Жаҳон | 15:09 / 19.05.2022
20884
8 дақиқада ўқилади

Сулолавий бошқарувдаги амирликлар: БААда расман учинчи президент даврига ўтилди

Бирлашган Араб Амирликлари президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён вафоти муносабати билан 40га яқин давлат ва ҳукумат раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мотам маросимига ташриф буюрди.

Абу-Дабидаги дафн маросими / Фото: БАА Президент ишлари вазирлиги / Reuters

Марҳум президент ўрнини унинг укаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён эгаллади. У 2014 йил январида шайх Халифа инсултни бошидан кечирганидан буён де-факто Аби Даби амирига айланган, мамлакат сиёсатининг деярли барча жабҳаларини назорат қилиб келаётган эди.

Бирлашган Араб Амирликлари кўп жиҳатдан ноёб давлат ҳисобланади. Қатор шаҳарлари “саҳродаги мўъжиза” дея таърифланадиган, қисқа вақтда дунёнинг савдо-иқтисодий ва маданий марказларидан бирига айлана олган БАА давлат бошқарувининг энг қадимий усулини қўллаб келади. Яъни мамлакатнинг амирликлари ҳам, умумий бошқаруви ҳам монархия шаклида.

Кичик давлат ичидаги 7 митти давлат

БАА амирлари. 2022 йил, май / Фото: БАА Президент ишлари вазирлиги

БАА – ҳар бири алоҳида монархия бошқарувидаги митти давлат шаклида яшовчи, аммо умум бир байроқ остида бирлашган 7 амирликдан иборат ва бу мамлакат ягона президент бошқарувига бўйсунади. Бирлашган Араб Амирликлари деганда кўпчилик кўз ўнгига Дубай шаҳри келади, бу шаҳарни мамлакат пойтахти деб ўйлайдиганлар ҳам талайгина. Шунингдек, Дубай амири Муҳаммад бин Рошид Ол Мактумни БАА олий раҳбари деб билувчилар ҳам анчагина.

Лекин Дубай амирликларнинг энг йирик шаҳри бўлгани ҳолда, асосий амирлиги эмас. Ол Мактум Дубай амири, мудофаа вазири, БАА бош вазири бўлган ва халифа вафоти чоғида маълум муддат БАА президенти вазифасини бажарган бўлса-да, мамлакат раҳбари эмас.

Кўпчиликда савол туғилади – нега бундай? Гап шундаки, Дубай эртаклар шаҳри бўлгани билан мамлакатнинг энг йирик амирлиги, шунингдек табиий бойликларга энг бой, нефть ва газнинг 80 фоизини қамраган ҳудуди Абу Даби амирлиги ҳисобланади ва бу амирлик 250 йилдан ортиқ вақтдан буён Наҳаёнлар сулоласи томонидан бошқарилиб келинади.

Наҳаёнлар сулоласи

Халифанинг ўлими муносабати билан Абу Даби шаҳрига ташриф буюрган президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари янги президенти Муҳаммад ибн Зоид Ол Наҳаён, ташқи ишлар вазири Абдулла ибн Зоид Ол Наҳаён ҳамда бош вазир ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Мансур ибн Зоид Ол Наҳаён билан учрашиб, уларга таъзия билдирди.

Наҳаён фамилияси бот-бот такрорланишига ҳайрон бўлманг. Булар – бу номдаги етакчи амалдорларнинг ҳаммаси эмас ва уларнинг бари – марҳум халифанинг укалари ё ўғиллари.

Бу сулола мамлакат Британиядан мустақилликка эришганидан буён расман тахт тепасида ва монархия шакли ҳамон самарали бўлиши мумкинлигини амалда исботлаб келишмоқда.

1971 йилда 6 амирлик Бирлашган Араб Амирликлари давлатини тузишади ва 1972 йилда охирги еттинчи амирлик – Рас ал-Ҳайм қўшилади ҳамда мамлакат бугунги шаклга келади. Айнан мана шу йилларда нефт нархи кескин кўтарилиб, балиқчилик, маржон савдоси билан шуғулланиб юрган давлат даромади бирданига ошиб кетади.

БААнинг биринчи ва иккинчи президентлари: Зоид бин Султон Ол Наҳаён ва Халифа бин Зоид Ол Наҳаён
Фото: Ал-Иттиҳод

Мамлакатга асос солинган даврдан бошлаб “катта оға ҳурмати” тамойилига амал қилинади ва энг йирик, энг бой амирлик бўлган Абу Даби амири мамлакат президенти ҳамда халифа мақомини олади.

Амирликка асос солинганда Зоид бин Султон Ол Наҳаён мамлакат бошқарувини қўлга олади ва 2004 йилгача, яъни вафотига қадар президентлик қилади. Марҳум Халифа бин Зоид Ол Наҳаён унинг ўғли эди ва 2004 йилдан 2022 йилга қадар тахтда ўтирди.

Амирликлар ўртасидаги муносабат

Кўпчиликни бир савол қизиқтиради – амирликлар амалда мустақил бўлса, умумий байроқ остида бирлашиш ва ваколатлар, табиий бойликлар тақсимотида зиддият келиб чиқмайдими? Бу давлат етакчилари ҳар қандай келишмовчиликлар фақат зарар келтириб чиқаришини, дўстона муносабатлар, тенг ҳуқуқлилик тараққиётга хизмат қилишини аллақачон англаб етишган.

Яна кўпчилик нефтдан ёғилган пулларгина бу мамлакат тараққиёти ва фаровонлигига асос бўлган, бу даромаддан айрилиш парчаланишга олиб келади, деб фикр билдирган. Аммо устомон амирлар табиий бойликлар сиртомоғидан чиқиб кетишни уддалай олишди. 1980 йилда нефтдан тушадиган даромад ялпи ички маҳсулотнинг деярли 60 фоизини ташкил қилган бўлса, 1995 йилга келиб бу кўрсаткич 40 фоизга тушади.

БАА асосчиси Шайх Зоид Абу-Дабида ўзининг номи билан аталувчи йирик масжид лойиҳасини ўғиллари Шайх Халифа ва Шайх Султон билан муҳокама қилмоқда.
Фото: Ал-Иттиҳод

Кейинги ўн йилликларда нефт нархи кескин ошиши ҳисобига бу рақамлар яна кўтарилган бўлса-да, иқтисодиётни жадал диверсификация қилиш ортидан БААда, хусусан Дубай амирлигида туризм ва қурилиш ҳажми кескин ошади.

Мамлакатга ақл бовар қилмас маблағ оқиб келаётганини қуйидаги рақамларда ҳам сезса бўлади – 2018 йилдаёқ БААда амалга оширилаётган қурилиш лойиҳаларининг қиймати 350 млрд долларга етган.

Иқтисодий ўсиш БАА демографиясига ҳам таъсир қилмай қолмаган. Амирликларга саёҳатга борганлар баъзан маҳаллий арабларни бир неча кунлаб учратмасликлари ҳам мумкин. Гап шундаки, бу давлатда турли мақомда яшовчи умумий 10,2 млн аҳолининг ўртача 85 фоизи (баъзан бу рақам 88 фоиздан ҳам ортади) муҳожирлардир. Маҳаллий баъдавийлар ва мамлакат фуқаролари тахминан 15 фоиздан иборат. Бундан ташқари, ҳар йили мамлакатга 16-17 млн атрофида сайёҳ ташриф буюради.

Наҳаён ва Мактум

БАА вице-президенти, Дубай амири Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ва БААнинг иккинчи президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён
Фото: Emirates News Agency

Яна кўпчиликни икки қудратли инсон – Дубай амири Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум ва марҳум Халифа бин Зоид Ол Наҳаён муносабатлари қизиқтиради. Ол Мактумнинг марҳум халифага ҳурмати кўп жиҳатларда намоён бўлган. Уларнинг энг ёрқини нафақат Дубайнинг, балки бутун БААнинг ташриф қоғозига айланган “Халифа Буржи”нинг очилишида кузатилган.

Лойиҳа даврида ҳам, қурилиш жараёнида ҳам дунёнинг энг баланд минораси “Дубай Буржи” номида эди. Аммо 2010 йилнинг 4 январидаги очилиш маросимида Ол Мактум минорани “Халифа Буржи” деб номлаган ҳамда ўз нутқида: “Бу минора бундан буён ва ҳамиша “Халифа” номи билан аталади”деганди. Бу Халифанинг 62 ёшига ўзига хос совға сифатида тақдим этилган.

Шунингдек, Дубай амирини мамлакатдаги энг бадавлат одам деб ўйлаш ҳам тўғри эмас. Forbes 2011 йилда унинг бойлигини 4 млрд долларга, БАА халифасининг бойлигини эса 15 млрд долларга баҳолаган. Forbes, шунингдек, 2009 йилда Халифа Наҳаён оиласининг умумий бойлиги 150 млрд доллар атрофида эканини хабар қилган. 2021 йилдаги халқаро журналистик суриштирувлар эса Ол Мактумнинг бойлиги 14 млрд доллар атрофида деган хулосага келган.

БААнинг учинчи президенти Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён
Фото: Andy Rain / Bloomberg

Халифанинг вафоти амалда кўп нарсани ўзгартирмайди. Чунки, юқорида айтилганидек, унинг ўрнини ким эгаллаши аввалдан маълум бўлган ва унинг укаси Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён шундоқ ҳам кўп йиллардан буён бемор акаси берган ваколатларга кўра давлатни бошқариб келаётган эди.

Аброр Зоҳидов

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид