Ўзбекистон | 12:59 / 19.05.2022
5241
5 дақиқада ўқилади

“Ҳудудгаз Андижон”: биринчи чоракда 1 миллиондан зиёд газ баллонлар оғир қолдиқдан тозаланди

Фото: KUN.UZ

Бугунги кунда андижонлик газ истеъмолчиларининг 471 мингдан ортиғини суюлтирилган газ истеъмолчилари ташкил этмоқда. “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан барча истеъмолчиларга бир маромда суюлтирилган газ етказиб бериш тизими йўлга қўйилган бўлиб, йил бошидан бери аҳолига 74 минг 75 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

Маълумки, совуқ об-ҳаво вақтида суюлтирилган углеводородли газнинг бир қисми оғир қолдиққа айланади ва ёнувчанлигини йўқотади. Шу боис ундан фойдаланиш мумкин эмас. Бугунги кунда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг “Асака”, “Шаҳрихон” ҳамда “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчаларида оғир қолдиқ тўкиш ишлари доимий равишда олиб борилмоқда.

“Ёз кунларида кунига ўрта ҳисобда 30–40 дона газ баллонидан оғир қолдиқларни тўксак, куз-қиш мавсумида бу сон 100–120 донани, баъзида 150 донани ҳам ташкил этади, – дейди “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасининг оғир қолдиқ тўкувчи чилангари Муҳаммадали Мамасолиев. – Оғир қолдиқни тўкишда ҳар бир тўкилаётган маиший газ баллони аввал тарозидан ўтказилади, оғир қолдиқдан бўшатилгач, яна тортилиб, сўнгра махсус китобга қайд этиб борилади”.

Ўтган йил давомида “Асака” газ тўлдириш шохобчасида 432 минг 665 дона маиший газ баллонларидан 22.34 тонна оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлиб, шундан 21.57 тоннаси утилизация қилинган.  “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасида 2021 йилда 793 минг 842 дона баллондан 43.18 тонна оғир қолдиқ тўкилганини кўрсатмоқда. “Шаҳрихон” ГТШда эса ўтган йил давомида 480 мингга яқин маиший газ баллонга суюлтирилган газ тўлдирилди. Шундан 464 минг 879 донасида оғир қолдиқлар борлиги аниқланган. Тўкилган қолдиқ миқдори 33.4 тоннани ташкил этиб, шундан 31.36 тоннасини утилизация қилишга эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали “Ширин газ сервис” ва “Пойтуғ” газ тўлдириш станциялари хизматидан фойдаланади ва у ерда ҳам ҳар бир маиший газ баллондан оғир қолдиқ тўкилиши назоратга олинган.  Ўтган 2021 йилда вилоят бўйича 3 миллион 431 мингдан ортиқ маиший газ баллонлардан оғир қолдиқ тўкиб олинган бўлса, жорий йилнинг 1-чорагида 1 миллион 154 минг 692 дона баллон оғир қолдиқдан бўшатилган.

“Тўкиб олинган оғир қолдиқлар биржа орқали савдога қўйилиб, самарали фойдаланилмоқда, – дея маълумот берди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг суюлтирилган газ бўйича ўринбосари Зафарбек Қаҳҳоров. – Натижа эса газ тўлдириш шохобчаларини янада мукаммаллаштириш, ишчи-ходимларга шароит яратишга йўналтирилган...”

Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовдан ўтказилади. Ҳозирда, ҳар бир ГТШ қошида махсус синов цехлари мавжуд бўлиб, ўтган йилда 16 894 дона маиший газ баллонлари синовдан ўтказилган. 2022 йил 1-чорагида эса мутахассислар томонидан 6 мингдан ортиқ маиший газ баллонлари синалди.

– Синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 кг босим остида 7–10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллон ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовдан ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширяпмиз, – дея ўртоқлашди “Асака” ГТШнинг синовчи мутахассиси Ҳаётбек Тожибаев.

Шу ўринда истеъмолчиларга алоҳида таъкидлашни истардикки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Оғир қолдиқни тўкманг ва ҳаётингизни хавф остига қўйманг.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид