Жаҳон | 12:05 / 15.05.2022
32192
7 дақиқада ўқилади

«Бевосита ва очиқ мулоқот». Финландия президенти мамлакат НАТОга киришини айтиш учун Путинга қўнғироқ қилди

Финландия президенти Саули Ниинистё ўз мамлакати яқин кунларда НАТОга аъзо бўлиб киришга ариза топшириши ҳақида айтиш учун Владимир Путинга қўнғироқ қилди. Финнлар етакчиси томонидан тарқатилган расмий хабарда айтилишича, бу қарор ҳам Россиянинг Украинага бостириб кириши, ҳам расмий Москванинг Шимолий Атлантика альянси кенгайишига қарши эътирозлари билан боғлиқ.

Фото: Getty Images

Ниинистёнинг сўзларига кўра, у Путинга «Россиянинг 2021 йил охирида бошқа мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги талаблари ҳамда 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқини Финландия учун хавфсизлик ҳолатини тубдан ўзгартиргани»ни айтган.

«Мулоқот тўғридан тўғри ва очиқ ўтди, ҳеч ким қизишмади. Кескинликнинг олдини олиш муҳим экани таъкидланди», дея хабар қилган Финландия президенти.

«Президент Ниинистё 2012 йил Путин билан учрашувда ҳар қандай мустақил миллат ўз хавфсизлигини максимал даражада кўтаришга уриниши ҳақида гапирганини таъкидлаган. НАТОга қўшилиш орқали Финландия айнан ўз хавфсизлигини мустаҳкамлайди», дейилади Финландия президенти расмий сайтида.

Россия билан 1,3 минг километрлик умумий чегараларга эга бўлган Финландия кўп йиллар мобайнида ҳарбий альянсларга киришдан тийилиб келган, бунинг сабабларидан бири Россия билан (аввал эса советлар иттифоқи билан) муносабатларни кескинлаштирмаслик истаги эди.

Финландия ҳукумати мамлакат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширмаслиги ҳақидаги хабардан кейин Россия ТИВ «ҳам ҳарбий-техник, ҳам ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларни тўхтатиш билан боғлиқ бошқа чоралар» билан жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Кремлнинг Путин ва Ниинистё ўртасидаги мулоқот тўғрисидаги хабарида айтилишича, бу «Финландия раҳбариятининг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши режаси билан боғлиқ очиқ фикрлар алмашинуви» бўлган.

«Владимир Путин анъанавий ҳарбий бетарафлик сиёсатидан воз кечиш хато бўлиши, чунки Финландия хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини қайд этди. 

Мамлакат ташқи сиёсатида курснинг бундай ўзгариши узоқ йиллар мобайнида яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосига қурилган Россия-Финландия муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади Россия президенти матбуот хизмати баёнотида.

Яқин вақтлар ичида Швецияда ҳам НАТОга аъзо бўлиб кириш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилмоқда - Скандинавиянинг бу мамлакати 200 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирор ҳарбий иттифоққа аъзо бўлмаган.

Россия Финландияни электр таъминотидан узди

Россия ва Финландия муносабатлари совуқлашиши белгиларидан бири Москвада 14 майдан Ҳелсинкига электр энергия етказиб беришни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиниши бўлди.

Россиянинг «Интер РАО» энергетика компаниясига тегишли RAO Nordic Oy фирмаси хабарига кўра, бу қарор Nord Pool энергетик биржасида сотилган электр энергияси учун тўловлар 6 майдан  буён қилинмагани туфайли қабул қилинган. 

Бу баёнот Финландия ҳукумати мамлакат НАТОга аъзо бўлиб кирмоқчилиги тўғрисида эълон қилган куннинг эртасига янгради.

Финландия энерготизими маъмурияти вакили Рейма Пайвинен BBC билан суҳбатда Россиядан энергия таъминоти тўхтатилиши истеъмолчиларда узилишларга олиб келмаслигини маълум қилган. Унинг изоҳлашича, Россиядан келаётган электр энергияси умумий истеъмол ҳажмининг бор-йўғи 10 фоизини ташкил қилади ва муаммони бошқа манбалар, хусусан Швециядан импортни ошириш ҳисобига бартараф этиш мумкин бўлади.

Жума куни АҚШ президенти Жо Байден Ниинистё ва Швеция бош вазири Магдалена Андерссон билан телефон мулоқоти ўтказиб, бу мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлиб кириши масаласини муҳокама қилган.

Оқ уй хабарига кўра, Байден ва икки мамлакат етакчилари НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсати ҳамда «Финландия ва Швеция ўз келажаги, ташқи сиёсати ва хавфсизлик чоралари бўйича мустақил қарор қабул қилиши» ҳақида гаплашишган.

НАТОга аъзо бўлиб кириш учун мурожаат қилиш тўғрисидаги қарор ҳали финн парламенти томонидан қабул қилиниши керак. Катта эҳтимол билан бу рўй беради, чунки аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, мамлакат аҳолисининг кўпчилик қисми Шимолий Атлантика альянсига аъзо бўлиб киришни ёқламоқда.

Жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича сўровлар кўрсатишича, ҳозирда Финландияда бу қарорни аҳолининг 76 фоизи қўллаб-қувватлайди, қаршилар - атиги 12 фоиз атрофида. Бу одатда аҳолисининг ярми альянсга киришга қарши чиқиб келган мамлакатда жамоатчилик фикрининг кескин ўзгариши ҳисобланади.

Туркия Финландия ва Швеция учун «НАТО эшикларини ёпмайди»

BBC корреспонденти Фрэнк Гарднернинг ёзишича, Путин аввалроқ Финландияни НАТОга аъзо бўлиш оқибатларидан огоҳлантирган, аммо маълум бўлмоқдаки, бу иш бермаган. Унинг Украинага ҳужум қилиши у энг кўп қўрққан реакцияни юзага келтирди: НАТО Россия чегараларигача кенгаяди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг позицияси Швеция ва Финландиянинг НАТОга кириши йўлида ҳеч бўлмаганда вақтинчалик тўсиқ бўлиши мумкин. Бироз аввалроқ Эрдўған ушбу мамлакатларнинг альянсга қабул қилиниши ҳақида «ижобий фикр»га эга эмаслигини, «Скандинавия давлатлари террорчилик ташкилотлари учун меҳмон уйига ўхшаши»ни айтганди. Туркия кўплаб турк муҳожирлари яшайдиган Швецияни экстремистик курд гуруҳлари, шунингдек, Эрдўған Туркиядаги исён ташкилотчиси деб эълон қилган Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларига бошпана берганликда айблаб келади.

НАТОга янги аъзо қабул қилиниши учун альянснинг барча аъзолари, жумладан Туркиянинг ҳам биргаликдаги қарори талаб этилади. Аммо Анқара ўтмишда ҳам НАТОнинг шарқ томон кенгайишига шу каби эътирозлар билдирган ва якунда бу эътирозлар аъзолик жараёнига тўсқинлик қилмаган.

Шанба куни Эрдўғаннинг расмий вакили Иброҳим Қалин Reuters билан суҳбатда Туркия «НАТО эшиклари»ни Финландия ва Швеция учун ёпмаслиги ҳамда уларнинг аъзо бўлиш шартларини муҳокама қилишга тайёрлигини айтди. «Финландия ва Швецияда ўз миллий хавфсизлигидан ташвишланадиган жамоатчилик бўлса, бизда ҳам ўз хавфсизлиги учун худди шундай ташвишланадиган жамоатчилик бор. Биз буни умумий нуқтаи назардан кўришимиз керак», деган у.

Мавзуга оид