион кубометрга кўпайиб, кунига 77 миллион кубометрга етган. «Шимолий оқим»дан Германияга кетаётган газ миқдорида ўзгариш кузатилмаган.
Мавзуга оид
15:09 / 09.04.2025
Қорақалпоғистондаги “Шохпахта” газ кони бўйича “Газпром” билан битим якунига етди
10:33 / 14.03.2025
«Газпром» Ғарб санкцияларидан энг катта зарар кўрган компания бўлди — Reuters
16:22 / 01.01.2025
«Газпром» Украина орқали Европага газ етказиб беришни тўхтатди
18:49 / 31.12.2024